Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Фазилатли ой яқинлашмоқда

Фазилатли ой яқинлашмоқда

Рамазон улуғ ва фазилатли ой бўлиб, бошқа ойлардан ажралиб туради. Ушбу фазилатли ой яқинлашмоқда. Бу улуғ ойни ғанимат билиб, ундан фойдаланиб қолишга тайёрмизми?

Қуйида Рамазоннинг фазилатлари баён этилади.

1. Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган.

  “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).

Бошқа оятда бундай дейилган:

“Албатта, Биз у (Қуръон) ни Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси, 1-оят).

2. Бу ойда рўза тутиш фарз қилинди.

“Эй иймон келтирганлар, сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Ушбу суранинг давомида бундай дейилган: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…” (Бақара сураси, 185-оят).

Бу ойда рўза тутиш фарз бўлгани эътиборидан бу ой бошқа ойлардан фазилатли бўлди. Зеро, инсон рўза тутиш сабабли тақво, сабр, улкан ажрлар каби жуда кўп яхшиликларга эришади.

3. Бу ойда мингта ойдан яхшироқ бўлган Қадр кечаси бор. Бу кеча сабабли инсоннинг барча гуноҳлари мағфират қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Демак, Қадр кечасининг фазилати сабабли бу ой ҳам бошқа ойлардан афзал бўлди.

4. Рамазон ойида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Рамазон (ойи) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, сизларга Рамазон, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади ва унда жаҳаннам эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум қилинса, батаҳқиҳ (барча яхшиликлардан) маҳрум қилинибди”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

5. Рўзадорлар учун жаннатга кириш учун алоҳида эшиклар бўлади.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатда бир эшик бор. У “Раййон” дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани? » дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким кирмайди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  6. Рўза ва Қуръон қиёмат куни соҳибини шафоат қилади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй, Раббим, мен унга кундуз куни таом ва шаҳватларни ман қилдим, унга менинг шафоатимни қабул қилгин”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечаси уйқудан ман қилдим, унга шафоатимни қабул қилгин”, дейди. У зот: “Уларнинг шафоатлари қабул қилинади”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

7. Бу ой Қуръони карим кўп тиловат қилинади, хатм қилинади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг кўп сахийликлари Рамазон ойида бўлар эди, чунки Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойида то у чиқиб кетгунича ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам билан учрашар, у зот унга Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, у зот эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

8. Рамазон рўзаси сабабли тақводорлик зиёда бўлади.

“Эй иймон келтирганлар, сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).

9. Бу ойда гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қадр кечасида иймон билан, савоб умидида (ибодат билан) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

10. Бу ойда ифторлик ва ифтор пайтидаги дуоларнинг ижобати бор.

Ифторлик пайтида қилинган дуолар ижобат бўлади. Набий алайҳиссалом ифтор пайтида дуо қилганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғзини очсалар: “Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, бу ой жуда ҳам фазилатли ойдир. Шундай экан, бу ойни интизорлик билан кутайлик. Бу ойда гуноҳларимиздан покланиб, даражаларимизни юқори қилиб олайлик.

Шокиржон МАДАМИНОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]