Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

ДУО

“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир сураси 60-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, дедилар” (Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган).

Дуо – инсон ўзининг ожизлигини, Аллоҳ таолонинг чексиз қудрат соҳиби эканлигини англаш, ҳис қилиш ва эътироф этиш воситасидир.

Бизга ўз нафсимиздан яқин бўлган ва бизни ўзимиздан ҳам яхши биладиган, доим кўриб турадиган Зотга таслим бўлмоқдир – дуо.

Дуо – ичимиздаги сирли дунёмизни, ташқаридаги бутун борлиқни билиб тургувчи улуғ Зотни ҳузурида бўлмоқдир. Қалбдан тўлиб – тошган илтижо, одоб билан эгилган бош ва кўздан томган томчи ёшдир – дуо.

Дуо – сўнгсиз қудрат ва марҳамат Соҳибининг эшигида ҳаяжон ва умид билан интизор бўлиб кутмоқ. Қуриган лабларингнинг раҳмат ва лутф булоқларидан сув ичишига бўлган иштиёқидир – дуо.

Дуо – эвазсиз, эътирозсиз ва беҳисоб берилган неъматларнинг шукронаси.

Дуо – дунё ғурбатидан ҳақиқий диёрга йўналмоқ.

Дуо – мусулмон бўлмоқ, мўминликка юз тутмоқ, эркни қўлга киритмоқ, жаннатга интилиб, унга эришмоқдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсадан сақлайди. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Ўзингизга дуони лозим тутинг!”, дедилар”.

Хулоса шуки, ким бошига тушган балолардан омон бўлай деса, кўпроқ дуо қилсин. Ким дучор бўлмаган нохушликлардан сақланай деса ҳам, кўпроқ дуо қилсин.

Оҳангарон тумани «Чил қори » жоме масжиди

имом-хатиби Орифжон Ҳусеинов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]