Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Янги Ўзбекистон тараққиётида отинойининг ўрни

Янги Ўзбекистон тараққиётида отинойининг ўрни

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин, жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон бу йил ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани  ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганининг 33 йиллигини  нишонлаш арафасида турибди.

Бу йил ҳам Мустақиллигимизнинг 33 йиллик шонли санаси чинакам умумхалқ байрами, озодлик ва саодат айёми сифатида кўтаринки  кайфиятда кутиб олинмоқда.

«Бир  бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанимиз!» шиори остида жойларда қутлуғ байрамимизга тайёргарлик ишлари авжида.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман!» (Иброҳим сураси, 7-оят), деб марҳамат қилган. Инсон Яратувчиси тарафидан берилган ҳар бир неъмат учун шукр қилмоғи ҳам ибодатдир.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди.

Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси қалбимизнинг туб-тубидан жой олди.

Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, она юртимиз Ўзбекистонга мустақиллик неъматини бериб, бошқа давлатлар орасида азизу мукаррам қилиб қўйди. Айниқса, динимизни, шариатимизни, Қуръонимиз ва қадриятларимизни кундан-кунга яхшироқ ва мукаммал ўрганиб боришимизни насиб қилди.

Бугун диний соҳадаги ўзгаришлар, янги очилган масжид ва мадрасалар, Қуръони карим курслари, ҳаж-умра сафарларидаги қулайликлар, ибодатларимизни эркин ва ҳаловатда бажараётганимиз ҳам сўзимиз исботидир.

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди. Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми унинг зиммасидадир. Аёл – аввало она, жуфти ҳалол, опа-сингил ва қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Шу жиҳатдан келажак авлоднинг солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига боғлиқдир.

Фарзанд бошланғич тарбияни, аввало, онадан олади. Шу сабабдан биз отинойиларга ҳам масъулиятли, ҳам шарафли вазифалар юкланади. Жойлардаги опа-сингилларимизнинг ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар ўрганишлари йўлида тўғри маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсатишимиз лозим.

Жумладан, аёл-қизларимизга Ислом дини моҳиятини тўғри англатиш, ҳадиси шарифларда сифати таърифланган солиҳа мўминалар фазилатлари билан зийнатланиш, қариндош-уруғчилик алоқаларини тиклаш, ҳар ишда мўътадиллик, динимизнинг эзгу таълимотларига амал қилишга чақириш, тинчликдек улуғ неъматнинг қадрига етиш, унинг мустаҳкамлигини барқарор қилиш барчамизнинг улкан бурчимиздир.

Биз аёллар бу улуғ неъматни қадрлашда фарзандларимизни она-Ватанига содиқ ва садоқатли қилиб тарбиялаш, жасур эр йигитларимиз эса ўзларининг бор куч-қувватлари билан она юртимиз осойишталиги йўлида камарбаста бўлишлари лозим.

Бугун Жонажон Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёна билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барча юртдошларимизга муборак айласин.

Мустақиллигинг абадий бўлсин!

Лобар МАЖИДОВА,

Чирчиқ шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]