Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МЕҲР-ОҚИБАТ ВА БИРДАMЛИК РАМЗИ

МЕҲР-ОҚИБАТ ВА БИРДАMЛИК РАМЗИ

Ҳашар – элга ярашар

Муқаддас ислом динининг мусаффо чашмасидан суғорилган, асрлар синосидан безавол ўтган халқимизга хос гўзал урф-одат, анъана ва қадриятларимиз борки, ҳар гал уларнинг амалдаги инъикосини кўрсак, дилларимиз яйрайди, қалбимиз сурурга тўлади, ҳузур-ҳаловат топамиз. Ҳашар ана шундай гўзал қадриятларимиздан.

Наврўз байрами арафасида, яъни 16–18 март кунлари юртимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.

Аслида ҳашар – бу бирдамлик, ҳамжиҳатлик рамзидир. Ҳашар туфайли хонадонлар, кўчалар, кўпқаватли уйлар, маҳаллалар тимсолида бутун юрт обод бўлади, файз ва футуҳга тўлади. Шу билан бирга, ерга кўчатлар қадалади. Натижада диёримизнинг ҳамма жойи боғу бўстонга айланади.

Ислом дини таълимотида кўчат экиш, боғлар барпо қилиш савоби улуғ амалларан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Агар бир мусулмон кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғли улуғ иш экани баён қилинган. Кўчат эксак нафақат тириклигимизда, балки вафотимиздан сўнг ҳам манфаат кўрамиз. Бу иш қиёмат кунигача садақаи жория сифатида амал дафтаримизга савоб ёзилишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласи вафот этса, унинг барча амаллари тўхтайди, фақат уч нарса бундан мустасно: 1) садақаи жория; 2) манфаатли илм; 3) ортидан дуо қиладиган солиҳ (солиҳа) авлод” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда келган “садақаи жория” сўзидан мурод кўчат экиш, боғ яратиш, йўл, кўприк қуриш ва одамларга хизмат қиладиган бошқа иншоотлар назарда тутилган.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди (Имом Аҳмад ривояти).

Ота-боболаримиз бежиз: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди биз экамиз, кейинги авлод ейди”, деб айтишмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар гал ҳашарга чиқиб, ҳудудларни обод масканга айлантираётган юртдошларимизни кўрсам, худди ҳашаротлар ғуж-ғуж тўпланиб тургани хаёлимга келади. Дарвоқе, “ҳашар” сўзи билан “ҳашарот” сўзининг ўзаги ҳам бир-ку ахир.

Суриялик машҳур аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳи бир маърузасида: “Аллоҳга қасам, агар Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам бугун ҳаёт бўлганларида эди, албатта, барчамизни яхшиликка, тинчликка, ҳамжиҳатликка, меҳр-шафқат ва бирдамликка ундаган бўлар эдилар”, деган.

Ҳақиқатан, шу юрт, шу азиз Ватан – барчамизники. Биз бирлашиб ҳаракат қилсак, кўпдан қуён қочиб қутилмагани сингари, барча юмушларни биргаликда уддалаймиз. Зеро, ҳашар бу – ҳамжиҳатлик, бирдамлик рамзидир.

Шу билан бирга, ҳашар орқали ёшлар ёши улуғ инсонларнинг дарахтларни кузаклаш, боғларга ишлов бериш, йўлларни, кўчаларни супуриш-сидириш каби тажрибалари билан бир қаторда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби  қадим қадрияларимиздан ҳам сабоқ олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигининг барча жамоаси, туманлар-шаҳарлар бош имом-хатиблари раҳбарлигида ҳудудимиздаги барча масжидлар ходимлари ҳам ҳар доим ҳашарларда фаол қатнашадилар.

Эртага бошланадиган умумхалқ ҳашарига барчани чорлаб қоламан.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]