Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЁМОНЛИК ҚИЛГАНГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ — ДИНИМИЗ АМРИ

ЁМОНЛИК ҚИЛГАНГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ — ДИНИМИЗ АМРИ

Кимдир бизга ёмонлик қилса, алдаса, хиёнат қилса, дарҳол уни баддуо қиламиз. Алданганимизни, ёмонликка учраганимизни мабодо аёлимиз эшитса борми, дарҳол у бизга ёмонлик қилган кимсани қарғай кетади.

Афсуски, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш «одат»га айланиб қолган. Ваҳоланки, мўминга яхшилик бўладими ёки у ёмонликка учрайдими, албатта, бунинг ҳам ҳикмати бор.

Саҳобалардан Туфайл ибн Амр Давсий розияллоҳу анҳу дўстлари билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Давс қабиласи ҳаддидан ошди, куфр келтирди. Уларни дуоибад қилинг», деганларида ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, иҳди давсан» (Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил) деб уч марта дуо қилдилар. У зот алайҳиссалом Давсни дуо қилиш учун қўлларини кўтарганларида Туфайл ибн Амр ва унинг шериклари: «Ана энди Давс ҳалок бўлди, Давснинг шўри қуриди», дейишди.

Улар Расули акрам алайҳиссалом Давсни қарғайди, деб ўйлашган эди.

Йўқ, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Давсга ҳидоят сўраб: «Раббим, Давсни ҳидоят қилгин, уларни Мадинага мусулмон ҳолида келтиргин», деб дуо қилдилар.

Ана шу Набавий таълимотга риоя қилсак, ишонинг, сизга ким ёмонлик қилишидан қатъи назар, албатта, унинг замиридан яхшилик чиқиб келаверади.

Бир синаб қўрайлик-да, кимдир сизни ранжитса, бировга ёмонласа, алдаса, унга, динимиз ўргатганидек, яхшилик қилинг. Аввало, у ўз-ўзидан: «Шу одамга ёмонлик қилсам ҳам, у менга яхшилик қиляпти», деб уялиб юради ва асло қайтиб ёмонлик қилмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа муддат — 23 йил мобайнида ўн минглаб одамларни зулматлардан нурга олиб чиққанлари, куфрдан ҳидоятга бошлаганлари, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти, шу билан бирга, у зотнинг ёмонлик қилган кимсага ҳам яхшилик қилаверишлари натижасидир.

Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]