Ҳашар – элга ярашар
Муқаддас ислом динининг мусаффо чашмасидан суғорилган, асрлар синосидан безавол ўтган халқимизга хос гўзал урф-одат, анъана ва қадриятларимиз борки, ҳар гал уларнинг амалдаги инъикосини кўрсак, дилларимиз яйрайди, қалбимиз сурурга тўлади, ҳузур-ҳаловат топамиз. Ҳашар ана шундай гўзал қадриятларимиздан.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами арафасида, яъни 24–25 август (шанба-якшанба) кунлари юртимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.
Аслида ҳашар – бу бирдамлик, ҳамжиҳатлик рамзидир. Ҳашар туфайли хонадонлар, кўчалар, кўпқаватли уйлар, маҳаллалар тимсолида бутун юрт обод бўлади, файз ва футуҳга тўлади.
Мусулмон инсон нафақат ўзининг покизалигига, балки хонадони, маҳалласи ва Ватанининг тозалиги учун ҳаракат қилиши керак.
Ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Ислом дини шахсий тозалик билан бир қаторда атроф-муҳит тозалигига ҳам аҳамият қаратиши аён бўлади.
Ислом дини поклик асосига қурилган. Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмон ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: «Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама», деб қайта-қайта тайинлар эдилар. Илгарилари ариқ ва булоқларнинг сувидан ҳеч ҳадиксиз қониб ичардик. Иссиқ нонларни оқар сувларда оқизоқ қилиб ердик. Ҳозир ким ҳам маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа суприндини ташлашади, кир ювилса, мағзавасини оқизишади.
Ҳар жойда кўз тушса, хижолатга соладиган бир манзара бор. Уйлардан узоқлашилмасдан исталган жойга ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриш мумкин. Улар уй ва ҳовлилардан чиқарилган. Ҳатто орасида нон бўлакларини кўриб, одам ачиниб кетади.Яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, қишлоқ, шаҳарларимиз ҳам ўзимизники. Унинг озодалигига тозалик идоралари ходимларидан ташқари ҳар биримиз жавобгармиз, масъулмиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Аммо буни кўчамизга раво кўрамиз. Гоҳида ҳатто машинадан тушишгада эриниб, баъзи кишилар уйидан халтачаларга солиб берилган чиқиндиларни пана-пастқамларга улоқтириб кетишади. Шу боис ҳам йўлларимиз бўйида қоғоздан тортиб ҳар хил чиқиндилар сочилиб ётади, чекка жойларда уюлиб, бадбўй ҳидлар тарқатади. Бир қанча касалликлар ахлат уюмларидан тарқайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Яъни бирон инсон сув боши, йўл ва соя жойга ҳожат чиқарса одамларга озор бериб уларнинг кўнглини оғритган бўлади. Натижада барча уни лаънатлайди. Чунки ҳадисда саналган уч жой барчанинг эҳтиёжи тушгани учун ҳаммага тегишли экани англанилади. Бу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз лаънатга қолиш учун ҳадисда саналган уч жойга ҳожат чиқариш шарт эмас. Балки шу каби жойларни ифлос қилиб ахлат ва чиқиндилар ташлаши ҳам лаънатга қолиши учун етарли бўлади, деганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан келтирилган ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”, дейилади. Чиндан ҳам, йўлларни ифлослантирган кишига нафақат одамларнинг норозилигидан, балки жин ва шайтонларнинг ҳам ёмонлигидан азият етиши шубҳасиз.
Ҳар гал ҳашарга чиқиб, ҳудудларни обод масканга айлантираётган юртдошларимизни кўрсам, худди ҳашаротлар ғуж-ғуж тўпланиб тургани хаёлимга келади. Дарвоқе, “ҳашар” сўзи билан “ҳашарот” сўзининг ўзаги ҳам бир-ку ахир.
Ҳақиқатан, шу юрт, шу азиз Ватан – барчамизники. Биз бирлашиб ҳаракат қилсак, кўпдан қуён қочиб қутилмагани сингари, барча юмушларни биргаликда уддалаймиз. Зеро, ҳашар бу – ҳамжиҳатлик, бирдамлик рамзидир.
Шу билан бирга, ҳашар орқали ёшлар ёши улуғ инсонларнинг дарахтларни кузаклаш, боғларга ишлов бериш, йўлларни, кўчаларни супуриш-сидириш каби тажрибалари билан бир қаторда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби қадим қадрияларимиздан ҳам сабоқ олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигининг барча жамоаси, туманлар-шаҳарлар бош имом-хатиблари раҳбарлигида ҳудудимиздаги барча масжидлар ходимлари ҳам ҳар доим ҳашарларда фаол қатнашадилар.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги