Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МАШВАРАТДА МАНФААТ КЎП

МАШВАРАТДА МАНФААТ КЎП

Ҳар бир инсон хато қилиши мумкин. Лекин ўзаро маслаҳат ва машварат асосида иш тутадиган киши кам хато қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Улар Раббиларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар» (Шўро сураси, 38-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан кўра кўпроқ маслаҳатлашувчиларни кўрмадим”.

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Бирор киши маслаҳатлашишдан ҳалок бўлмади”, яъни, зарар кўрмади, дейди.

Бироқ маслаҳат муносиб киши томонидан берилсагина натижа муваффақиятли бўлади. Акс ҳолда кутилган мақсад ҳосил бўлиши қийин.

Искандар Зулқарнайнга устози насиҳат қилиб бундай деган: “Эй Искандар, маслаҳатлашадиган бўлсанг, ақлли ва доно кишиларни топиб маслаҳатлаш, олийҳиммат кишилардан ёрдам сўра, ҳар бир масалани шу масалани тушунадиган ва шу масалага дахли бор одамлар билан бирга ҳал қил, ҳиммати паст кишилардан ҳеч вақт яхшилик ҳосил бўлмайди!”

Олимлардан Аҳнаф ибн Қайс айтади: “Очнинг қорнини тўйдирмай, ташнанинг чанқоғини бостирмай, асир кишини озод қилмай, камбағалнинг ҳожатини чиқармай туриб, бирор иш юзасидан улар билан маслаҳату машварат қилма!”

Айниқса, диний масалалар хусусида илмсиз кимсалардан ёхуд эътироф этилмаган ишончсиз шахслардан маслаҳат сўраш тўғри йўлдан адашишга, турли бидъат-хурофотларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига олиб келади. Жаъфар Содиқ Суфён Саврий раҳимаҳумаллоҳга бундай насиҳат қилди: “Ишинг ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқадиган зотлар билан (яъни, илмига амал қилувчи етук уламолар билан) маслаҳатлаш”.

Шунинг учун бундай масалаларда Аллоҳ таолонинг: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан (яъни, илм аҳлларидан) сўранглар!” (Наҳл сураси, 43) оятига амал қилсак, дунёю охиратда муваффақиятга эришамиз, иншоаллоҳ.

Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]