Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РАҲМАТ, МАҒФИРАТ ОЙИ МУБОРАК БЎЛСИН!

РАҲМАТ, МАҒФИРАТ ОЙИ МУБОРАК БЎЛСИН!

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсинки, бизни яна Қуръон ойи, таровеҳ ойи – муборак Рамазонга етказди. Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек, тақводор бўлишимиз, гуноҳ қилишдан сақланишимиз учун рўза бизларга фарз қилинди (Бақара сураси, 185-оят). Рўза ибодатининг барча шартларини ўринлатиб, ихлос билан адо этган одам тақводор бўлади. Шундай экан, бу имконият, бу ғанимат ойнинг келиши мўминлар учун ҳақиқий байрамдир.

Минг ойдан афзал кечага эга бўлган бу муборак ойнинг дастлабки ўн кунлиги раҳмат, ўртаси мағфират, охирга ўн кунлиги эса дўзахдан озод бўлиш ойидир. Жаннат эшиклари очиладиган, шайтонлар кишанбанд қилинадиган муборак ой келди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг бир ҳадиси шарифларида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб, рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат қилади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, ич-ичдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуолар қилишимиз керак.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад ривояти).

Биз Парвардигори оламнинг раҳмат ва мағфирати жўш уриб, Ер юзига илоҳий нурлар ёғиладиган ойда турибмиз.

Ушбу ойни ғанимат билиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлиги ва ризқимиз тўкинлигини Аллоҳ таолодан сўрайлик.

Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодат ҳамда файзу футуҳ бўлиб келсин!

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]