Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Етимни хўрламанг, акс ҳолда…

Етимни хўрламанг, акс ҳолда…

Бир қадрдонимиз айтиб берди. «Катта ўғлимдан кўрган набирамга совчи келди. Куёвнинг ҳамма жиҳати бизга ёқди. Лекин унинг отаси йўқлигини эшитиб, аввало, ота тарбиясини олмаган боланинг хулқи қандай бўларкин, қолаверса, отанинг ҳайбати сезилиб турмаган хонадонда эртага бош йўқ, муаммолар чиқмасмикин, деган ўй-хаёлда совчиларга рад жавобини бердим.

Кўндиришга кўп ҳаракат қилишди, кўпчилик аралашди, кўнмадим. Охири умид узиб, ранжиб кетишди. Ҳали ўртадаги гаплар совумасдан бир неча кун ўтиб кутилмаганда кичик ўғлимнинг қаттиқ мазаси қочди. Оиламиз билан ваҳимага тушдик. Фикримизга ёмон хаёллар келди. Ота сифатида, фарзандим, набираларимни ўйлаб қаттиқ қўрқдим.

Шунда ичимдан: “Кеча бир етим боланинг кўнглини синдирган эдинг. Аллоҳ хоҳлаган бандасини хоҳлаган вақтда жонини олиши, унинг фарзандларини етим қилиши мумкин”, деган бир овоз келди. Худди набираларим етим бўлиб қолаётгандек қўрқиб кетдим.

Шу пайт кўзимга ёш келиб: «Эй Аллоҳ, мени кечир! Ўғлимга шифо бер! Хатоимни тушуниб етдим», деб дуо қилдим. Уйга келибоқ ҳалиги қайтарган совчиларимга ўзим: “Бугуноқ келаверсин, мен розиман”, деб одам жўнатдим.

Қудалар келишди. Узр сўраб, ёшларни унаштирдик. Бир неча кун ўтиб ўғлим ҳам соғайиб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетди.

Шуларни ўйлаб, Аллоҳ таолонинг: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир» (ар-Раҳмон сураси, 60) ояти каримасига эсимга тушди».

Миршавкат МУЗАФФАР,

Паркент тумани бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]