Жорий йилнинг 17 июнь куни Тошкент вилоятининг бош имом хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ва Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев Бекобод шаҳри, Фарҳод маҳалласида жойлашган «Қорамозор» жоме масжидининг янги биносида тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этдилар. Маросим, Қуръони карим тиловати билан бошланиб, масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди. Ушбу масжид қурилиши шаҳар ҳокими, «Ўзметкомбинат» ва «Бекобод цемент» раҳбарлари ҳамда шаҳар аҳолисининг кўмагида ҳашар йўли билан амалга оширилмоқда. Масжид 1200 ўринга мўлжалланган бўлиб, қурилиш ишлари 2021йилнинг ёз ойида тугатилиши режалаштирилган. «Қорамозор» масжидининг эски биноси зиёратгоҳ бўлиб, у ерда масжид билан бирга сағана ҳам барпо этилмоқда.
Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайратлари билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар».
Шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!







ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги ахборот хизмати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги