Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / РЎЗА ТУТИШ ОДОБЛАРИ

РЎЗА ТУТИШ ОДОБЛАРИ

​Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабби азза ва жалладан ривоят қилиб (ҳадиси қудсийда) бундай деганлар: «Одам боласининг ҳар бир қилган (солиҳ) амали ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилади. Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Фақат рўза мустасно. Албатта, у Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман. (Чунки банда) Мен учун шаҳвати ва таомидан воз кечади”. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бир хурсандчилик ифтор пайтида, яна бир хурсандчилик Роббига йўлиққанда. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг ҳузурида мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир» (Имом Муслим ривояти).

​Рўзанинг бундай илоҳий инъомга сазовор бўлишига сабаб – унда нафс билан курашиш, шаҳватга қарши туриш ва тақво мақомига кўтарилиш борлигидир.

​Рўза уч қисмга бўлинади.

​Фарз рўза: Бу Рамазон ойининг рўзасидир.

​Вожиб рўза: Каффоратлар (гуноҳ эвазига тутиладиган рўза) ва назр қилинган рўзалар.

​Мандуб (мустаҳаб) рўза: Йилнинг қолган кунларида тутиладиган ихтиёрий рўзалар. Бундан беш кун мустасно (бу кунларда рўза тутиш ман этилган): Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити ва Ташриқ кунлари (Қурбон ҳайитидан кейинги уч кун).

Динимиз бизни амал қилишга ундаган рўза одобларидан баъзиларини зикр этамиз.

Биринчи: Рўзадорнинг рўза пайтидаги одоблари.

​Кундузи ибодат билан машғул бўлиш: Вақтини ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул ва вақтни беҳуда сарфлаш билан ўтказмаслик.​

Кўзни тийиш ва тилни ҳаромдан сақлаш: Ғийбат, миш-миш, ёлғон, бўҳтон ва алдовдан узоқ бўлиш. ​Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг таоми ва ичимлигини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ” (Имом Бухорий ривояти).

​Ривоят қилинишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида икки аёл рўза тутиб, одамларни ғийбат қилади. Пайғамбар алайҳиссалом уларга идиш бериб, қусишни буюрадилар. Улар қон, йиринг ва гўшт парчаларини қусишади. Шунда у зот: “Бу иккиси ҳалол нарсадан (таомдан) рўза тутиб, ҳаром нарса билан (одамларнинг гўштини ейиш/ғийбат билан) оғиз очишди”, дедилар (Имом Абу Яъло ривояти).

​Иккинчи: Саҳарлик одоблари

​Саҳарликни кечиктириш: Токи саҳарликдан сўнг дарҳол бомдод намози вақти кирсин. ​Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик, сўнг намозга турдик”. Ундан: “Саҳарлик билан намоз орасида қанча вақт бор эди?” деб сўралганда, “Эллик оят (ўқиш) миқдорича”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

​Истиғфор ва дуо: Саҳар вақти дуолар ижобат бўлади.

​Бомдод намози: Бомдод намозини жамоат билан ўқишга ҳарис бўлиш лозим. Пайғамбаримиз: “Зулматларда масжидларга юриб борувчиларга қиёмат кунидаги мукаммал нур хушхабарини беринг”, деганлар.

​Учинчи: Ифторлик одоблари

​Ифторни тезлаштириш: Қуёш ботиши билан ифторлик қилишга шошилиш суннатдир.

​Хурмо ва сув билан очиш: Агар имкон бўлса, оғизни аввал хурмо билан, агар у бўлмаса сув билан очиш лозим, чунки сув покловчидир.

​Маъсур дуолар: Ифтор пайтида: “Аллоҳумма лака сумту ва ‘ала ризқика афтарту” (Аллоҳим, Сен учун рўза тутдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим) каби дуоларни ўқиш.

​Овқатланишда меъёр: Таровеҳ намозига тайёргарлик кўриш учун меъёридан ортиқ еб юбормаслик керак. Зеро, инсон тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қорнидир.

​Рўзадорларга ифторлик бериш: Бошқаларга ифторлик қилиб бериш катта ажрга эга бўлиб, бунда ифторлик берган кишига рўзадорнинг ажридан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда ўша рўзадор эришган ажр берилади.

Тўртинчи: Рамазон ойининг умумий одоблари

​Узрли кишиларнинг одоблари: Агар мусулмон киши шаръий узр билан рўза тута олмаса, бошқаларнинг ҳиссиётини ҳурмат қилиб, ошкора еб-ичмаслиги лозим.

​Қуръон тиловатини кўпайтириш: Рамазон – Қуръон ойидир. Жаброил алайҳиссалом Рамазонда Пайғамбаримиз билан Қуръонни дарс қилар эдилар.

​Эътикоф ўтириш: Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтириш суннатдир.

​Қадр кечасини излаш: Бу муборак кечани Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечаларидан излаш лозим.

​Фитр садақаси: Муҳтожларнинг манфаатини ўйлаб, фитр садақасини Рамазон тугашидан олдинроқ бериш мустаҳабдир. У ҳар бир мусулмон учун вожиб (фарз) амалдир.

Зикриё НОРҚУЛОВ,

Бекобод тумани “Қўштамғали” масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]