14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Инсон қаерда дунёга келган бўлса, ўша ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан қимматли маскандир.
Ҳа, Ватанни кўз қорачиғидек асраш, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир мард ва жасур йигитнинг, ўғлоннинг бурчидир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида: «Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия – бир тану бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак.
Ғайрат-шижоатда тенгсиз бўлган ҳарбийларимиз ёвлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган қўрқмас ва ўтюрак аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиб, улардан ибрат ва сабоқ олиб, Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этадилар, деб ишонаман», дея таъкидладилар.
Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало, у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган Ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча кундуз душмандан қўриқлаб чиқиш бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳукамолар айтганлар: “Ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли-қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она-Ватани ҳамда ўзи эътиқод қилиб келаётган муқаддас дини”.
Яна бундай дейилган: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага кетаётганларида ортларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур этмаганида, ҳеч қачон ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлардим”, деганлар.
Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан Ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса ҳаётнинг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам Ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни юртидан қувиб чиқарган. Ўз Ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва таҳқир бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир.
Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она-Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида фидойи бўлган кишиларга буюк мақомлар берилиши таъкидланган.
Ватан фидойиларига олий мақомлар берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун жондек азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишни мақсад қилган. Акс ҳолда унинг шаъни ва ғурури топталади.
Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни Ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.
Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги