Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / САБРНИНГ ИМОНДАГИ ЎРНИ

САБРНИНГ ИМОНДАГИ ЎРНИ

«(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас»(Бақара сураси, 45-оят).

“Сабр”. Азиятларга чидамли, нафсга қарши курашувчи тоатларда давомли бўлиш, шаҳватларни бостириш, уларнинг қулоч ёзиб кетишига йўл қўймасликдир. Мана шулар набийлар ва солиҳларнинг ахлоқларидан. Яҳё ибн Ямон: “Сабр бу Аллоҳ таоло сенга берган ҳолатидан ўзгасини умид қилмаслигинг ҳамда дунё ва охират ишидан сенга тақдир қилганига рози бўлишинг”, деган. Али розияллоҳу анҳу: “Сабрнинг имондаги ўрни бошнинг жасаддаги ўрни кабидир”, деган.

Аллоҳ таоло яхшиликнинг мукофотига фақат битта ниҳоя белгилади: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур»(Анъом сураси, 160-оят). Инфоқ-эҳсон қилинган садақага ўн баробар қайтариладиган яхшиликдан юқорироқ мукофот белгилади: «Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ униб чиқадир, ҳар бир бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир»(Бақара сураси, 261-оят). Сабр қилувчиларнинг мукофотини эса ҳисобсиз белгилади ва унинг аҳлини мақтади: «Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ, берилур»(Зумар сураси, 10-оят).

Бир ўринда бундай келади: “Албатта, сабр қилувчиларга берилур”, деб рўзадорлар назарда тутилмоқда. Бу ҳадисда Аллоҳ таолонинг: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, деган сўзига мувофиқдир. Сабаби, Парвардигор сабрнинг мукофотини айтмагани каби рўзанинг ҳам савобини айтмаган.

Сабр шундай улуғ фазилатки, Аллоҳ Ўзини у билан васфлади. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: «Айтадилар: “Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ таолочалик Ўзи ҳақида эшитган озорларига сабр қилолмас. Одамлар “Унинг боласи бор”, деб даво қилишса ҳам, Парвардигор уларга офият ва ризқ бераверади”(Имом Бухорий ривояти).

Уламолар айтишади: “Аллоҳ таолонинг сабр деб васфланиши ҳилм маъносидадир. Сабаби, азобга мустаҳиқ бўлган бандаларининг уқубатини ҳилми ила кечиктиради. Қуръони каримда Парвардигорнинг сабр сифати билан васф қилингани келмаган. Абу Мусо Ашъарийнинг ҳадисидаги ҳилмнинг таъвили борасида Ибн Фаврок ва бошқалар бундай дейишади: «Парвардигорнинг исмлари орасида “Сабур” номи Унга осий бўлганларга нисбатан ҳилмининг муболағаси учун келтирилгандир».

“Намоз”. Бошқа ибодатлар эмас, айнан намоз зикр этилмоқда. Набий алайҳиссалом қачон хафа бўлсалар, намозга мурожаат қилардилар. Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу сафарда эканида унга қизининг вафоти ҳақида хабар келди. Ибн Аббос дарров истиржоъ  (“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”) келтирди. Сўнгра: “Аврат эди, Аллоҳ таоло уни беркитди. Вазифа эди, Аллоҳ унга кифоя қилди. Ажр эди, Аллоҳ уни келтирди”, деди. Сўнг йўл четига чиқиб намоз ўқиди ва ортидан: “Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг”, оятини ўқиди». Бу ривоятдан маълум бўладики, оятда барча биладиган шариатдаги намоз ҳақида сўз бормоқда. Аммо бошқалар намознинг луғатдаги маъносини назарда тутиб, оятда дуо маъносида келганини айтишади. Бу таъвилга кўра, оят Анфол сурасининг бу оятига ўхшаш маънони беради: “Эй имон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки, нажот топсангиз” (45-оят).Сабаби, сабот – сабр, зикр эса дуодир.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: «Оятда “сабр”дан мурод рўзадир. Рамазон ҳам “сабр ойи”, дейилади. Шунинг учун сабр (яъни рўза) билан намоз зикр қилинди», дейди. Сабр (яъни, рўза) кишини шаҳватлардан тияди ва дунёда зоҳидликка ундайди. Намоз эса фаҳш ва мункар ишдан тияди ҳамда тавозелик, охират зикри келган оятларни ўқишга ундайди. Аллоҳ билувчироқ.

“У (намоз) оғир ишдир”. Муфассирлар оятдаги “у” лафзидан мурод намозми ёки сабрми, деган масалада турли фикрларни илгари суришди. Бир гуруҳ уламолар бундай дейишади: «“У” хоссатан намозга тегишли. Сабаби, намоз рўзадан кўра нафсга оғир келади. Чунки рўзада фақат орзу ва шаҳватлардан тийилиш буюрилган. Яъни, рўзадор ейиш-ичиш ва жинсий муносабатдан тўхтайди. Бундан бошқа гаплашиш, юриш-туриш каби эҳтиёжлардан истаганича фойдалана олади.   Намоз ўқиётган кишига буларнинг биронтаси мумкин эмас. Барча аъзолари билан жами шаҳватлардан тийилиб, намозга боғланади. Шунинг учуноятда: “у (намоз) оғир ишдир”, дейилмоқда».

Баъзи тафсирчилар оятда “у” дейилганда намоз ҳам, сабр ҳам кўзда тутилган дейишади. Аммо биринчи фикр ҳақиқатга яқиндир. Сабаби намоз кўп такрорланувчи амал. Масалан: “Олтин ва кумушни Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер”(Тавба сураси, 34-оят); “Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар”(Жумъа сураси, 11-)оятларини олайлик. Улардаги киноя – кўп учрагани учун кумушга, шунингдек, афзал ва муҳим бўлгани учун тижоратга қайтмоқда.

Яна бир ўринда бундай дейилади: “Агар сабр намознинг таркибига кирса, албатта, киноя унга қайтади. Масалан: “Аллоҳни ва Унинг расулини рози қилмоқлари ҳақли эди”(Тавба сураси, 62-)оятида “Аллоҳни рози ва Расулини рози қилмоқлари”, деб алоҳида айтилмади. Сабаби, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг розиликлари Аллоҳ таолонинг ризосига киради. Мўминун сураси 50-оятида: “Ибн Марямни ва унинг онасини оят-аломат қилдик”, дейилмоқда, “Ибн Марямни оят-аломат ва унинг онасини оят-аломат қилдик”, дейилмади.

“Ёрдам сўранг”. Айтиладики: «Оятдаги хитоб Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватларига ижобат этишга қаратилган. Сабаби, у зот алайҳиссалом сабр ва намозга чақирар эдилар. Мушриклар: “Аллоҳ ҳаққи, эй Муҳаммад, сен бизни буюк ишга чақирмоқдасан”, дейишганда. У зот алайҳиссалом: “Намоз ва Аллоҳ таоло азза ва жаллага имон келтиришга”, деб жавоб берганлар». Бир ўринда эса: “Хитоб Каъбага тегишли. Боиси, намозга бўлган амр унга қараб адо этилади”, дейилади.

“Итоатли (хокисор) кишиларга оғир эмас”. Яъни, улардан бошқаларга оғир келади. Маъоний олимлари айтадилар: “Азалда Аллоҳ таоло томонидан танланган ва ҳидоят берилган кимсалардан бошқаларга бу оғир келади, демакдир”.

Оятдаги “хошиъун” сўзи тавозели, камтарин маъноларини билдирувчи “хошиъ” сўзининг кўплигидир. Қатода: “Хушу қалбда бўлади, намоздаги хушу эса қўрқиш ҳамда ўнгу сўлга қарашдан тийилишдир”, деган.

Иброҳим Нахаъий Аъмашга деди: “Хушу бу қаттиқ-қуруқ нарсалар ейиш ёки қалин ва дағал кийимлар кийиш ва бошни қуйи солиб юриш эмас. Хушу  шарафли билан шарафсизни ҳам ҳақиқат юзасидан тенг кўришдир. Аллоҳ сенга буюрган барча фарзларда итоат қилишингдир”.

Умар ибн Хаттоб бошини эгиб олган йигитга: “Эй фалончи, бошингни тик тут. Албатта, хушу қалбдагидан бошқа нарса эмас”, деди. Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу ану: “Хушу қалбда бўлиб, мусулмонларга юмшоқ муомала қилиш, намозда ўнгу сўлга қарамасликдир”, деган. Ушбу маъно Аллоҳ таолонинг бу сўзида янада ойдинлашади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозда хушу қилувчилардир”(Мўъминун сураси, 1–2-оятлар). Ким одамларга қалбидаги хушудан ортиқча ҳолда кўринса, албатта у мунофиқлик устига мунофиқлик билан зоҳир бўлибди”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Аллоҳ таолонинг сўзига биноан, кишининг танасидаги жами туки хушу қилмагунича у қўрқувчи бўлмайди: “Ундан Раббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар”(Зумар сураси, 23-оят).

Юқорида зикр қилинган мақталган хушудир. Сабаби қалбда қўрқинч ўрнашса, хушуни зоҳир кўрсатиб қўядики, эгаси уни кетказа олмайди. Мана шунда уни камгап, хушмуомалали, итоаткор кўрасиз. Салафлар хушудан топган шулар каби ҳолатларини яширишга ҳаракат қилишарди. Аммо баъзи жоҳиллар бошқаларга яхши, покдомон кўриниш учун бошларини эгиб олиб, ўзини йиғлаганга солиш билан сохталик қилиб, мазаммат қилинган хушуга ружу қўйишади. Буни инсонга нафси васваса қилади. Ҳасан Басрий розийаллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурида хўрсиниб нафас олишни бошлади. Ҳазрат Умар унинг ишини ёқтирмаганидан, уни туртиб қўйди. Умар розияллоҳу анҳу овози баланд, юриши тез, зарби кучли бўлиши билан бирга зоҳид, самимий ва тавозелик инсон эди”.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: «“Итоатли (хокисор) кишилар”– чин мўминлардир», деган.

Қуртубий тафсири асосида

Нуриддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]