Долзарб мавзу
Йўл жамият аъзоларининг бир-бирлари билан боғланишлари, муносабат ўрнатишлари, мунтазам алоқаларни жорий этишлари учун воситадир. Кишилар йўллар орқали уйдан уйга, маҳалладан маҳаллага, бир юртдан иккинчисига бориб-келишади. Инсонлар йўллар воситасида ҳаётлари учун керак бўлган юкларини ташийдилар.
Ҳаётнинг барча соҳасида тараққиёт, осонлик, қулайлик учун йўллар ўта зарур омилга айланган. Шунинг учун ҳам Исломда йўллар масаласига ўзига яраша алоҳида эътибор қаратилган. Йўлга ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоидалар, одоб-ахлоқлар жорий қилинган.
Ислом дини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам низом ва тавсиялар берган. Минишдан олдин уловнинг йўлга тайёр эканини текшириш, носоз жойларини тузатиш лозим. Уловга белгилаб қўйилганидан ортиқ юк ортилмайди. Хавфсизлик чораларига тўлиқ амал қилиш, яъни от-улов бўлса, айилини ҳайвонга озор бермаган ҳолда маҳкам боғлаш ва жиловини яхши тортиш; автоуловда эса хавфсизлик камарини тақиш керак. Уловга маълум масофадан кейин дам берилади. Ҳайдовчи ҳам дам олиши мақсадга мувофиқ, чунки толиқиб йўлда ухлаб қолиши ёки улови ишдан чиқиши мумкин.
Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шу боис унинг одобларига риоя қилиш қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади. Қуйида йўл ва автоулов бошқариш одобларини эътиборингизга тақдим этамиз:
– йўлга яхши ният билан, зарур дуоларни ўқиб чиқиш. Яхши ният – ярим мол. Мусулмон киши доимо яхши ниятли бўлади. Бинобарин, йўлга чиққанда ҳам яхши ният билан чиқади;
– йўлнинг ўнг тарафида юриб, ўнг тарафида тўхташ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: “Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳаб (яхши)дир”, деганлар;
– йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, папирос қолдиқлари, турли қоғозлар ва шунга ўхшаш нарсаларни ташламаслик;. Бир сўз билан айтганда, йўлни ифлос қилмаслик. Зотан, динимиз таълимотида поклик имондан экани қатъий таъкидланган;
– йўл одобларидан бири – ёрдамга муҳтож йўловчиларга ёрдам бериш. Йўл тасодифларга тўла, баъзи йўловчилар бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолишади. Мана шундай вазиятларда агар эҳтиёжи бор одамнинг ўзи ёрдам сўрамаса ҳам, ёрдам беришга шошилиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишига уловига минишига ёрдам беришинг ёки унинг устига анжомини олиб беришинг ҳам садақадир”, дедилар;
– йўл одобларининг энг муҳимларидан бири йўл қоидаларига риоя қилишдир. Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинади. Ҳозирги пайтда булар халқаро қоидалар даражасига етган. Ушбу қоидаларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурийдир.
Йўл одобларидан бири – ҳар томонга алангламай, тўғрига қараб юришдир. Улуғларимиз йўлда ҳар томонга аланглаб қарашни беодобликнинг катталаридан деб билишган.
Йўловчилар билан саломлашиш керак. Хусусан, салом берганларга алик олишдир. Зотан, Исломда таниган ва танимаган ҳар бир киши билан саломлашишга катта эътибор берилгани ҳаммага маълум.
Адашган йўловчига йўл кўрсатишдир. Йўлда борадиган жойини топа олмай, ёрдамга муҳтож бўлиб юрган кишилар тез-тез учраб туради. Уларга йўл кўрсатиб қўйиш бошқаларнинг бурчидир.
Автоулов ҳайдовчиси белгиланган тезликка риоя қилиши лозим. Зотан, ноўрин шошилиш шайтондандир. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни ошириш кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин,
Автоулов воситасини ҳайдовчи ўзидан бошқаларга халал бермаслиги одобдандир. Баъзи ҳайдовчилар ўз ҳамкасбларига халал берадиган ишларни ўйламай-нетмай килаверишади, бу ғирт беодобликдир. Бошқаларнинг йўлини тўсиш, қизил чирокда ўтиб кетиш, автоуловни бепарволик ва қўполлик билан бошқариш, ўзга ҳайдовчиларнинг юришига халал берувчи бошқа ҳаракатларни қилишдан сақланиш лозим.
Автоулов ҳайдовчиси огоҳлантирувчи овоз чиқарувчи мосламани иложи борича чалмасликка ҳаракат қилиши зарур. Баланд ва кутилмаган овоз кўпчиликка озор бериши, асабини бузиши, йўлдан чалғитишини унутмаслик керак. Бундай овоз воситалари билан автоуловларни жиҳозлашдан мақсад, зарурат юзасидан ишлатиш учундир. Бировларни безовта қилиш, чўчитиш ва норозилик уйғотиш учун эмас.
Автоулов воситасини тақиқланган жойларда тўхтатмаслик ҳам юксак одобдир. Бу иш жамоатчилик одобларининг кўзга кўринганларидан биридир. Зотан, тўхташ тақиқланган жойга автоуловни тўхтатиш катта беодоблик, бошқаларга ҳурматсизликдир. Бу иш билан ҳайдовчи кўпчиликни беҳурмат қилган ва уларга ноқулайлик туғдирган бўлади.
Шариатимиз буюрган одобларга риоя қилиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Шунинг учун йўлда ДАН ходими биздан ҳайдовчилик гувоҳномасини, уловнинг техник кўрикдан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни, дори қутичаси бор-йўқлигини, хавфсизлик камарини тақишни талаб қилса ёки уловга кўп юк ортилгани ҳақида огоҳлантирса, буни тўғри қабул қилиш лозим.
Йўл одоб ва мажбуриятларни бажариш ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг кўзланган манзилга соғу омон етиб олишимизни таъминлайди.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги