Дунёда Ислом динига нисбатан нотўғри қарашларни уйғотаётган айрим террорчи ташкилотлар аслида динимизга мутлақо зид амалларни бажараётгани, кишилар орасида фитна қўзғаб, мўмин-мусулмонларни бир-бирига қайраётгани, дарё-дарё қон тўкаётгани соғлом фикрли ҳар қандай кишини сергак торттириб, бу балога нисбатан огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундайди.
Турли ақидаларга кўр-кўрона эргашиб, ҳалокатга учраётганлар, бегона юртларда жиҳод қидириб, “ғозий бўламан”, деганлар орасида юртдошларимиз, ёш ва навқирон йигитларимиз борлиги ғоят аянчли ҳолдир.
Афсуски, бугун имконият ва салоҳиятимиз етарли бўлиишига қарамай, Тошкент вилоятида ҳам шундай кўнгилсиз афсусланарли ҳолатлар учрааётгани ҳар биримизни, айниқса, имом-хатиблар, ноиб имомлар ва отинойиларни ўз фаолиятига танқидий ёндашишни, ёшлар билан янада тизимли ишлашни талаб этади.
Зотан, ҳадиси шарифда ҳам: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз”, дейилган (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
Тинч ва осуда мамлакатимизда бахтиёр ва фаровон яшаш учун барча шароитлар яратилган бир пайтда, ғўр ёшларни ўзга юртларга етаклаган, онгу шуурини заҳарлаган омил нима? Улар фожиасига ким айбдор – яқинларими, маҳалла-кўйми ёки иммом-хатибларми?
Очиғи, бу масалада ҳеч кимни оқлаб бўлмайди. Биргина муборак ҳадисга амал қилмаётганимиз, бефарқлигимиз оқибатида шундай аянчли ҳолатлар кузатиляпти.
Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали дин ниқоби остида ёшларга манфур ғояларни сингдиришга, уларни ўз измларига солишга уринишаётган манфур кимсалар, тўдалар ҳар қадамда пайт пойлаб юрибди.
Ўз юртини ташлаб, бузғунчи тўдалар таъсирига тушиб, оқибатда хор-зорликка гирифтор бўлаётганлар қисмати кўплаб юртдошларимизни огоҳликка ундамоқда. Аслида, ҳар жума куни қилинаётган мавъизалар, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мақолалар, тезислар, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилаётган кўрсатувлар, ўринли танбеҳлар нафақат юртфурушларнинг яқинларига тегишли, балки шу юртда яшаётган ҳар бир кишига сабоқ, тўғри йўлдан тоймаслик учун ҳаётий мактаб, тегишли хулоса чиқариш учун бир имкониятдир.
Сир эмас, турли номлар остидаги террорчилар, худкушлар ўзларининг пуч ғояларини ёйишда кўпроқ ишонувчан ёшларни нишонга олмоқда. Турли усуллар билан ўз сафига қўшиб олгандан сўнг ҳеч кимга шафқат кўрсатмаётгани, истаган кўйга солишаётгани, улардан манқуртлар, жангарилар тайёрлаб, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлишаётгани барчага аён.
“Хорижда ишлаб юрган” фарзандининг ҳар замонда жўнатаётган уч-тўрт сўм пулидан мамнун ота-оналар наҳотки шу оддий ҳақиқатни англаб етишмаётган бўлса? Ёки бундайлар учун ор-номусдан ҳам устунмикан? Бегона юртларда қўлига қурол олган, қўрқинчли қиёфага кирган, кўзи қонга тўлган бу жангари, хоинлар наҳотки қадрдон маҳаллаларимизда униб-ўсган бўлса?
Нобакор фарзанди туфайли юртдошлари олдида юзи қора бўлган ота-оналар-чи? Ачинарлиси, оиласини асрай олмаган, фарзандлари қалбида оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратиш кўникмасини шакллантирмаган, маънавият сарчашмаларидан боласини озиқлантирмаган бу кишилар нафақат фарзандидан ажралишаётир, балки ўз умрларини ҳам дўзахга айлантиришмоқда. Ахир, халқ қарғиши – ўқ, деб бежиз айтишмаган.
Оилада, маҳаллада маънавий барқарорлик бўлса, фарзандлар юраги Ватан меҳри билан уриб турса, юрт тафти билан ёниб турса, ёшлар мўмай пул топиш илинжида чет элларга кетишмайди ёки у ерлардан пуч ғояларга эргашиб жангари тўдаларга қўшилмайди. Энг асосийси, қалби ва онгида эзгу фазилатлар куртак отган фарзанд она юртига хиёнат қилмайди.
Ватан – муқаддас. Ватан беминнат, хокисор, мушфиқу меҳрибон. Уни ардоқлаш, севиш, асраб-авайлаш – шу юртда яшаб, унинг нону тузидан баҳраманд бўлаётганлар учун олий бурчдир. Ватанга доғ тушириш эса уни сотиш билан баробар. Ватанга хиёнат эса, кечирилмас жиноятдир!
Адашиб, турли оқимлар таъсирига тушиб қолииб, сўнг қилмишидан чин пушаймон бўлган кимсаларни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев афв этяпти. Ҳар миллий байрамларимиз арафасида эълон қилинаётган афв этиш тўғрисидаги Президент фармони юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун, бағрикенглик тамойили устувор эканининг амалдаги инъикосидир.
Хуллас, фарзанди олис-яқин юртларда юрган ҳар бир киши бундай ҳолатлардан тегишли хулоса чиқариши зарур. Акс ҳолда бирор кимсанинг боласи туфайли эл-улус олдида юзи шувут, боши эгик ота-оналарнинг қисматига дучор бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
Жасурбек РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги