Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ФАЗИЛАТДА ТЕНГСИЗ, БЕНАЗИР

ФАЗИЛАТДА ТЕНГСИЗ, БЕНАЗИР

Мўминларнинг оналари

“Энг, энг, энг…” бўлишга интилиш башарият тийнатида бор. Ҳамма ҳам имонда, тақвода, зуҳдда, саховатда, фазилатда, олийҳимматда, карамда ва фидокорликда пешқадам бўлгиси келади. Лекин Аллоҳ таолонинг инояти ва тавфиқисиз бундай даражага эришиш мушкул.

“Пешқадамлар” деганда, албатта, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида туриб, у зот билан ҳамнафас бўлган, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш, тавҳидни, Исломни кенг ёйиш; ширкка, туғён ва исёнга, ҳар қандай жиноятга қарши муросасиз бўлиш йўлида жон олиб, жон берган қаҳрамон саҳобалар билан бир қаторда иффатда, шарму ҳаёда тенгсиз бўлган мўминларнинг оналари – саҳобия аёллар ҳам кўз олдимизда гавдаланади.

Мўминлар оналарининг ҳар бири алоҳида фазилатга эга эканини Аллоҳ таоло етти қат осмон устидан тасдиқлаб қўйди: «Эй Пайғамбар аёллари! Агар тақводор бўлсангиз, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсиз…» (Аҳзоб сураси, 32-оят).

Мўминларнинг оналари Аллоҳ таолонинг: «Эй Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: “Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай)! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 28–29), деган оятларига мувофиқ жаннатий эканига имон келтирамиз.

Табиийки, жаннатий аёллар фазилатда тенгсиз ва беназир бўлиши шубҳасиз. Шу боис ҳадиси шарифда: “Жаннат аҳлининг энг афзал аёллари Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Осиё бинти Музоҳим ва Марям бинти Имрондир” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоти), дея баён этилган. Мўминларнинг оналари ҳамда саҳобия аёллардан қай бирининг ҳаётига разм солсак, ҳар жиҳатдан фазилатда тенгсиз эканлари намоён бўлади.

Уммат орасидан энг биринчи имон билан шарафланган, аёлларнинг энг улуғи, ваҳий фариштаси унга Аллоҳнинг саломини келтирган, жаннатда шовқин-сурондан холи, марвариддан бўлган қаср ваъда қилинган, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга олти нафар фарзанд туҳфа этган (бу хислат мўминларнинг оналаридан ҳеч бирига насиб қилмаган) ХАДИЧА БИНТИ ХУВАЙЛИД онамиз розийаллоҳу анҳонинг ҳаёт йўллари уммат аёллари учун ҳам бу дунёда, ҳам охиратда улкан намуна мактабидир.

Жаннатда ҳам Набий алайҳиссалом билан бирга бўлишни орзу қилиб, у зотдан бу дунёнинг ўзида ҳам бир лаҳза бўлсин айрилишни истамаган, кексайиб қолгани боис тунларини Ойша онамизга ҳадя этган САВДА БИНТИ ЗАМЪА онамиз бугун арзимас сабаблар билан эридан ажрашиб кетаётган, оиланинг муқаддас ришта эканини унутаёзган, ҳаётга жуда енгил-елпи қарайдиган, бир сўз билан айтганда, тўқликка шўхлик қилаётган хотин-қизлар учун ибрат мактабидир.

Ҳам ўзи, ҳам отаси коинот султони учун энг севимли бўлган (“Саҳиҳи Бухорий”, 4358-ҳадис), Жаброил алайҳиссаломнинг саломига сазовор бўлган, ваҳийга бевосита гувоҳ бўлган (“Саҳиҳи Бухорий”, 3775-ҳадис),  оятларнинг нозил бўлишига сабаб бўлган (Нур сураси, 11–26-оятлар), Расулуллоҳ бетоб бўлганларида, у зотнинг атрофида парвона бўлиб даволаган, Набий алайҳиссалом унинг жаннатий эканини башорат қилган (“Саҳиҳи Бухорий”, 3772-ҳадис), уммат аёлларининг энг фақиҳаси, 2210 та ҳадис ривоят қилган (Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар ва Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳумдан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилган) ОЙША БИНТИ АБУ БАКР онамиздан “Аёл ўқиб шаҳар олиб берадими?”, “Аёлга ўқишни ким қўйибди, рўзғорни эпласа бўлди-да” деган тушунчадаги кимсалар, грант асосида олий ўқув юртида ўқийдиган қиз қидириб, уни келин қилгач, турли баҳоналар билан дарсларга жўнатмаётган қайноналар, эри бетоб бўлиб қолса, парвойига ҳам келмайдиган аёллар уялишлари керак.

Жаннатда ҳам Набий алайҳиссаломнинг аёллари бўлишига қарамай, жуда кўп намоз ўқиб, кўп рўза тутган, ҳазрати Абу Бакр розийаллоҳу анҳу даврида тўпланган Мусҳафи шарифнинг саҳифаларини то вафот этгунича омонат сақлаган ҲАФСА БИНТИ УМАР розийаллоҳу анҳонинг ҳаёт йўллари намоз ўқиш ва рўза тутишда важ-баҳонлари кўп, омонатга риоя қилишни билмайдиган хотин-қизлар учун сабоқдир.

“Мискинларнинг онаси” деган лақабни олган ЗАЙНАБ БИНТИ ХУЗАЙМА онамизнинг саховатлари бугун қўлларида жарақ-жарақ пулларни айлантириб, мўмай даромад топаётган, бироқ ўзи яшайдиган маҳалла-кўйда фақирлар, мискинлар борлигини, ҳатто қариндошлари орасида ҳам муҳтожлар борлигини унутиб қўйган тижоратчи аёллар учун ибратдир.    

Ҳудайбия сулҳида Набий алайҳиссалом саҳобаларига: “Эй инсонлар, қурбонликларингизни сўйинг ва сочларингизни олдиринг” деганларида, ҳеч ким ўрнидан қўзғалмади. У зот мазкур сўзларини такрорлаганларида яна шу ҳолат кузатилди. Шунда УММУ САЛАМА онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Набиййаллоҳ, ўзингиз қурбонлик қилиб, сочингизни олдиринг. Саҳобаларнинг ҳаммаси сизга эрагашади”, деди ва шундай бўлди.

Умму Салама онамизнинг тадбирли бўлганлари ва тўғри қарор қабул қилганлари бугун оналар, рафиқалар, ҳар қандай аёл учун гўё бир маҳорат сабоғидир.

Инфоқ-эҳсон қилишни яхши кўрган, қариндошлар ўртасида алоқани мустаҳкамлаган ЗАЙНАБ БИНТИ ЖАҲШ онамизнинг саъй-ҳаракатларидан бугун эҳсон нималигини билмайдиган, қариндош-уруғнинг ҳолидан хабар олишга ярамайдиган хотин-қизларимиз хулоса чиқаришлари шарт.

Дунёни бир четга қўйиб, Аллоҳни, Унинг Расулини ва охиратни танлаган оналаримизни таниган ва уларга меҳр қўйган аёл ҳеч қачон фарзандини арзимас маблағ эвазига сотмайди, ўз жигарпорасини асраб-авайлайди ва тарбиясини бировлар қўлига топшириб қўймайди. Аллоҳ ва расулини танлаган оналаримизни таниган нозик хилқат эгаси ҳеч қачон дини, миллати, халқи шаънига доғ туширмайди. Аллоҳ ва Унинг Расулини танлаган оналаримизни таниган ўқитувчилар ўқувчиларни ҳақорат қилмайди, мураббиялар қўл остидаги тарбияланувчи болажонларга ғайриинсоний хатти-ҳаракатлардан тийилади.

Аллоҳ ва Унинг Расулини танлаган оналаримизни таниган хотин-қизлар эрига бир умр вафо ва садоқат билан яшаб ўтган момоларимизга муносиб авлод бўлишга интилади ва бу йўлда ҳар қандай тўқис ва ғовларни енгиб ўтишга ҳаракат қилади. Бунинг учун унинг маънавияти миллий қадриятларимизнинг сарчашмасидан суғорилган, муқаддас динимиз таълимотидан баҳра олган, мўминларнинг оналари ҳаёт йўлларидаги ибратга тўла сабоқлар билан йўғрилган бўлиши зарур.

Аллоҳни ва Унинг Расулини танлаган оналаримизни таниган аёл иффатини сақлайди, ор-номусини асрайди, фаҳш ва зино кўчасига асло йўламайди. Номаҳрамларга қарашни худди оловда ёниш деб билади.

Аллоҳни, Унинг Расулини ва охиратни танлаган оналаримизни таниган қайнона ҳеч қачон келини олиб келадиган сепга қарамайди. Унинг ота-онасидан чет элнинг телевизорини, мебел жиҳозларини, сарпо-суруқларни кутмайди. Тоғора-тоғора тансиқ таомлар ва пишириқларга парво қилмай борига қаноат қилади.

Шунингдек, Жувайрия бинти Ҳорис, Рамла бинти Абу Суфён (Умму Ҳабиба), Сафия бинти Ҳуяй, Маймуна бинти Ҳорис ҳамда Мория бинти Шамъун ва Райҳона бинти Шамъун оналаримиз ва бошқа саҳобийя аёлларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга кўра, ибратга тўла умр йўллари бугун ҳеч бир неъматдан қаноатланмаётган, нафсининг истак-хоҳишларига қул бўлиб қолган, соатлаб телефонда гап сотадиган, миш-мишу ғийбатдан бўшамайдиган, умрини сериал кўриш билан ўтказаётган ва улардаги образлару қаҳрамонларга тақлид қилиб яшаётган хотин-қизларга озгина бўлса ҳам ўйлантириб қўймоғи керак.

Елдек шитоб билан ўтаётган умрини ҳою ҳаваслари йўлида қурбон қилаётган, қиз чиқариб, ўғил уйлашни ва бунинг учун қандай бўлмасин, бир ўзи ёлғиз чет элга савдо учун қатнаб бўлса ҳам мол-дунё йиғишни мақсад қилиб эртаю кеч шу ташвишда яшаётган опа-сингилларимиз мўминлар оналари бошидан кечирган рўзғор ва ҳаёт ташвишлари ҳақида ўқиганларида ўзларига фойда ё зарар орттираётганларини ўйлаб кўрсалар керак, албатта.

Толибжон НИЗОМ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]