Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ватанни севиш – инсон фитратидаги туйғу

Ватанни севиш – инсон фитратидаги туйғу

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч! Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.

Ватанни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Динимиз манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар қатнашиши керак. “Ҳимоя қилиш” деганда, фақат қурол билан эмас, балки сўз билан ғанимларга раддия бериш зарур. Киндик қони тўкилган ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: «Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир», – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.

Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун уни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмаслиги барчага маълум. Халқимизда “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл” деган ҳикматли сўз бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она-Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлгани тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва ҳалқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди имом–хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]