واللهُ يَغْضَبُ وَيَرْضَى لا كَأَحَدٍ مِنَ الوَرَى،
Аллоҳ ғазаб қилади ва рози ҳам бўлади. Аммо махлуқотлар ғазаблангани ёки рози бўлгани каби эмас.
Аллоҳ таоло ғазабланади ва рози бўлади, бироқ бу сифатлар бандаларники каби эмасдир.
Муташобиҳ сифатлар ҳақидаги мавзуларда уларга аҳли сунна вал жамоанинг ёндашуви икки хил – таъвил ва тафвиз эканини ўрганган эдик. Аллоҳ таолонинг ғазаб қилиши ва рози бўлиши ҳам ана шундай сўзлардан бўлиб, бу иккисини Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилганда биз одамларга нисбатан ишлатилгандаги маъно тушунилмайди. Масалан, ғазаб бизга нисбатан – ёқтирмаган ишдан безовталаниб, унга зарар етказиш ва интиқом олиш учун нафснинг ғалаёнга келишидир. Розилик эса – ёқтирган ишдан завқланиб, унга фойда келтириш ва мукофотлаш учун нафснинг сурурга тўлишидир. Аллоҳ таоло бундай ўзгариш ва сифатлардан покдир. Аллоҳ таолонинг ғазаби ва розилигининг ҳақиқати нима эканини Унинг Ўзига ҳавола қиламиз ва Аллоҳ таоло билувчи деймиз. Мана шу тафвиздир. Ёки, Аллоҳ таолонинг ғазаби – азоблаш ва интиқом олишни ирода қилишидир. Розилиги эса – неъмат ва савоб беришни ирода қилишидир, деймиз. Бу йўл эса таъвилдир. Иккиси ҳам жоиз ёндашув ҳисобланади.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги