Ҳидоят ёғдуси
Рамазон – инсонларнинг чинакам мўминлик хислатлари, фазилатлари намоён бўладиган ой. Бу ойда кўп-кўп савоб ишлар, хайрли амаллар қилишга ошиқимизнинг боиси ҳам аслида шу.
Биз ҳар бир ишда Оламлар сарвари – Набий алайҳиссаломдан ибрат ва ўрнак олишга одатланган умматмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта саховатли, инфоқ қилувчи, олийжаноб, очиққўл ҳамда кўп садақа берувчи, хушфеъл, ёрдам сўраб келганларга ёрдамларию кўмакларини аямайдиган зот эдилар.
У зот алайҳиссаломнинг шундай гўзал хислатлари Рамазон ойида яна ҳам зиёда бўларди. Очиққўллик, саховатпешалик ва хайр-эҳсон қилишда порлаб турган юлдуз эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг Рамазон ойидаги энг сахийликлари Жаброил у зотга йўлиққанда бўларди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойи тугагунича ҳар кеча учрашар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса у зотга Қуръон ўқиб берар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у кишига йўлиққанида яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Биз ҳам Рамазонда кўпроқ хайрли ишлар қилиб қолишимиз керак. Айниқса, ёши улуғ нуроний отахонлар ва онахонлар ҳолидан хабар олишимиз шарт. Зеро, ҳадиси шарифда: «Кичикларга раҳм-шафқат қилмаган ва кексаларимизнинг қадрини билмаган биздан эмас», дейилган (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
«Қариси бор уйнинг париси бор», «Қари билганни пари билмас» каби ҳикматли сўзлар неча минг йиллар мобайнида ҳаётда ўз исботини топиб келган ҳақиқатдир. Аслида бир умр меҳнат қилиб, фарзанд тарбиялаб, эл-юрт корига яраб яшаётган ҳар бир инсон кексайганида ҳурмат-иззат кўриб, эъзозланиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашга муносибдир.
Шунингдек, беморлар ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг кўнглини кўтаришимиз зарур. Чунки Набий алайҳиссалом: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ургувчига яхшилик тилашдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон саховат ойидир. Бу ойда кўпроқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам қилишимиз керак. Бу ҳам набавий таълимотдир. Рамазон бошланиши билан хайрли ишларни бошлаб юбордик. Зангиота туманидаги “Оқсарой” тўйхонасида рўзанинг биринчи куни 400 кишилк ифторлик дастурхонини ёздик.
Бу эҳсонга тумандаги “Эшонгузар”, “Бўзсув”, “Эркин”, “Зангиота”, “Ўрта овул” маҳаллаларида яшовчи жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни таклиф қилдик.
Ҳадиси шарифда: «Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлади. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса камаймайди», дейилган (Имом Термизий ривояти).
Хайрли ишларда имом-хатибларимиз ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Мисол учун, Пискент тумани “Пискент” жоме масжид имом-хатиби Абдулҳамид домла Маликов бошчилигида ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳудуддаги “Ғайрат” маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 1 миллион сўмлик ифторлик эҳсони берилди.
Бекобод шаҳар “Исломобод” масжиди имом-хатиби Шарифжон домла саккизта кам таъминланган оилага 250 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди.
Оҳангарон шаҳар “Хонобод” масжиди имоми Абдуҳаким домла ҳам саккизта кам таъминланган оилага 250 минг сўмлик эҳсон қилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда 2 та оилага 600 минг сўмлик моддий ёрдам берилди.
Шунингдек, Нурафшон шаҳар бош имом-хатиби Абдурашид домла Рустамов, Зангиота тумани “Эшонгузар” жоме масжиди имом-хатиби Умиджон домла “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган инсонларга 14 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатишди.
Бундай хайрли ишларда ҳар биримиз фаол бўлишимиз зарур. Чунки Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: “Ким яхшиликка далолат қилса, унга уни қилувчининг ажрича ажр берилади”, дейилган.
Рамазон нафақат хайру саховат ойи, айни пайтда тарбия мавсуми ҳамдир. Шуни инобатга олиб, имом-домлалармиз таровеҳолди мавъизаларида ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг вақтларини беҳуда ўтказмаслик бўйича зарур насиҳат, йўл-йўриқларни беришмоқда.
Ёшлар тарбияси – ҳамманинг иши. Бу жараёнда ҳеч ким қўл қовуштириб турмаслиги керак. “Бир болага етти маҳалла – ота, она” деган мақол бежиз айтилмаган. Айниқса, бугунги ахборот хуружлари кучайган бир даврда ҳар биримизнинг шиоримиз: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулсиз…” (Муттафақун алайҳ) ҳадисини шиор қилиб олишимиз шарт.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги