Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Муҳаддис ва фақиҳлар меросхўри

Муҳаддис ва фақиҳлар меросхўри

Олимнинг тўлиқ исми Қози Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Шайх, муфтий Муҳаммад Шафеъ ибн Шайх Ёсин ибн Халифа Таҳсин Али ибн Миёнжий ҳофиз Каримуллоҳ ибн Миёнжий Хайруллоҳ ибн Миёнжий Шукруллоҳ Муҳаммад Тақий Усмоний. Бу киши ҳажрий 1362, милодий 1943 йили Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятига қарашли Девбанд қишлоғида таваллуд топган. Ҳинд тилида «Миёнжий» сўзи муаллим деган маънони билдиради. У кишининг силсилалари Усмон ибн Аффон розиялоҳу анҳуга бориб тақалади. Оталари бу ҳақда гапириб ўтганлар. Бу силсилани аниқлаштирувчи санад бўлмаса-да, аммо шариат бу хусусда муттасил санадни шарт қилмайди.

Тақий Усмонийнинг муҳаддис сифатида тутган ўринлари жуда каттадир.

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний салкам 40 йил давомида талабаларга турли фанлардан дарс берди. Тақий Усмоний ҳазратлари ислом шариатини ўргатиш ва татбиқ этиш бўйича катта тажрибага эга олим ҳисобланади. Шунингдек, у киши ислом молияси бўйича ҳам таниқли уламолардан саналади.

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний 80 дан ортиқ китоблар муаллифи бўлиб, улар орасида Қуръони Каримнинг инглиз ва урду тилларидаги тафсирлари ҳамда “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзилган араб тилидаги 6 жилдли шарҳлари ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда у киши Карачи Дарул Улумда “Саҳиҳ ал-Бухорий”, фиқҳ ва ислом иқтисодиётидан дарс берадилар.

Муҳаммад Бушофеъ айтадилар: “Мен бирор кишини Тақий Усмонийдек янги масалаларда, хусусан банк масалаларида аввалги уламолар китоблари билан ҳозиргилар китобини жамлаганини кўрмадим. У зот бирор муаммони ечиш асносида кучли тақво соҳиби эканликлари яққол намоён бўлар эди. Мен Ҳинд қитъасида бу кишидек муаммони ечишда мазҳаблар орасини жамлашдек қобилиятли кишини ҳам кўрмадим”.

У кишининг талабаларидан бўлган муфтий Муҳаммад ибн Адам ал-Кавсарий шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло бир солиҳ қулни дунёдан олса, унинг ерига бошқа бир солиҳ кишини келтириб қўяди. Мерос қилиб оладиган бу солиҳ қул ё унга илмда баробар бўлади ёки унга жуда яқин бўлади. Буюк зотлар вафот этганда бошқа буюк зотлар дунёга келади. Масалан, Имом Абу Ҳанифа вафот этганда, имом Шофеъий дунёга келди. Ҳинд қитъасида эса буюк мужаддид шайх мавлоно Ашраф Али Таҳонавий вафот этгандан уч ой ўтиб, бошқа мужаддид Муҳаммад Тақий Усмоний дунёга келди”.
Тақий Усмоний ҳақларида шогирдлари Луқмони Ҳаким бир китоб таълиф этиб, унинг номини “Қози, фақиҳ, даъватчи ва тадқиқотчи Тақий Усмоний”, деб номлаганлар. У Дамашқдаги “Дорул қалам” матбаъасида чоп этилган. Ушбу китоб 144 саҳифадан иборат бўлиб, унда Тақий Усмонийнинг барча шогирдлари, устозлари, китоблари, ишлари ва яшаш жойлари хусусида маълумотлар бор.

У киши ислом оламининг энг ёрқин юлдузларидан бири десак асло муболаға бўлмайди.
Юртимиздаги кўплаб аҳли илмларнинг ҳадис борасидаги санадлари ҳам у киши орқали Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради.

Аллоҳ таоло у кишини умрларини узун қилиб илмларидан барчаларимизни баҳраманд қилсин!

Муроджон СОЛИЕВ,
Бекобод тумани «Янгиобод» жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]