Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТЎЙ – БИР КУНЛИК, УНИ ДЕБ БИР УМР АФСУСЛАНМАЙЛИК!

ТЎЙ – БИР КУНЛИК, УНИ ДЕБ БИР УМР АФСУСЛАНМАЙЛИК!

Ёз – айни пишиқчилик палласи, шу билан бирга, тўйлар мавсуми ҳам. Бугун қай бир тўйхона ёки ресторан олдидан ўтсангиз, карнай-сурнай садоларини эшитасиз. Тўй – бу халқимизнинг кўп минг йиллик қадриятларини, умуминсоний  анъаналарини ўзида мужассам эттирган – маросим. Аммо, афсуски, сўнгги йигирма-ўттиз йил мобайнида тўйларимиз фожиага айланиб улгурди. Айниқса, аксарият ҳолларда жамиятда ўз ўрнини топа олмаган шахслар оилавий тантана, маърака ва маросимлар, ижтимоий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, обрў қозониш одат тусига кириб қолди.

Таниқли адиб, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасида тўй қиламан деб катта қарз олган Солиҳнинг фожиавий тақдири ёритилган. Ушбу фожианинг сабаби эса Элликбошининг сўзларида очиб берилган: «Мен сизга сабабини айтсам, сизни бекор шариатдан ташқари тўй қилуб, куёвингиздан кўп оқча олуб қарздор қилганингиз сабаб бўлди. Ўшал вақтда мен сизға айтдим, бекор исроф қилманг, куёвингиздан кўп оқча сўраманг, юртка обрў қиламан деб, ош-нон беруб, Худо ва расулининг буйруғидан чиқманг, дедим. Сиз менинг сўзимни қулоқға олмадингиз ва шариъатга бўйсунмадингиз ва мени беобрў қилдингиз, мана куёвингиз қарздор бўлган экан, мулк-ашёдан ва ширин жондан ажрабдур. Сиз ҳам жонингиздан, ширин қизингиздин ажралдингиз. Бу дунёда кўрган ғам сизга ғам эмас, маҳшар куни Худованди карим олдида итобға қолмоғингиз уёнда турибдур. (Халқға қараб) Сизлар ҳам шундоқ исроф қилмоқдасиз. Исроф зиёнини кўрдингизми?..»

Таъкидлаш жоиз, қарийб юз йил олдин юртимиз маърифатпарварларини ўйлантирган муаммолар, хали ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Аксинча, янада илдиз отиб, турмушда юз бераётган муаммоларнинг, фожеаларнинг сабаби бўлиб қолмоқда.

 Исломда никоҳ тўйи бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланганларида тўй қилганлари ва жуда содда, камтарона бўлгани ҳамда саҳобаларга “тўй қилиб бер” деганлари ривоятларда келган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдурраҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди. Унда хушбўйлик асари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар. У ансорлардан бир аёлга уйланганини айтди. У зот: “Қанча маҳр бердинг?” дедилар. У: “Данак вазнидаги тилло”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир қўй билан бўлса ҳам зиёфат бер”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга бир қўй сўйиб, тўй қилиб беришга буюрдилар. Саҳобийга кўп нарса юкламадилар. Ваҳоланки, Абдураҳмон ибн Авф жуда бой эди. Вафот этганида ҳар бир аёлининг меросдаги улуши юз минг динор (тилла танга)ни ташкил қилган.

Тўйдан кўзланган мақсадлардан бири келин-куёв оила қурганини эълон этишдир. Ҳозирги кунда бу мақсадга маҳаллага бериладиган ош билан эришилади. Лекин зиёфатга бутун шаҳар ёки қишлоқ аҳлини айтиш шарт эмас. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ, дўстлар билан ўтиб кетади. Ҳозир очарчилик замони эмас. Айтилмаганлар ўпкаламайди, агар тушунмасалар, тушунадиган вақт келди. Тўйларимизда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, манманлик, исрофдаги мусобақа авжига чиқди. “У мени айтган, мен ҳам айтишим керак”, деймиз. Тўй қилган ошини қарзга берган экан-да! Ривоятдаги яна бир нуқта: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўй қилиб беришни куёвнинг зиммасига юкладилар. Динимизда ҳар бир оила аъзосининг вазифаси тўлиқ эълон қилинган.

Ҳаммамиз кўряпмиз, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уриш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

Тинимсиз тушунтиришларга қарамай, ҳамон келин томон олиб келадиган мебельга кўз тикиб, “Онанг буни қилмади, отанг уни олиб бермади” дея ёшларнинг не умидлар билан бошлаган ҳаётларини бузаётган оналар ҳам топилиб қолаяпти.

Хуллас, гоҳ у томон, гоҳ бу томон. Тўйларни ихчам, камҳарж, ҳеч кимга малол келмайдиган тарзда ўтказишнинг имкони бўлмаяпти. Бу ишимиз билан ўзимизга душманлик қилаяпмиз. Етти ёт бегоналарнинг гап-сўзлари, нима дейишларини ўйлаб, бошқа фарзандларимизнинг илм олишдан маҳрум қилмоқдамиз. Ҳотиржамлик маскани бўлиши лозим бўлган оилани эса қарз узиш ҳақида тинимсиз ташвиш тортиладиган маконга айлантирмоқдамиз.

Улуғлар дейди: “Сен фақат жисм билан эмас, балки руҳ билан инсонсан”. Демак, ҳаётнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий-руҳий жиҳатида уйғун ҳолда эътибор беришга тўғри келади.

Авваламбор, қуда-андаларнинг дунёқараши, эътиқоди бир бўлса, кўп муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Иккала томон ҳам “Униси кам, буни қилиш керак…” дан четланиб, фарзандларга бахт-саодат сўрайлик дейишга ўтади. Бу маънавий тарбиянинг меваси, албатта.

Вазифа кишининг иқтидори, қобилияти ва қуввати, мақомига қараб юклатилади. Оила нафақаси унинг раҳбари зиммасида. У шу бурчни адо этишга муносиб яратилган. Оила нафақасига емоқ-ичмоқ, уй-жой ва зарурий анжомлар, кийим-кечак, таълим олиш, даволаниш ва ҳаддан ошмаган ҳолда тўй учун қилинадиган ва бошқа моддий ҳаражатлар киради. Бу вазифани оила раҳбари сидқидилдан, миннатсиз адо этиши унинг учун шараф, ажру савобдир.

Бугун эса, афсуски, бу ҳолатнинг аксини кўрамиз. Келин томон ош берган, куёв тараф келиннинг ошига беҳисоб одам олиб борган, баъзи меҳмонлар тўйхонага сиғмай, хижолатбозлик ҳам бўлиб туради. Бундан ҳам ачинарлиси, куёв томон келин тарафга уйларини бўшатиб қўядиган хунук одат чиқардилар. Хоналарнинг сони “ҳиммат”га яраша. Келин томон у хоналарни тўлдириш учун ўлиб-тирилади. “Мол кетса кетсин, обрў кетмасин!” қуда холанинг кўнгли олинса, бас. Ҳатто, мебел танлашда қуда холанинг дидлари, раъйларига қаралади. Акс ҳолда, жиҳозлар машинадан тушмасдан қайтиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Пардаларгача қуда хола танлаши шарт… Ҳамият қани, уят қаерда қолди?! Аслида булар куёв тўранинг вазифалари эди-ку!

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши дедилар: «Биз Али ибн Абу Толиб билан Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг тўйларида бўлдик. Ундан чиройлироқ тўйни кўрмадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга майиз билан хурмо қўйдилар. Биз уни тановул қилдик. Тўй кечаси Фотиманинг тўшаги қўйнинг пўстаги эди” (Имом Табароний ривояти).

Бутун инсониятга гўзал намуна. Бу никоҳ узукка кўз қўйгандек эди. Жаннат башорати берилганларнинг тўйи. Келажакда Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайндек розияллоҳу анҳумо улуғларнинг ота-оналарининг никоҳи. Тўй оддий, лекин самимий ва улуғвор.

Фотимаи Заҳро онамиз розияллоҳу анҳонинг тўшаклари бир қўй пўстаги эди. Лекин улар бахтиёр эдилар. Биз мусулмонларнинг тўйимиз бошқа дин ва миллат вакилларига чиройли ўрнак бўлиши керак. Чунки биз Аллоҳ таолонинг илоҳий таълимотлари асосида яшаши лозим бўлган бандалармиз. Бизнинг аждодларимиз ҳар соҳада дунёга устоз бўлганлар. Уларнинг энг катта бойликлари юксак маънавиялари эди.

Илгарилари тўйдан олдин маслаҳат оши деган ихчамгина тадбиримиз бўларди. Унда ёши улуғлар, аҳли илм, оқсоқоллар, мўътабар кишиларни йиғиб, ўтказиладиган тадбир кенгашиб олинарди. Шу удумни ҳозир йўлга қўймоқ керакки, зора, улар кўплаб исроф ва ҳаддан ошишларнинг қатъийлик билан олдини олишса. Ҳозир ҳамма “ақлли”, ўзим биламан, дейдиган бўлиб қолди. Аллоҳ таоло ҳатто пайғамбарларига ҳам маслаҳатлашишни буюради:

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Хулоса. Бир кунлик тўй деб бутун умримизни завол қилмайлик. Маслаҳат билан ихчам, исрофга йўл қўймаган ҳолда, уматтанинг энг шарафлилари Али ва Фотима розияллоҳу анҳумодан ўрнак олган тарзда тўйларимизни ўтказсак, ортиқча маблағни динимиз буюрганидек хайрли ишларга сарф этсак, иншоаллоҳ, Аллоҳнинг розилигини қозонамиз.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]