Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Поклик ва озодалик – соғлом ҳаёт гарови

Поклик ва озодалик – соғлом ҳаёт гарови

Ислом дини инсонни руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Дунёда Исломдан бошқа хеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни бу қадар юксак даражага кўтармаган.

Мусулмон инсон нафақат ўзининг покизалигига, балки хонадони, маҳалласи ва ватанининг тозалиги учун ҳаракат қилиши керак.

Ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Ислом дини шахсий тозалик билан бир қаторда атроф-муҳит тозалигига ҳам аҳамият қаратиши аён бўлади.

Ислом дини поклик устига қурилган. Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмон ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: «Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама», деб қайта-қайта тайинлар эдилар. Илгарилари ариқ ва булоқларнинг сувидан ҳеч ҳадиксиз қониб ичардик. Иссиқ нонларни оқар сувларда оқизоқ қилиб ердик. Ҳозир ким ҳам маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа суприндини ташлашади, кир ювилса, мағзавасини оқизишади. Ҳар жойда кўз тушса, хижолатга соладиган бир манзара бор. Уйлардан узоқлашилмасдан исталган жойга ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриш мумкин. Улар уй ва ҳовлилардан чиқарилган. Ҳатто орасида нон бўлакларини кўриб, одам ачиниб кетади.Яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, қишлоқ, шаҳарларимиз ҳам ўзимизники. Унинг озодалигига тозалик идоралари ходимларидан ташқари ҳар биримиз жавобгармиз, масъулмиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Аммо буни кўчамизга раво кўрамиз. Гоҳида ҳатто мошинадан тушишгада эриниб, баъзи кишилар уйидан халтачаларга солиб берилган чиқиндиларни пана-пастқамларга улоқтириб кетишади. Шу боис ҳам йўлларимиз бўйида қоғоздан тортиб ҳар хил чиқиндилар сочилиб ётади, чекка жойларда уюлиб, бадбўй ҳидлар тарқатади. Бир қанча касалликлар ахлат уюмларидан тарқайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Яъни бирон инсон сув боши, йўл ва соя жойга ҳожат чиқарса одамларга озор бериб уларнинг кўнглини оғритган бўлади. Натижада барча уни лаънатлайди. Чунки ҳадисда саналган уч жой барчанинг эҳтиёжи тушгани учун ҳаммага тегишли экани англанилади. Бу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз лаънатга қолиш учун ҳадисда саналган уч жойга ҳожат чиқариш шарт эмас. Балки шу каби жойларни ифлос қилиб ахлат ва чиқиндилар ташлаши ҳам лаънатга қолиши учун етарли бўлади, деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан келтирилган ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”, дейилади. Чиндан ҳам, йўлларни ифлослантирган кишига нафақат одамларнинг норозилигидан, балки жин ва шайтонларнинг ҳам ёмонлигидан азият етиши шубҳасиз.

Тозалик эса иймоннинг бир бўлаги эканлиги ҳадисларда келтирилган. Ислом манбаларида келтирилишича, бир саҳобий Расулуллоҳ ҳузурларига келиб шундай дебди: “Мени жаннатга киритадиган амалга буюринг”. Шунда Набий алайҳиссалом бундай жавоб берганлар: “Одамлар йўлидаги озор берадиган нарсани олиб ташла”. Демак, биз арзимас санаган тозаликка ҳисса қўшишимиз, буюк яхшилик – жаннатга элтар экан.

Жамоат жойларида, ўқув даргоҳларида, кенг жамоатчилик фойдаланадиган метро, автубос, йўналишдаги авто уловларда ҳам тозаликка риоя қилишимиз лозим. Уларга писта пучоқлари ва маъиший чиқиндиларини ташлаб ифлос қилмаслигимиз даркор. Ҳар вақт ва ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро поклик имондандир деб бежизга айтилмаган.
Динимиз покликка, озодаликка буюрар экан, бунинг заминида инсоннинг саломатлиги ётади. Шу боис барчамиз яшаш жойларимизнинг ободлиги ва тозалиги йўлида биргаликда курашмоғимиз лозим.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди
имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]