Баҳорнинг сўнгги ойи, дехқонлар тили билан айтганда, “илик узилди” ойларининг сўнгги кунлари. Кимдир мағзини, кимдир қоқисини, кимдир кузда бўрдоқига боғлаган молини, кимдир яна нимасини сотиб, пишиқчиликка илиниш ҳаракатида…
Абдуллоҳ ака ҳам “илик узилди”да сотиб пишиқчиликка илиниб олиш ниятида кузда иккита қўйни бўрдоқига ташлаб қўйганди. Қўйлар семирган, шанба куни пешиндан кейин жониворларни молбозорга олиб бориш ниятида хаёл сурди. Қўйларнинг янада кўркам кўриниши учун туллаган, сарғайган юнгини олиш ниятида жун қайчини қидира бошлади. Қўйлар семизлигидан ёғлари юнгига ҳам чиқиб кетган эди. Шу аснода қўшнисининг йиғи аралаш чақириғини эшитди. Чиқиб қараса, қўшнининг 5 ёшли ўғилчаси сўридан йиқилиб беҳуш ётибди. Қўшни эркак далада, болалари ишда бўлгани боис Абдуллоҳ ака машинасини ўт олдириб шошганча болани шифохонага олиб кетди.
Боланинг аҳволи яхши эмасди. Бош чайқалган, бир оёғи синган, бир қўли шикастланган эди. Шифохонада югур-югур билан бир зумда қоронғи тушди. Абдуллоҳ ака табиатан болажон бўлгани боис кўнгли хотиржам бўлмагунича қўшниларни ёлғиз ташлаб кетолмади. Аслида Абдуллоҳ аканинг уйида ҳам ҳеч ким йўқ эди. Оиласи бу мавсумдаги дехқончилик ишлари бошлагани учун далага кўчиб кетган эди. Оиласидан ҳар куни бир вакил келиб, чироқларни ёқиб, қўйларга қараб, уйдан хабар олиб, эрталаб яна далага кетарди.
Ўша куни шу воқеа содир бўлгани туфайли Абдуллоҳ аканинг уй, ҳовли чироқлари ёқилмади. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, яхши инсонлар яшайдиган маҳаллалар ҳам ёмон инсонлардан холи бўлмас экан. Кечқурун бекорчиликдан кўча бошида ўтирган икки боланинг кўзи қоп-қоронғи уйга тушиб ниятлари бузилди. Анча вақт ўтганда ҳам уйга биров келмаганини билишгач, ўзаро маслаҳатлашиб, Абдуллоҳ аканинг уйига кириб, қўйларни ўғирлаб эрта саҳар бозорга обориб сотишни режалаштирди.
Икковлон уйга ўғирликка тушишди. Аста-секин қўйларни арқонга боғлаб, қўшни маҳалла томонга ҳайдаб кўздан ғойиб бўлди. Қарашса, қўйларнинг жунги туллаб, тўкилиб ётибди. Ўзаро маслаҳатлашиб, қўйнинг жунини олишга қарор қилди. Биринчидан, жуни олиниб чўмилтирилса, кўркли бўлиб харидор ёпишади. Иккинчидан, қўйнинг бироз бўлса-да қиёфаси ўзгаради. Хуллас, тонг саҳарга қадар иккала қўйнинг жунини олиб, шампун билан чиройли қилиб чўмилтирб бозорга етаклашди. Абдуллоҳ ака қўшни боланинг оёғини гипс қилдириб, бироз хотиржам бўлиб, болани шифохонада қолдириб, уйига қайтди.
Тун яримдан оққан эди. Машинасини гаражга қўйиб, ҳовлига кираркан, қўйлари эсига тушди. Бозорга тайёрлай олмаганидан афсусланиб, уларга хашак бериш мақсадида қўйхонага борди. Не кўз билан кўрсинки, қўрада қўйлар йўқ. Ҳаммасини бир зумда тушуниб етди. Бироз нафасини ростлаб, у ёқ-бу ёқни қарагандан сўнг молбозор томонга кетди. Бозорга кириб, қўйлар сотиладиган жойга қараб юрди. Кўзи қўй бозордаги қўйларда. Синчковлик билан қўйларини қарарди. Кутилмаганда кўзи шоша-пиша одамлар орасига югириб кетаётган икки йигитга тушди. Ниманидир тушунгандек бўлиб тез-тез юриб йигитлар турган жойга бориб не кўз билан кўрсинки, жунлари олинган, чиройли қилиб чўмилтирилган икки қўйи турибди. Қўйнинг тепасидаги одамлар харидорлар экан.
Абдуллоҳ ака ҳеч нарса билмагандек қўйларни бошвоғидан ушлади. Харидорлар савдо қилиш учун Абдуллоҳ аканинг қўлидан ушлашди. Ўша куни бозорда семиз қўйлар камлиги учун қўй ўйлаганидан ҳам қимматроқ нархга сотилди. Абдуллоҳ ака хурсанд, худди туш кўраётгандек эди. Шунда хаёлига бу иш қўшнимга қилган яхшилиғим учун мукофот бўлса керак, деган ўй келди…
Миршавкат МУЗАФФАР,
Паркент тумани бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги