Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Шарафли ва масъулиятли вазифа

Шарафли ва масъулиятли вазифа

Бугунги кундаги Ватанимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик Аллоҳнинг халқимизга мустақиллик сабабидан туҳфа этган азиз неъматларидандир. Халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар билан бир қаторда қадрлаб ва эъзозлаб келади. Она Ватан озодлиги, тинчлиги ва хавфсизлиги ҳимоячиларини доимо улуғлайди. 

Инсонни ҳурмат-эҳтиромга етакловчи ишлар бисёр, аммо энг улуғ ва шарафлиси Ватанни ҳимоя қилишдир. Аждодларимиз тарихда Ватан ҳимояси муқаддаслиги, ҳар қандай вазиятда ҳам, унга бўлган муҳаббатини ва содиқлигини намоён қилишган.

Давлатчилик тарихида ҳар бир мамлакат мустақиллигини унинг ўз армияси, Қуролли кучлари ҳимоя қилган. Юртимиз мустақиллигининг дастлабки кунларида – 1991 йил 6 сентабрда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январда мамлакатимиз ҳудудидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг давлат тасарруфига ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган қонунига биноан 14 январь Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

Ватанни душманлардан ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш динимизда савобли иш эканига бир қанча мисоллар келтирилган. Бугун ўсиб келаётган ёшларни бақувват, қалбида Ватанга садоқат ва халқига ҳурмат туйғуси билан вояга етишларига замин яратишимиз лозим. Пайғамбармиз алайҳиссалом айтадилар: “Болаларингизга сузушни ва отда чопишни ўргатинглар”. Бу ҳадисда ёшларни юрт ҳимоясига тайёрлашда уларни жисмоний чиниқтириш, зарур машғулотларни ўргатиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Ёшлар бақувват, соғлом бўлса, Ватанини муносиб ҳимоя қила олади.

Инсоннинг юртига ва халқига зиён-захмат етказмоқчи бўлган одамни ғаним билиши, Ватанини ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилиши шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчидир, буни ҳис этиб, амалга ошириши эса юртига бўлган муҳаббатининг гўзал ифодасидир. Туғилган, улғайиб, камол топган юртини ихлос билан турли хавфлардан ҳимоя қилишга киришган кишига жуда улуғ савоблар ваъда қилинган.

Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида айтадилар:  “Бир кеча-кундуз чегарани ҳимоя қилиш, бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари ибодатда тургандан яҳшироқдир (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис Ватанимиз сарҳадларида хизмат қилаётган Ватан ҳимоячиларига тегишлидир. Халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечиришлари учун чегараларимизда юртимизни туну кун ҳимоя қилиб турган аскарлар ва миллий армиямизнинг хизматлари ҳақиқатдан жуда шарафлидир.

Яна бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Кечалари  Аллоҳдан кўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди», деб марҳамат қилганлар.

Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифаси Ватан мол-мулкини ҳимоя қилиш, унинг юксалиши ва тараққиёти йўлида хизмат қилиш, бу йўлда жонини фидо қилиш ва орқасида жонажон Ватани, ҳалқи, азиз ота-онаси, қадрдон ака-укаси, опа-синглиси ва оиласи турганини ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилишдир. Шунинг учун ҳам Ватанни севиш ва ҳимоя қилиш ибодат даражасига кўтарилган. Бунга юқоридаги ҳадислар ҳам далолат қилиб турибди. Бу йўлда жонбозлик кўрсатган ҳар бир Ватан ҳимоячиси, албатта, Аллоҳ таолодан бериладиган ажр-савобларга, халқининг ҳурмати ва олқишига, эл-юртнинг дуосига сазовор бўлади.

Динимизда Ватан ҳимоясидан ўзини олиб қочиш оғир гуноҳ эканлиги ва бундай ҳолат ҳалокат олиб боришлиги таъкидланади.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ҳалокатга элтгувчи етти хил илатдан узоқроқ бўлинглар: Ширк келтиришлик, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, ноҳақдан бегуноҳ одамни ўлдириш, судхўрлик қилиш, етим молини ейиш, жанг майдонидан қочиш, покиза иффатли мўмина аёлга тухмат қилиш», дедилар. 

Турли оқимларга эргашиш ва экстремистик гуруҳлар сафида террорчилик амалиётларида қатнашишк, чегара ҳудудларида ноқонуний ҳаракатларни кўриб ёки шундай ҳаракатларни сезиб, бепарво бўлиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга имкони даражасида ҳаракат қилмаслик ҳам Ватанига хиёнат билан баробардир. Мамлакатимизнинг минтақада ва дунёда тутган геостратегик ва геосиёсий ўрнини, хавфсизлигимизга қарши қаратилган жиддий таҳдид ва хатарларни, айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазоларни ҳисобга олинган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Жонажон Ватанимизни ҳимоя қилиш фақатгина ҳарбийларнинг иши эмас, балки барчамизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир. Бу вазифада лоқайдлик ва бепарволикнинг оқибати ҳаммамиз учун ҳалокатдир.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни барча шу соҳа вакилларига муборак бўлсин. Шарафли ва масъулиятли вазифаларини бажаришда Аллоҳ куч-қувват, сабр-бардош ва матонат ато этсин. Доимо Аллоҳнинг, халқнинг назарида ва дуосида юришликни насиб этсин.

Пискент туман бош имом-хатиби Зайнилобиддинхон Қудратов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]