Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳга итоат этишда гуноҳкор бўлиб қолмайлик!

Аллоҳга итоат этишда гуноҳкор бўлиб қолмайлик!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Инсон ақлли мавжудотдир. Парвардигор Роббил оламин инсон зотини яратганда бошқа мавжудотлардан фарқли равишда уни азиз ва мукаррам қилиб яратди. Бу ҳақда Ўзининг муборак Каломи шарифида марҳамат қилиб айтадики:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ …

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро сураси 70-оят).

Мана бу ояти каримага биноан Аллоҳ табарока ва таоло инсонни азиз қилиб яратиш билан биргаликда, унга жуда кўп нозу неъматларни ва яхшиликларни ато этди ва ато этган яхшиликлари билан Аллоҳ инсонни бошқа мавжудодлардан афзал қилди. Инсонларни икки олам саодатига эришиш йўлларини ҳам Ўзининг элчилари, набийлари ва уларга юборилган илоҳий Китоблари асосида кўрсатиб қўйди.

Қуръони карим дунёдаги барча мусулмонлар учун ҳидоят манбаи ҳисобланади. Ундаги барча ояти карималар инсонни икки олам саодатига етаклайди. Бунинг учун эса биргина шарт бор, у ҳам бўлса илоҳий кўрсатмаларга амал қилишдир. Амал қилган инсон эса, албатта, Парвардигорининг Раҳматига мушарраф бўлади. Ана шундай Парвардигорнинг Раҳматига мушарраф бўладиган оятлардан бири бу Нисо сурасининг 59-ояти бўлиб, унда жумладан бундай марҳамат қилинади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ …

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!..”

Ушбу ояти каримани тафсир қилган, унга шарҳ берган, зарур бўлган илмлар асосида оятнинг мазмун-моҳиятини етарлича тушунтириб берган уламоларимиз кўп. Шунинг сабабидан биз бу оятнинг тафсирига, мазмун-моҳиятига тўхталмоқчи эмасмиз. Биз бу оятга, ундаги ҳукмга бугунги кунда мусулмон сифатида амал қилаяпмизми йўқми, шу хусусда икки оғиз фикримизни билдирмоқчимиз холос.

Маълумингизким, бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ҳам, юртимизни ҳам ташвишга солаётган нарса – бу коронавирус COVID-19 пандемия касаллигидир. Бу касалликка қарши курашишда шу кунгача аниқ бир дори воситаси ҳали эълон қилинмади. Бироқ бу дегани инсоният ушбу касалликка бефарқ дегани эмас. Ушбу касалликни енга оладиган дори воситаларини яратилиш устидан дунё бўйича жуда кўп тиббиёт соҳаси вакиллари махсус лабораторияларда фаолият олиб боришмоқда.

Биз, Аллоҳга беадад ҳамду сано ва шукроналар айтамизки, юртимизда Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан ушбу касалликка қарши курашда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини ушбу касалликка чалинишини олдини олиш мақсадида Раҳбар сифатида халққа нима ишлар қилиниши лозим бўлса, шу ишлар қилинмоқда. Аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қатлами ҳам четда қолаётгани йўқ. Бу ишда саховатпеша инсонларимизнинг ҳам борлиги бизни қувонтиради. Мана шундай оғир дамларда ўзаро ёрдамга шошилиш, ўзга инсонни оғирини енгиллатиш халқимизга хос бўлган ҳақиқий мўминнинг сифатларидандир.

Диний идорамиз раҳбарияти ҳам бу касалликка қарши курашишда бефарқ эмаслар. Жумладан, Уламолар кенгаши билан биргаликда бўлаётган воқеликка илмий асосда ёндашиб, дунё мусулмон давлатларида бўлаётган ҳолатларни ҳам ўрганган ҳолда фатво чиқариб, фатвога биноан барча мусулмонлар вақтинчалик кунлик беш вақт намозларини, жума намозининг ўрнига пешин намозини, рўзаи рамазон ойида эҳсон сифатида қилинадиган ифторликлар ва ҳуфтон вақтида ўқиладиган таровиҳ намозларини уйда, оила аъзолари билангина бажаришлари тушунтирилди ва тушунтирилмоқда. Фатвода жаноза маросимларига ҳам алоҳида урғу берилиб, жаноза ва дафн этиш ишларини энг яқин қариндошлари иштирокида 10-15 киши билангина ўтказилиши тавсия этилди. Буларнинг барчаси, албатта, сизу бизнинг, халқимизнинг саломатлиги учун амалга оширилаётган ишлардир.

Бунинг натижаси самараси ўлароқ коронавирус COVID-19 пандемия касаллиги кенг тарқаб кетиши олди олинмоқда. Шу муносабат билан бугунга келиб юртимизда баъзи жойларда истисно тариқасида карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилиб борилмоқда.

Аммо шу ўринда биз бир нарсани эътиборга олишимиз керакки, гарчи карантин талаблари юмшатилаётган бўлсада, бироқ бу дегани ҳамма нарсага рухсат берилаяпти дегани эмас. Диний идорамиз томонидан карантин талабларига риоя қилиб, тавсия этилган чора тадбирларни бекор қилиш ҳақидаги фатво ҳали эълон қилингани йўқ. Шунга биноан мусулмон киши сифатида, Аллоҳга имон келтирган, Расулуллоҳ алайҳиссаломга умматман, шу юртнинг бир мўмин фуқаросиман деган ҳар бир инсон раҳбарларимиз тавсиясига амал қилган ҳолда, жамоат бўлиб йиғилишларни, инсонлар гавжум бўлиб йиғиладиган тадбирлар уюштиришиш фатвога мувофиқ шаръан жоиз эмас.

Унутмайликки, бу вирус кўзга кўринмайди, давоси ҳам ҳали топилмади, бунинг учун қанчадан қанча масъуллар ҳаётини хавфга қўйиб, оиласидан йироқда, ўлим ёқасида туриб курашмоқдалар. Арзимас эътиборсизлигимиз сабаб бу хизматлар саробга айланишига сабабчи бўлиб қолмайлик!

Унутмайликки, Юртимиздаги карантин қоидаларининг юмшаши ва вирус тарқалишининг камайиши, шифо топаётганларнинг эса кўпайиши Аллоҳ таолонинг сизу бизга фазли карами ва марҳамати ила Раҳбарлар сўзига итоат қилишимиз, карантин қоидаларига риоя қилишимиз сабаб берилмоқда!

Бироқ, такрор айтамизки, бу дегани хавф ортда қолди дегани эмас! Бугунги кунда ушбу кўрсатмаларга амал қилмай, ўзини билганидан қолмайдиган юртдошларимиз ҳам учраб турибди. Улар бу ишлари билан нафақат ўзлари, балки ўзгаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўймоқдалар. Шунча огоҳлантирилсада, афсуски, айрим инсонлар томонидан рамазонда жамоа бўлиб таровеҳ намозларини ўқиб берилиши, баъзи жойларда ифторлик маросимлари ташкил этилиши, жанозаларда ҳам талаб этилгандан кўпроқ кишилар иштирок этилиши ҳолатлари учраганлиги ачинарли ҳолат. Баъзи юртдошларимиз: “Бир бошга бир ўлим”, ёки “Қирк йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади”, ёҳуд “Бу касаллик менга ҳеч ҳам таъсир қилмайди” ёинки “битта жаноза ёки маросимга шунчами, ким билиб ўтирибди”, деб бепарволикка йўл қўйишмоқда. Эҳтимол, улар бу сўзларининг туб маъносини тушунмаганлари учун айтишмоқдадир, аммо бунинг кетидан келиши мумкин бўлган хавф эртага ўз бошларига тушса, унда кеч бўлади. Мана шундай бепарволик кетидан ўша тадбирларда иштирок этадиган қанчадан қанча инсонлар йўл-йўлакай яна қанчадир одамлар билан мулоқот қилиб ўйга қайтадиларку!

Илтимос, азизлар, ушбу гаплардан чиройли хулоса қилайлик! Ушбу ташвишли касаллик ҳамон шу атрофда, узоқда эмас. Ҳар дақиқада ўзини намоён этиши мумкин.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмасликни буюрганлар. Бу буйруқ касалликнинг олдини олиш учун энг яхши чорадир. Бунинг устига жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

 ”لا ضرر ولا ضرار) “رواه ابن ماجة والدارقطني(

яъни: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари).

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтмоқчимизки, агар биз ҳақиқий мўмин бўладиган бўлсак, барчаларимиз мўмин-мусулмон сифатида юртимизда коронавирус касаллигига қарши курашда олиб борилаётган ишларда бефарқ бўлмай, кўрилаётган барча зарур чора-тадбирларни қўллашда биринчи сафда бўлишимиз, бу нарсаларни аввало оиламизга, яқинларимизга ён-атрофдаги инсонларга тушунтиришимиз керак. Зеро, бу ишимиз юқоридаги Аллоҳнинг муборак каломи бўлмиш Қуръони карим оятига лаббай деб жавоб бериш деб аталади. Раҳбарларимиз бизнинг саломатлигимизни ўйлаб, халқнинг бошига келаётган офатни олдини олиш, шу касалликни енгиш учун кўраётган зарур чораларига амал қилиш Парвардигорнинг оятига бўйин эгиш дейилади. Мана шундай инсонлар мўмин киши саналади.

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, азизлар, “бу касалликнинг менга алоқаси йўқ, менга у юқмайди” деб бефарқ бўлиб ҳаддан ошмайлик, ҳаддан ошиб Аллоҳнинг ғазабини келтириб қўймайлик. Зеро, Аллоҳ таоло ҳаддан ошувчиларни қандай жазолашлигини ўтган қавмлар тарихидан биламиз, уларга юборилган балою офатлардан ҳеч ким омонда қолмаганини Қуръон қиссаларидан ўқиганмиз.

Сўнгсўз ўрнида яна шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчи эдикки, “яшил” ҳудудларда намозхонларимиз учун масжид эшиклари беш вақт намоз учун яна очилди. Бу хабардан аксар мўмин-мусулмонларнинг кўзлари қувонч ёшларидан нам бўлди. Азизлар, Аллоҳнинг фазли карами билан етиб келган ушбу хурсандчилик кунларимизнинг шукрини адо этайлик. Масжиддаги ибодатларда диний идорамиз кўрсатмалари ва карантин қоидаларига биноан ҳаракат қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган даражада чиройли амалларни қилишликни насибу рўзи айласин, Расулуллоҳ алайҳиссаломга хос уммат бўлиб, эрта Қиёматда Ул зот алайҳиссаломнинг шафоатларидан насибадор мўминлар қаторидан бўлишликни Аллоҳ барчаларимизга мушарраф этсин! Ҳидоят йўлидан Аллоҳ барчаларимизни адаштирмасин, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиб, муборак ойларда, дуолар мустажоб паллаларда қилган ибодатларимизни, хатму Қуръонларимиз, дуои хайрларимизни Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул айлаб, ушбу коронавирус балосидан Ўзи паноҳида сақласин!

Янгийўл тумани “Эски-Қовунчи” жоме масжиди

имом ноиби Саидмурод Юсупов Саидахрор ўғли

[carousel-horizontal-posts-content-slider]