Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Хушхабар «ҚОРАХИТОЙ» МАСЖИДИ ИШ БОШЛАДИ

Хушхабар «ҚОРАХИТОЙ» МАСЖИДИ ИШ БОШЛАДИ

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин, бугун, Рамазон ойининг сўнгги жума куни – 29 апрель санасида Оҳангарон туманидаги “Қорахитой” жоме масжиди мўмин-мусулмонларнинг ихтиёрига топширилди.

Кўнгилларга сурур, қалбларга ҳузур улашган очилиш маросимида туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, имомлар, нуронийлар, фаоллар, ҳомийлар иштирок этди.

Масжиднинг эски биноси 1903 йили Абдуқодир исмли киши бошчилигида қурилган эди. Бир асрдан зиёдроқ тарихга эга масжид таъмирталаб бўлиб қолган, қолаверса, намозхонлар сафи кенгайиши сабаб мўмин-мусулмонларга торлиқ қилиб қолган эди.

Жоменинг эски биноси 10 сотих ер-майдонида жойлашган, бор-йўғи 200 кишини сиғдира олар эди. Туман ҳокимининг қарори, мутасадди раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан масжидга 2019 йили 1,31 гектар ер ажратилди. Шу йили масжиднинг янги биносига тамал тоши қўйилди.

Жоменинг янги биноси айни пайтда 3 минг кишини ўз бағрига сиғдира олади. Масжид ертўла ва хонақоҳдан иборат. Янги жомега мос равишда замонавий таҳоратхона ҳам қурилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 50 киши покланади.

Масжид Тошкент–Фарғона водийси йўли бўйида жойлашгани боис маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ташриф буюришини инобатга олиб, аёллар учун алоҳида намозхона, таҳоратхона ҳамда “Она ва бола” хонаси барпо этилди.

Айни пайтда масжид туман марказий жомесидир. Аллоҳ таоло ушбу ибодат ва маърифат масканини хайрли қилсин.

Таъкидлаш жоиз, туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев туманда қуриши давом этаётган жоме масжидларнинг гўзал ва фусункор бўлиши учун ўзининг қимматли тавсия ва йўл-йўриқларини бериб келмоқда.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]