Огоҳлик – давр талаби
Ислом – тинчлик дини. Динимиз инсонларни турли фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Экстремизим, терроризм каби маъсум инсонларнинг ёстиғини қуритадиган иллатлар тинчликпарвар динимизга мутлақо бегонадир. Аммо динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб бораётган экстремистик ва террорчи оқимларнинг ғаразли фаолияти ислом дини ва мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг юзага келишига омил бўлмоқда.
“Салафий” номи остида интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларнинг онгини заҳарлашга уринаётган кимсалар “ҳижрат”, “жиҳод” деган сўзларни нотўғри талқин қилиб, ўзларининг манфаатлари йўлида ишлатмоқдалар.
Ислом таълимотига мувофиқ, Ислом диёри бўлган, яъни, аҳолисининг 90 фоизидан зиёди мусулмон бўлган, мўминлар ўз эътиқодларига тўла-тўкис амал қиладиган, фуқаролари хотиржам ҳаёт кечираётган Ўзбекистон каби мамлакатда “жиҳод” ва “ҳижрат” қилинмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…” деганлар(Имом Бухорий ривояти).
“Жидду жаҳд”, яъни мақсадга эришиш йўлида бор имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилиш деган маънони англатадиган сўзни бузиб талқин қилиш айнан дин душманларининг ишидир. Ҳадисда айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда унга: “Ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар».
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг наздида жиҳоднинг афзали ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деб таъкидлаганлар.
Жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги алоҳида таъкидланган бўлса-да, радикал оқимларнинг тарғиботчилари доим ёшлар онгида “жиҳод” қуролли кураш деган тушунчани шакллантиришга ҳаракат қилади.
Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи Ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларида жиҳод боби борлиги ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи экани баён этилган.
Имом Нававий “ал-Манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” асарида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “…яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган.
Имом Дирдийр “Ақроб ал-Масалик” номли асарининг “Жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган.
Ислом оламининг етук олимлари томонидан бугунги кунда мусулмонлар эмин-эркин яшаётган мамлакатлар ислом диёри экани нуқтаи назаридан, “жиҳод” бу – ўша давлатларнинг мудофааси бўлиши лозимлиги, ушбу мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқараётганлар эса фитна қилаётгани таъкидланмоқда.
Афсуски, манфур кимсалар ўз қилмишларини муқаддас Ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки халифалик қуришга қаратилган амаллар, дея ўзларини оқламоқчи бўладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, Ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ бундай йўл тутмадилар. Аксинча, янги пайдо бўлган мусулмон жамиятини ҳимоя қилиш учун ҳамда юртга бостириб кириши муқаррар бўлган душмангагина уруш эълон қилганлар.
Сохта салафийларнинг жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб аташлари диндаги катта бузғунчиликдир. Агар улар назарда тутгандек, жиҳод исломнинг олтинчи аркони бўлганида эди, ўн тўрт аср илгари Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмонларни беш рукнга эмас, балки олти рукнга амал қилишга буюрган бўлардилар.
Бугун дунёни кузатсангиз жуда кўп фитналар, ихтилофларни кўрасиз. Бундай вазиятда мусулмон киши яна Набавий таълимотга оғишмай амал қилиши керак. Зеро, ҳадиси шарифда: «Сизлардан ким мендан кейин яшаса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Менинг суннатим ва мендан кейинги ҳидоят топган рошид халифалар суннати сизларга шарт бўлади. Уларни қаттиқ тутингиз ва озиқ тишлар билан тишлангиз. Шариатда янги пайдо қилинган нарсалардан сақланингиз. Зеро, (шариатда) ҳар бир янги пайдо қилинган нарса – бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир«, дейилган.
Хуллас, Ислом жангу жадал дини эмас, балки ўз номига кўра тинчлик динидир. Исломда амалга ошириладиган ҳар қандай жиҳод – яъни саъй-ҳаракат фақатгина тинч-тотув яшаш, тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиши лозим. Экстремизм, терроризим, қотиллик, худкушлик ҳеч қачон Ислом билан ёнма-ён бўла олмайди.
Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом–хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги