Жория ҳадиси хақида турли ихтилофлар бор. Баъзилар бу Хадисни далил қилишиб «Аллоҳ осмонда» дейишади. Баъзи уламолар эса бу ҳадис ақида бобида ҳужжат бўла олмаслиги, унга бошқа мутавотир ҳадис муораза бўлишини айтишади. Демак, мавзуимиз ушбу ҳадис хақидаги ҳақиқатлар баёнидир.
Жория ҳадиси ва у ҳақида келтирилган тўрт ривоят музтарибдир. (Изтиробли, заиф). Бу хадислардан Аллоҳ осмонни макон тутгани қасд этилмаган.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай айтади:
«Ҳадисдаги «Айналлоҳ» , «Аллоҳ қаерда» қавли макон ҳақида эмас, балки маконат (қадр, шаън) ҳақидаги саволдир. Бунинг маъноси эса «Аллоҳнинг улуғлиги ҳақидаги эътиқодинг қандай?» дегани бўлади.
«Фиссамаа», «Осмонда» қавли эса «У Зотнинг маконати, шаъни ўта баланддир» деган маънодадир. Мазкур ҳадис ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу жория (чўри)дан макон, жой ҳақида сўрадилар ва жория у зотга жавобда «Аллоҳ осмонда» дея маконни қасд этди, дея эътиқод қилиш ножоиздир».
Жория хақидаги ҳадис тўртта бўлиб, ихтилофли, турли туман лафзлар билан ривоят қилинган:
- «Аллоҳ қаерда?», дея сўралганида «Осмонда», деган жавоб лафзлари билан. (Муслим ривояти).
- «Роббинг ким?», деб сўралганида «Аллоҳ», дея жавоб лафзлари билан.
(Байҳақий ривояти). - «Аллоҳ қаерда?», деб сўралганида осмонга ишора қилган. Яъни сақов бўлган. (Абу Довуд ривояти).
- «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ дея гувоҳлик берасанми!» дейилганида «Ҳа», деб жавоб берилган лафзлар билан. (Молик ривояти).
Мана шу ривоят энг қувватлироғидир.
Ушбу ҳадис ихтилофли, турлича тўрт ҳил лафзлар билан ривоят қилинган бўлиб, мазкур тўрт ҳадислар ўртасини жам қилиш, битта умумий маъно чиқариш имконсиз. Ушбу сабабли бу ҳадис изтиробли маънодаги музтариб ҳадис бўлади.
Изтиробнинг маъноси: Ҳадисни бир неча ҳил лафзлар ила ривоят қилинади ва уларнинг ўртасини жамлаш имконсиз бўлади.
Мусталаҳул ҳадис (ҳадис истилоҳлари) уламолари «Изтироб заифлик учун иллат (сабаб)дир, деб айтишган. (Яъни хукман заиф бўлади).
Уламолар мазкур ҳадислардаги усул қоидасига мувофиқ келадигани «гувоҳлик берасанми?», лафзи билан ривоят қилинган Молик ривояти деб айтишган.
Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жорияга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ дея гувоҳлик берасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. «Мени Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасанми?,» дедилар. У: «Ҳа», деди.
Имом Молик ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиснинг ровийлари саҳиҳ ровийларидир. Ибн Жоруд ривоятида бундай лафзлар билан келтирилган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги жорияга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ дея гувоҳлик берасанми?», дедилар.
У: «Ҳа», деди.
«Менинг Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасанми?», дедилар.
У: «Ҳа», деди.
«Ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонасанми?», дедилар.
У: «Ҳа», деди.
Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни озод қилавер, у мўминадир», деб айтдилар. Бу саҳиҳ ривоят.
Имом ибн Ҳиббон ўзининг саҳиҳида Шурайд ибн Сувайд Сақафийдан қуйидагича ривоят қилган:
«Эй Аллоҳнинг Расули онам ўзининг номидан бир қул озод қилишни васият қилган эди. Менинг эса мана шу қора танли чўрим бор», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни чақир», дедилар.
Жория келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жориядан: «Роббинг ким», деб сўрадилар.
Жория: «Аллоҳ», деди.
«Мен кимман?», деб сўрадилар.
«Сиз Аллоҳнинг Расулисиз», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни озод қилавер, у мўминадир», деб айтдилар.
Шунингдек, ушбу ҳадисни имом Насоий ҳам «Суғро» ва «Кубро»сида, имом Аҳмад «Муснад»ида, имом Тобароний ва Байҳақий ўзи китобларида мазкур лафзлар ила ривоят қилишган. Ибн Хузайма «Китобут Тавҳид» номли китобида Зиёд ибн Рабиъдан, у Амр ибн Абу Саламадан, у эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Баъзи уламолар мазкур ҳадис ҳақида бундай дейишган: Ушбу ҳадиснинг зоҳири, яъни, жориянинг «Аллоҳ осмонда» дегани сабабли уни исломи ва иймони ила ҳукм берилиши бошқа мутавотир ҳадисга хилофдир. Мутавотир ҳадис ёлғон бўлиши имконсиз бўлган ва ундан ақида масаласида ҳужжат олиш мумкин бўлган саҳиҳ ҳадисдир. Ушбу мутавотир ҳадисни ўн беш саҳобий ривоят қилган. Яъни, ҳадис ўта ишончли, мутавотир. Жория ҳадисига қарши келган мазкур ҳадис қуйидагичадир:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар ила то улар «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб гувоҳлик бермагунларича уришмоқликка амр қилиндим».
Бухорий ривояти.
Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлишни истаган кишини икки шаҳодат калимасини айтиши ила мусулмон бўлишига ҳукм қилганлар. Зотан, шариат усулида бир кишининг «Аллоҳ осмон» да деб айтиши унинг исломи ва иймони учун ҳукм бўлмайди. Яъни, мусулмон бўлишни истаган киши «Аллоҳ осмон» да дейиш билан эмас, шаҳодат калималарини айтиш билан Исломга киради. Зеро, «Аллоҳ осмон» да деган қавл яҳудий ва насронийлар ўртасида муштаракдир. Яъни, яҳудий ва насронийлар ўзларининг худосини осмонда дея эътиқод қилишади.
Шариатдаги асл ҳақиқат имом Моликнинг ривоятидаги: «гувоҳлик берасанми?», лафзи усулига мувофиқдир. Яъни, шариат аҳомида бир инсоннинг мўмин бўлиши учун калимаи тоййиба ва шаҳодатни айтиши шарт. Аммо бирон бир ўринда бир инсоннинг исломни қабул қилиши, мўмин бўлиши учун «Аллоҳни осмон» да дейиши шарт қилинмаган. Демак, гувоҳлик сўралган ҳадис шариат усулига мувофиқдир. Ушбу сабабли ҳофиз Абу Бакр Байҳақий ва бошқа муҳаддислар осмонда лафзи ила келтирилган жория ҳадисини изтиробли дея ҳукм этишган. Ва бу изтиробли ҳадис заиф ҳадислардан дея эътибор қилинадики, ақида илмида заиф ҳадисга эҳтиёж бўлмайди ва ақида илмида заиф ҳадис ҳужжат ҳисобланмайди.
Шунингдек, имом Муслим жория ҳадисини ривоят қилган, аммо ҳеч қачон усул ва ақоид ҳақидаги бобда келтирмаган. Лекин, баъзи уламолар имом Муслим бу кўринишдаги ривоятини бундай таъвил қилишган: «Айналлоҳ», «Аллоҳ қаерда», қавлининг маъноси Аллоҳни улуғлаш ҳақидаги саволдир. Фиссамо яъни осмонда қавли эса Аллоҳнинг жуда ҳам олий қадар эканидир.
Яъни, бу ўриндаги савол Аллоҳга макон иснод қилиш эмас, Аллоҳнинг маконат, қадрини баланд этиш ва жавоб эса ўша маконат ва қадрни ўта олий экани ҳақидадир.
ХУЛОСА:
- Мусулмон бўлмаган кимса Исломга кирмоқчи бўлса унга ҳеч қачон «Аллоҳ қаерда?», деган савол берилмайди. Унга «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», дейиш шарт бўлади.
Бунга оят ва ҳадислар бор. - Мусулмон кимса доимий тарзда Аллоҳни зикр қилиб бериши лозим. Бу оят ва ҳадисларда собит бўлган. Бу зикрлар турфача келтирилган бўлиб энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Бирон зикр ҳақидаги китобда «Аллоҳ осмонда» дейиш келтирилмаган.
- Қабрдаги инсондан Роббинг ким дея сўралади ва у Аллоҳ дея жавоб берса кейинги ҳолати иймонли лар сафида бўлади.
Бунга ҳам оят ва ҳадислар келтирилган.
Аммо қабрда бирон инсондан Аллоҳ қаерда дея сўралмайди.
Эътибор қилсак инсонни иймон келтириши, ўлим онлари, қабрдаги ҳаёти ва ўлимдан кейинги ҳолати «Ла илаҳа иллаллоҳ» га мутлақ боғлиқ бўлиб, «Аллоҳ осмонда» деган қавлига умуман боғлиқ эмас экан.
Мусулмонларнинг энг афзали бўлмиш саҳобалар ва уларнинг орасидаги жаннатийлик башорати берилган кибор саҳобалар ҳам бир бирларидан «Аллоҳ қаерда?» деб сўрашмаган.
«Аллоҳ қаерда?» деган сўровга салафи солиҳлардан бўлмиш имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Фиқҳул абсат китобида бундай жавоб берган:
وقال أبو حنيفة في كتاب الفقه الأبسط: [كان قبل المكان، كان ولم يكن أين ولا خلق وهو خالق كل شيء]. قال تعالى: {ليس كمثله شيء} [سورة الشورى]. الحديث: «كان الله ولم يكن شيء غيره» رواه البخاري.
У Зот маконлар яратилмасидан аввал ҳам бор эди. У Зот бор эди ва қаерда деган нарса йўқ эди. У Зот бор эди ва бирон халқ йўқ эди. У Зот барча нарсаларнинг Яратувчиси эди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У Зот ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир».
(Шўро, 11).
«Аллоҳ бор эди ва У Зотдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди».
Бухорий ривояти.
Суннатуллоҳ Абдулбосит

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги