Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ўзбек тили – бой тил, уни бузиб гапиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Ўзбек тили – бой тил, уни бузиб гапиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Инсонга ато этилган улуғ неъматларидан бири, шубҳасиз, тил ва нутқдир. Тил инсонни бошқа махлуқотлардан ажратиб туради. Турли миллат ва элат вакиллари билан мулоқот воситаси ҳам айнан тилдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Биз у (инсон)га икки кўз ҳамда тил ва икки лаб бермадикми?» (Балад сураси, 8–9­оятлар), деб марҳамат қилган.

Тил жуда аҳамиятли нарсадир. Шу боис Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга кўп нарсаларнинг номларини ўргатган. Ана шу таълим туфайли бугунги тиллар вужудга келган, дейишади уламолар.  Қуръони каримда: «(Аллоҳ) Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: “Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб беринг-чи”, деди. Улар: “Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг Алийм ва Ҳакиймсан”,  дедилар. “Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер”, – деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, “Мен Сизларга албатта Мен осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим”, – деди» (Бақара сураси, 31–33­оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тилга жуда эътиборли бўлганлар. У зот мусулмонларни турли тилларни ўрганишга тарғиб этганлар. Бундан кўзланган мақсад ўзга халқлар билан мулоқот қилиб, уларни Исломга даъват қилиш ва ёмонликларидан сақланиш эди. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлардан келган мактубларни ўқиб бериш, улар нимани назарда тутганини Набий алайҳиссаломга тушунтириб бериш, уларга жавоб ёзиш учун Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга иброний тилини ўрганишга буюрдилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу 15 кунда шу тилни ўзлаштирди.

Ҳотам Тоийнинг ўғли Адий ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки киши кeлди. Уларнинг бири иймон кeлтирди ва: «Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди. Ким Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилса…» дeди­да, тўxтаб, сўнгра нафасини ростлаб: “у адашибди”, дeди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тур, сeн нақадар ёмон маърузачи экансан”, – дeдилар».

Мазкур нотиқ тиниш қоидаларига риоя қилмагани сабабли гапнинг маъноси бузилган эди. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга танбеҳ бердилар. Бу ҳодиса тил қоидаларига риоя қилиш зарурлигини англатади.

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади: «Осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Аллоҳнинг оятлари – борлиги ва бирлигига далолат қилувчи бeлгилари ҳамда нeъматларидандир. Албатта, бунда олимлар учун оят­белгилар бордир» (22-оят).

Бугун мамлакатимизда ўзбек тилига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Она тилимизнинг обрў-эътиборини сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Ҳаж ёки умрага борганимизда Саудия Арабистонида яшаётган ватандошларимиз билан мулоқот қиламиз. Улар ўзбек тилини жуда гўзал тарзда гапиришади. Баъзан қизиқиб улардан: “Ўзбек тилини қаердан биласиз?” деб сўраймиз. Улар: “Ота-боболаримиз ўзбек бўлишган. Уйда фақат ўзбекча гаплашамиз”, дейишади.

Гарчи улар Ўзбекистонда туғилмаган бўлсалар-да она тилини жуда гўзал гапириши кишига фахр-ифтихор бағишлайди. Бу тилга, миллатга эътиборнинг натижасидир.

Бугун гўзал ва бетакрор тилимизни бузиб гапираётган, ҳар икки гапининг бирига русча аралаштираётган юртдошларимизга Абдулла Қодирий бобомизнинг: «Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар», деган сўзларини эслатгим келди.

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]