Исломда аёллар масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканликлари баён қилинган. Бир неча ояти карималар айнан аёлларнинг ҳуқуқ ва мажбурияларига бағишлангани, ҳатто аёллар номи билан аталувчи сура (Нисо) ҳам борлиги фикримизни тасдиқлайди.
Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиб, аёл кишига латофатли хилқат, ибо ва ҳаё тимсоли сифатида қаралиб, уни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш лозим эканлиги уқтирилади ва бу вазифа эркакларнинг зиммасига юкланади.
Қиз ота кафтида, аёл эр бағрида ва оналар фарзандлар боши узра кўтарилиб, қадрланиши буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Видолашув ҳажида эркакларни аёлларга нисбатан яхши муомалада бўлишга буюрдилар. Ҳадисларнинг бирида: “Мўминларнинг энг иймони комили гўзал хуқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аёлига яхши муомалада бўлганингиздир”, дейилган.
Ислом дини эркаклар билан бир қаторда аёлларни хам илму маърифатли бўлишга тарғиб этади. Қуръони каримнинг умумий маънода келган оятлари эркагу аёлга бирдек тааллуқли экани жиҳатидан: “Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳо сураси, 114-)оятидан аёллар ҳам илмларини ошириш йўлида саъй-ҳаракат қилмоқлари лозим экани келиб чиқади.
Юртимиз тарихига назар солсак, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларни кўрамиз. Самарқандлик Фотима бинти Муҳаммад Самарқандий фақиҳалардан бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “Уламолар подшоси” деган унвон олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.
Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун, турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тофжолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Карима Утрузия, Саййида Нафиса бинти Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.
Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят).
Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.
Ислом дини аёл-қизларни улуғлаган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар.
Бу дунёда иззат, охиратда шараф бўлган илмни аёл-қизларимизга ўргатиб, келажакда Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган, буюк аждодларимизга муносиб авлодлардан бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги