Рамазон ойидан имкон қадар кўпроқ фойда олиш учун нима қилиш керак:
- Иложи борича кўпроқ Қуръон ўқиш. Бунда унинг маъноларини тушуниш ва оятларнинг мазмуни ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритишга эътибор бериш лозим.
- Нафл намозларини ўқиш.
- Қуйидаги саволлар ҳақида чуқур фикр юритиб кўриш: “мен кимман?”, “қаердан келдим ва қаерга кетмоқдаман?”, “мендан Аллоҳ Таоло нимани хоҳлайди ва менинг Унинг олдидаги мажбуриятларим қандай?”
- Ўтмишга назар солиш, бўлиб ўтганларга баҳо бериш, ҳозирги аҳволига назар солиб, келажак ҳақида ўйлаб кўриш.
- Илгари қилинган гуноҳларга пушаймон бўлган ҳолда, ҳар кечани охирги имконият санаб, дуо қилиш билан ўтказиш.
- Имкон қадар кўп зикр қилиш.
- Кимнидир ҳафа қилиб қўйган бўлса, ўша инсондан узр сўраш ва у билан ярашиш.
- Аразлашиб қолганларни муросага келтириш, ғам – андуҳдагиларга таскин бериш.
- Бева – бечора ва муҳтожларга садақа бериш, етим – есирлар ва хасталарнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, қўлган келган ёрдамини аямаслик.
- Яқинлар ва қавму – қариндошлардан ҳол – аҳвол сўраш, уларни йўқлаш ва керакли масалаларда кўмаклашиш.
- Диний йиғинларда ва динга оид жамоат тадбирларида иштирок этиш.
- Фарз намозларни жамоат билан бирга адо қилишга ҳаракат қилиш.
- Марҳумларнинг қабрини зиёрат қилиш.
Албатта бу амаллар фақатгина Рамазонда бажарилиши керак, деган фикрдан йироқмиз. Лекин улар учун бу ойда жуда кўплаб ажру – савобларга эга бўлиш имкони мавжуд. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўза қалқондир. (Рўзадор) фахш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчиёки сўкишмоқчи бўлса, икки марта “Мен рўзадорман”, десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳ Таолонинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир”.
(Аллоҳ Таоло айтади:) “(Бандам) таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мени деб тарк қилади. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини ўзим бераман. Бир яхшиликка унинг ўн баробари бор”. (Саҳихул Бухорий, 2-жилд, 1894-ҳадис)
Бекобод тумани бош имом-хатиби
Рисбоев Анвар

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги