Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ ОЛАМИНИНГ ИЛМИЙ МАРКАЗИ БЎЛАДИ

ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ ОЛАМИНИНГ ИЛМИЙ МАРКАЗИ БЎЛАДИ

Муносабат

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Бу заминнинг ҳар қарич ерида азиз-авлиёлар, улуғ мутафаккирлар, соҳибқиронлар мангу қўни топган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Насафий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбекдек улуғларимизни дунё билади, жаҳон эътироф этади, эзозлайди, қадрлайди.

Буюк аждодларимизнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида вужудга келган асарлар ҳали-ҳамон бутун дунё бўйлаб илм аҳли учун ўзига хос ишончли манба, муҳим дастуриламал бўлиб келаётгани кишига фахр-ифтихор туйғусини бағишлайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан аждодларимизнинг ана шу бой маънавий ва илмий меросини чуқур ўрганишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Тўрт йил муқаддам “Ҳазрати Имом” мажмуаси ёнида тамал тоши қўйилган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида бугун безаш-пардозлар ишлари авжида.

Давлатимиз Раҳбари куни кеча ана шу марказга ташриф буюрдилар. Рамазон ойининг биринчи жума куни амалга оширилган ташрифда катта рамзий маъно бор, албатта. Чунки Рамазон ойлар ичида энг улуғи бўлса, жума кунларнинг саййидидир. Шу боис бу кунларда бошланган ҳар қандай эзгу амал, албатта, хайрли натижа бериши тайин.

Ислом цивилизацияси маркази битиб, ишга туширилгач, бу ерда заминимизда улғайиб, ўз илмий фаолиятлари ва асарлари билан мусулмон олами ва умумбашарият тамаддунига ҳисса қўшган алломалар, мутафаккирлар меросини ўрганиш, уни келажак авлодларга етказиш, илмий ва маънавий мерос акс этган қўлёзмалар, осори-атиқалар воситасида Ислом динининг асл – тинчликпарварлик, инсонийлик ва бунёдкорлик моҳияти жаҳон бўйлаб кенг тарғиб этилади.

Ташриф давомида Ислом цивилизацияси марказининг таркибий қисмлари тўғрисида маълумот берилгани юртдошларимизнинг марказ ҳақидаги маълумотларимизни янада бойитди. Хусусан, биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашиши марказнинг маърифат маскани бўлишини таъминлайди.

Иккинчи қават мажмуанинг асосий кўргазма майдони бўлиши, бу ердаги Ислом тарихи музейи 9 та бўлимдан ташкил топиши, бинонинг марказида 65 метр баландликдаги гумбаз остида Усмон Мусҳафи қўйилиши зиёратчиларда катта таассурот уйғотиши шубҳасиз. Шунингдек, зал атрофида яна 8 та – “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё”, “Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши”, “Таълим”, “Илм-фан”, “Меъморчилик ва шаҳарсозлик”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Анъаналар” ҳамда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” бўлимлари жойлашади.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар, ислоҳотлар кенг қулоч ёзаётгани барчамизни мамнун этмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан синчковлик билан кузатиб борилмоқда ва эришаётган ютуқларимиз алоҳида эътироф этилаётир.

Буюк алломаларимизнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ҳозир тобора жадаллашиб бораётган глобаллашув даврида халқимизнинг ўзлигини сақлаб қолиш, ёш авлодни умумий эзгу инсоний ғоялар руҳида тарбиялаш ва уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ана шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврининг мантиқий давоми сифатида қаралаётган Учинчи Ренессанснинг тамал тоишида қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу масканда нафақат диний билимлар, айни пайтда дунёвий билимлар ҳам кенг ўрганилади.

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]