Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / НИЯТ ЖУДА МУҲИМ

НИЯТ ЖУДА МУҲИМ

Ҳар бир банда чинакам маърифатга эришиши учун яхши ният орқали эзгу амалларни кўпайтириши лозим. Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ушбу ҳадис ҳақида: “Илмнинг учдан бири – шу ҳадисда”, деса, Имом Шофеъий: “Илмнинг ярми – шу ҳадисда”, деган. Имом Абу Довуд эса: “Бу – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардан”, дейди.

Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби мубоҳ амаллар ибодат ва касбу корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса, савоб бўлмайди.

– Киши ризқ ахтариб кўчага чиқишдан олдин “Аллоҳ таоло аҳли оилам нафақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман. Агар Аллоҳ таоло муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажараман, топган пулимдан муҳтожларга эҳсон қиламан” деб яхши ният қилса, унинг ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланади.

Бир киши ҳатто масжидда ўтирган бўлса ҳам, мақсади намозни кутиш бўлса, шунинг учун ҳам савоб олади. Дам олиш ниятида ўтирса, дам олиши мумкин, лекин савоб олмайди. Яна уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким тунда туриб намоз ўқишни ният қилиб, тўшагига ётса, аммо уйқу зўрлик қилиб бомдодда уйғонса, у кишига ният қилган амалининг савоби ёзилади ва уйқуси унга Аллоҳ таолонинг садақаси ҳисобланади” (Имом Насоий ривояти).

Ниятларга кўра савоблар ҳам қат-қат бўлади. Масалан, илм ўрганишдан мақсад “талаби илм – фарз” деган ниятда бўлса, унга алоҳида савоб бўлади. Толиби илм келажакда шу илм орқали ўзи ва ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган бўлса, унга ҳам савоб олади. Ҳайвонларни боқишда “динимиз ҳайвонларга меҳрибонлик кўрсатишга буюрган” деган ният бўлса, савоб. Чорва боқиш орқали пул топиб, оила таъминотини ният қилса, унга алоҳида савоб. Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланаверади. “Ислом – осон дин” дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларни ҳам ибодатга айлантириш жуда осон. Биргина ниятни тузатиш билан барча амаллар савобга айланиши мумкин.

Имом Жаъфар ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: “Ният – амалларнинг бошқарувчисидир. Агар ният тўғри бўлса, амал ҳам тўғри ва савобли бўлади. Агар ният бузуқ бўлса, амал ҳам бузуқ бўлади” (Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида келтирган).

Демак, мусулмон инсон шунчалар бахтлики, у ўз ҳаётининг ҳар дамини, ҳар бир амалини охиратига захира қила олишига имкон берилган. Мусулмоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа барча амаллари ибодатга айланиши мумкин.

Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]