Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Дуолар ижобат бўладиган кеча

Дуолар ижобат бўладиган кеча

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойида ҳар доимгидан кўра кўпроқ ибодат қилар ва хусусан, нафл рўзаларни кўп тутар эдилар. Чунки, Шаъбон ойи Рамазондан хабар берувчи ойдир. Яъни, кундузи рўза тутиш ва кечаси қоим бўлиш билан Рамазонга тайёргарлик кўриш маъноси бордир.

Шаъбон ойининг фазилатли жиҳатларидан яна бири бу ойнинг ўн бешинчи кечаси яъни, бароат кечасидир. Бароат сўзи луғатда “озод бўлиш”, “нажот топиш” маъноларини англатади. Бароат кечасининг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ таоло қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича: «Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани, фалон, фалон» (дейди)», дедилар.

Ибн Можа ривоят қилган.

Юқорида келтирилган ва бундан бошқа ҳадислардан маълум бўладики, бароат кечаси дуолар ижобат бўладиган, гуноҳлар мағфират қилинадиган, балога учраганларга офият бериладиган муборак бир кечадир.

Бароат кечасида қоим бўлиш деганда айнан махсус ибодатлар хосланмаган. Яъни, фалон ракат намоз ўқиш, ёки фалон зикрни фалон марта айтиш каби гаплар тўғри эмас. Ҳар ким ўз тоқати ва имкони доирасида амал қилаверади. Кимдир қазо намозларини ёки нафл намозлар ўқийди, кимдир Қуръон тиловат қилади, яна кимдир истиғфор айтади ва ҳоказо. Асосийси, кечани Аллоҳнинг зикри билан ўтказишдир. Бундан ташқари, кечани тўлиқ бедор ўтказишга ҳам буюрилмаган. Бу борада ҳам ҳар ким ўз тоқати ва имкониятидан келиб чиқиб амал қилаверади.

Уламолар айтадиларки, бароат кечасида бедор бўлишга имкони йўқлар ҳеч бўлмаганда кундузи гуноҳлардан ўзини тийсин. Иложи борича гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилсин.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, бу ғанимат фурсатдан унумли фойдаланиб қолайлик. Зеро, коронавирус вабоси хавф солиб турган бу кунларда бундай ғанимат фурсатларга нақадар муҳтожмиз.

Маълумот ўрнида бу йилги 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) бароат кечаси (бедор бўлинадиган кеча) 7 апрель сешанба кечасига кундузи (рўза тутиладиган кун) эса 8 апрель чоршанба кунига тўғри келмоқда. Валлоҳу аълам.

Бароат кечасини ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказиб, кечанинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўлишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин!

Манбалар асосида Оҳангарон тумани «Абдуҳаҳҳор Махсум» жоме масжиди имом хатиби Нусратуллаев Абдулбосит тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]