Ислом динида деҳқончилик касби жуда улуғланади. Деҳқончилик ер юзини обод қилишга алоқадор бўлган солиҳ амал ва манфаатли, даромадли касблардан ҳисобланади. Қуръони каримда ҳамда ҳадиси шарифларда боғлар барпо этиш, шу орқали ризқу насиба излаш, нафақаи оила қилиш улуғ амаллардан эканига ишоратлар, далолатлар кўпдир. Деҳқончилик қилишда Аллоҳ таолонинг буюк мўъжизаларидан бири бўлган сув неъматининг ўрни каттадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандалар ризқланиши, касб қилиши учун осмонни барпо этгани, ундан сув тушириши, бунинг таъсирида ердаги уруғлардан ўсимлик униб чиқиши, ҳосил бериши, ундан одамлар, ҳайвонлар ризқланиши ниҳотда катта мўъжиза экани ҳаммамизга маълум.
Бақара сураси 22-оятида Аллоҳ таоло шундай хитоб қилади:
Аллоҳ таоло ер юзини сизларга экинзор қилиб, осмонни ҳам барпо қилиб, осмондан сув тушириб, ўша сув билан мевалар ҳосил қилиб, сизларга ризқ бериб қўйган Зотдир.
Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадиси набавийларидан бирида шундай деганлар: «Касбларнинг орасида энг улуғларидан бири деҳқончилик қилишдир, деҳқон одам ерга эккан ҳар бир нарсаси учун ажр олади». Бир куни саҳобаи киромлар пайғамбаримизга мурожаат қилишиб, мол-мулкларимизнинг қайси бири афзалдир, деганларида, у зот: «Деҳқончилик ва чорва қилишдир», деган эканлар.
Динимизда деҳқончилик қилишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Яъни, баъзилар адо қилсалар бошқалардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким адо қилмаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Бу ишнинг фарзи кифоя бўлишининг ҳикматларидан бири шуки, шу ҳунар, шу касб орқали, инсонлар, ҳайвонларнинг кўплаб ризқлари вужудга келади, шаклланади.
Ер юзида илк бор деҳқончилик қилган одам Одам алайҳиссаломдир. Тафсир китобларида келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганда, Жаброил алайҳиссалом унга буғдой олиб келиб, ерга экишни буюради. Одам алайҳиссалом эса, уруғни олиб, ерга экади, суғоради, ҳосил олади, олган ҳосилидан ризқланади.
Ҳадиси шарифда айтилганидек: «Бирор мусулмон одам ерга экин экса, ёки дарахт ўтказса, ундан инсонлар ва қушлар тановул қилса, манфаат олса, ўша одамга садақа қилганлик савоби ёзилади».
Жонажон юртимиз жаннатмонанд ўлка ҳисобланади. Тўрт фасл, нурафшон қуёш, унумдор тупроқ, икки дарё, меҳнатсевар халқ, буларнинг барчаси деҳқончилик учун, ҳам зарурий омиллар, ҳам қулай шарт шароитлар ҳисобланади.
Аллоҳ таоло деҳқонларимиз ишларига, деҳқончиликларига қут-барака берсин, ҳосиллари мўл-кўл бўлсин, хонадонлари кенгчиликка тўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз тотув, ёшларимиз меҳнатсевар, кексаларимиз ибодатгўй ва дуогўй бўлсин!
Мамлакатимиздаги тинчликка, тараққиётга, фаровонликка, аҳиликка, тотувликка, бағрикенгликка Аллоҳнинг Ўзи янада мададкор бўлсин!
Тошкент вилояти Янгийўл тумани«Гулбаҳор» жоме масжиди
имом-хатиби Нуриддин Ҳошимов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги