فَهذا دِيْنُنا وَاعتِقَادُنا ظَاهِرًا وَبَاطِنًا وَنَحْنُ بُرءَاءُ إلَى اللهِ مِنْ كلِّ مَنْ خَالَفَ الذِي ذكَرْنَاهُ وَبَيَّنَّاهُ، وَنَسْأَلُ اللهَ تَعَالى أَنْ يُثَبِّتَنَا عَلَى الإِيمانِ وَيَخْتِمَ لَنَا بِهِ وَيَعْصِمَنَا مِنَ الأَهْوَاءِ المُخْتَلِفَةِ والآراءِ المُتَفَرقَةِ وَالمَذَاهِبِ الرَّدِيَّةِ مِثْلِ المُشَبهةِ والمُعتَزِلَةِ والجَهْمية وَالجَبْريَّةِ وَالقَدَريَّةِ وَغَيْرهِمْ مِنَ الذينَ خَالفُوا السُّنَّةَ وَالجَمَاعَةَ وَحَالفُوا الضَّلالَة، وَنَحْنُ مِنْهُمْ بَرَاءٌ، وَهُمْ عِندَنَا ضُلاّلٌ وَأَرْدِياءٌ وَبِاللهِ العِصْمَةُ وَالتَّوْفِيقُ.
Мана шулар зоҳир ва ботиндаги динимиз ва эътиқодимиздир. Биз юқорида зикр қилганларимиз ва баён этганларимизга хилоф қилганлардан безормиз. Аллоҳ таолодан бизни иймонда собит қилишини, охиримизни иймон ила бўлишини ва аҳли сунна ва жамоъага хилоф қилиб залолат тарафдори бўлган мушаббиҳа, мўътазила, жаҳмия, жабрия, қадария ва шу каби аҳли сунна ва жамоага терс бўлган тоифалар, турли қарашлар ва ҳар-хил ҳавои истаклардан Ўз паноҳида асрашини сўраймиз. Биз бундай фирқалардан безормиз ва улар бизнинг наздимизда залолатга кетган ва бузуқдирлар. Ёмонликлардан асраш ва яхшиликларга муваффақ қилиш Аллоҳдандир.
Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ инсоннинг эътиқоди иккиюзли бўлмаслигини қатъий айтмоқдалар. Мусулмон одам қалбидаги эътиқодини очиқ-ойдин ифода этиши зарур. Бунинг акси эса мунофиқликдир. Биз аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодимиз зоҳиру ботинда бирдир.
Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ мана шу жойга қадар баён этган ҳукмларининг ҳар бири Қуръони карим, Суннати мутаҳҳара ва мусулмонлар ижмоъси ила қувватлангани эътиборидан қатъий тарзда айтмоқдаларки:
Биз юқорида зикр қилганларимиз ва баён этганларимизга хилоф қилганлардан безормиз.
Аллоҳ таолодан бизни иймонда собит қилишини, охиримизни иймон ила бўлишини ва аҳли сунна ва жамоъага хилоф қилиб залолат тарафдори бўлган мушаббиҳа, мўътазила, жаҳмия, жабрия, қадария ва шу каби аҳли сунна ва жамоага терс бўлган тоифалар, турли қарашлар ва ҳар-хил ҳавои истаклардан Ўз паноҳида асрашини сўраймиз.
Аввало, иймонда собитқадамликни сўрадилар. Сўнгра дунё имтиҳонидаги хотимамиз ва охират сафаридаги ибтидоимиз ҳам иймон бўлишини сўрамоқдалар. Сўнгра дунёдан саломат қалб ва солиҳ амал ила чиқиш учун қалб ва амалларни фасод қилувчи нарсалардан муҳофаза қилишини сўрамоқдалар.
Аллоҳ таоло барчамизни Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳнинг дуоларидан насибадор қилсин: Ислом ва иймонда собитқадам, хотимамиз ҳам иймонла, қалб ва амалларни фасод қилувчи ҳавойи нафс ва адашган фикрлардан муҳофаза қилсин!

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги