Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мусибатга сабр қилиб, карантин қоидаларига амал қилиш

Мусибатга сабр қилиб, карантин қоидаларига амал қилиш

Бугунги кунда мамлакатимизга COVID-19 хавф солиб турибди. Бу дардни енгишга халқимиз, айниқса фидойи шифокорлар, ички ишлар ҳодимлари ва бир қатор вазирлик ва ташкилотлар биргалашиб ҳаракат қилмоқда. Баъзи фидойи фуқароларимиз ҳам «Биздан қандай ёрдам, домла биз қандай ёрдам бера оламиз? Ахир, қўл қовуштириб ўтира олмаймиз­ку!», -деган мазмундаги кўп саволлар билан мурожаат қилишмоқда. Албатта, бундан хурсандмиз, чунки фуқароларимиз мамлакатимизда бўлаётган воқеа­ҳодисаларга бефарқлик ва лоқайдлик назари билан эмас балки барчалари фидойилик назари билан қарамоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда «Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақлангин»,­ деб марҳамат қилганлар.

Кўпгина юртдошларимиз оилавий ҳаражатларидан, тижоратларидан орттириб эҳсонлар қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг ажру савобларини улуғ қилиб берсин.

Биз фуқаролар барчамиз карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолиб, тозаликка эътибор қаратишимиз лозим. Бугун баъзи бир юртдошларимизнинг қалтис вазиятда кўчада юрганлари акс эттирилган видеоларни жойлаётганларини ижтимоий тармоқларда кўриб турибмиз. Албатта, бундай ҳолатлар ҳукуматимиз эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Халқ бошига мусибат етган пайтда бундай ўзбошимчаликка йўл қўяётган фуқароларимизга нисбатан қонунда кўрсатилган тартибда жазолар тайинланмоқда. Биз бундай вазиятда кўчага чиқиб ўзимизни кўз­кўз қилиб, ҳеч ким йўқ, биз юрибмиз, мазмундаги гапларни айтмай, ҳукуматимиз қабул қилган қонун-қоидаларга амал қилсалар иншаАллоҳ жуда катта савобга ҳам эга бўладилар.

Аллоҳ таоло бошлиқларга итоат этиш борасида Қуръони каримнинг Нисо сураси 59- оятида шундай марҳамат қилади:

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир».

Аллоҳ таолодан намозларимизда дуо қилиб сўрайлик, истиғфор айтайлик, бу мусибатни бошимиздан тезроқ аритсин. Умримизга ризқимизга Аллоҳ таоло барака берсин.

Ангрен шаҳар «Облиқ» жоме масжиди имом хатиби

Хусниддинхон Шарофхўжаев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]