Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / БИР БЎЛСАК – ЯГОНА ХАЛҚМИЗ, БИРЛАШСАК – ВАТАНМИЗ!

БИР БЎЛСАК – ЯГОНА ХАЛҚМИЗ, БИРЛАШСАК – ВАТАНМИЗ!

Отинойи – аёл-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони, шунингдек, аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёлдир. Улар қадимдан Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган.

Бугунги кунда отинойи фақатгина диний билимлар эгаси бўлиб қолмасдан, элимизда бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт ривожи ва тараққиётининг фаол иштирокчиси ҳамдир.

Момоларимиз яшаган даврда намоз ўқиш тақиқланган. Бирор диний маросим ҳам ўтказилмаган. Бугунги кунда эса аёл ва қизлар диний билим олиши, бемалол қонунларда кафолатланган виждон эркинлигидан фойдаланиб, ибодатларини эмин-эркин адо этиши мумкин.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг “Хадичаи Кубро”, “Жўйбори калон” каби аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртларининг очилиши, Тошкент ислом институтида аёл-қизларимизнинг билим олишлари учун шарт-шароитлар ташкил этилиши таҳсинга сазовор ишлардандир.

Ушбу таълим муассасаларини тамомлаган, шунингдек, эл-юртда сўзи ўтадиган, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор, ҳаёт тажрибасига эга муҳтарам онахонлар ҳозирда отинойи вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқдалар. Улар ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамият ривожига ҳисса қўшиш, турли ёт ғоялар таъсиридан халқимизни ҳимоя қилиш, соф Ислом дини таълимотининг асл моҳиятини кенг оммага етказиш ва ҳар қандай жаҳолатни илм-маърифат билан енгиш мумкинлиги тамойили асосида ўз фаолиятларини юритмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий марҳум Усмонхон Алимов ҳазратларининг муҳтарама отинойиларимизга қилган мурожаатларида бизнинг муҳим вазифаларимиз белгилаб берилган:

Биринчи, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мотуридий ақидаси, ҳанафий мазҳаби ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши ва ўз фаолиятида буларни маҳкам тутиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши жуда ҳам зарур.

Иккинчи, отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушуниб, халқимизга тўғри етказа олишлари лозим.

Учинчи, аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тўртинчи, аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда масжидлардаги имом-хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойилар имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида ана шу имом-хатибларимиз билан ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда ҳамжиҳатликда  фаолият олиб боришлари керак.

Бешинчи, мана шундай ишларни тўғри адо этишда отинойиларга Диний идора Фатво бўлими томонидан эълон қилинадиган жума тезислари жуда ҳам қўл келади. Ҳар ҳафталик жума мавъизаларини аввал ўзлари тўғри ўзлаштириб, кейин аёл-қизларга етказсалар, жуда ҳам тўғри ва мақсадга мувофиқ иш бўлади.

Олтинчи, “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, отинойилар  “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналларига нафақат ўзлари обуна бўлишлари, балки бошқаларни ҳам обуна бўлишларига тарғиб этишлари жуда ҳам зарурдир. Ушбу нашрлардаги Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳга оид масалалар баёни ва ботил иддаоларга берилган асосли раддиялар иш фаолиятда ва Ислом маърифатини яхши билиб олиб, тўғри тушунтиришда жуда қўл келади”.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, биз отинойилар дин соҳасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар, аҳолига яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақидаги ташвиқот ишларини янада жадаллаштиришимиз, халқимиз орасида шукроналик кайфиятини юксалтиришимиз, жамиятда учраётган салбий ҳолатларга қарши курашимиз, оилаларнинг иноқ ва тотув яшашини таъминлашга кўмаклашишимиз, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларни ижтимоий ва ижодий фаолиятга ундашда миллий-диний анъаналаримизнинг аҳамиятини тарғиб қилиб боришимиз зарур.

Шундагина халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзланган мақсадга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Зеро, “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”

Интизор КАМОЛОВА,

Тошкент вилояти бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]