Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Суннатга мувофиқ гигиена

Суннатга мувофиқ гигиена

Ислом арконларига тўлиқ амал қилиш ва ибодатнинг асосий асосларидан бири бу тозаликка риоя қилиш ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ гигиенага амал қилиш – имонни мустаҳкамлаш ва қалбни поклашга хизмат қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади”, дедилар” (Муслим ва Термизий ривоят қилишган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бешта нарса фитратдандир: хатна қилиш, аврат тукларини тозалаш, тирноқ олиш, қўлтиқ тагидаги тукларни юлиш ва мўйловни қисқартириш”, дедилар.

Фитрат ўзи нима? Уламоларнинг фитрат ҳақидаги фикрлари турличадир. Абу Сулаймон ал-Хаттобининг сўзига кўра: “Аксар уламолар бу суннат эканига иттифоқ қилишган”. Бошқа фикрга кўра бу диндир. Баъзиларнинг айтишича, бу амалларнинг барчаси бажарилиши мажбурий эмас.

Аллоҳ таоло инсонларни яратган фитратдаги суннат амалларнинг биттаси хатнадир. Хатни қилиш эркакларга вожиб, аёлларга эса мустаҳаб. Тирноқларни олиш тозаликка сабаб бўладиган суннат амал. Тирноқни ўстириб юриш ажнабий – мусулмон бўлмаган халқларнинг амали. Шунингдек, қўлтиқ тагидаги тукларни юлиш ва авратдаги тукларини тозалаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган суннатлардан. Юқоридаги ҳадисларда зикри ўтган фитрат суннатларининг ҳаммасини ҳам тозаламасдан юришнинг энг сўнгги муддати 40 кун экан. Бироқ бу нарсаларни ҳар ҳафта тозаланиши мақсадга мувофиқ.

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймоннинг ярмидир. “Алҳамдулиллаҳи” тарозуни тўлдирур. “Субҳаналлоҳи ва ал-ҳамдулиллаҳи” осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар ёки тўлдирур. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Барча одамлар ҳаракат қилиб ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир”, дедилар” (Муслим, Насаий ва Термизийлар ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло барчамизни суннатга мувофиқ яшашимизни таъминласин.

Қибрай тумани “Ўткир” жоме масжиди

имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]