“Ҳали улгураман”, “Вақт бемалол-ку!” деган тушунча, афсуски, бугун кўпчиликнинг онгу шуурига ўрнашиб олган. Имкон борида гуноҳларимизга тавба қилишни, истиғфор айтишни, тоат-ибодатларни ўз вақтида адо этишни пайсалга солаверамиз. Бу эса муттасил гуноҳ қилавериб, айб иш қилиш оддий ҳолга айланиб қолади.
Айримлар ҳатто турли ғайридинларнинг қутқуларига учиб, иймонидан ҳам айрилаётгани кишини жуда ташвишга солади. Айниқса, “Иегово шоҳидлари” аъзолари ҳар қадамда изғиб юргани бизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди.
Шайх Мутавалли Шаъровий ўзининг “Қуръон мўжизалари” номли рисоласида келтиради:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилгунига қадар олдинги умматлар замонида гуноҳга қўл урган одамлар учун дарҳол жазо берилар эди. Пайғамбарлар эса бунинг хабарини етказиб турар эдилар. Бу ҳақда Қуръони карим хабар беради: баъзи қавмлар сувга ғарқ қилинган бўлса, бошқаларини ер ютган ва яна баъзиларини даҳшатли қичқириқ тутган. Маймунга айлантириб қўйилган қавлар ҳам бор.
Шунингдек, уларга келган шариат жуда оғир бўларди. Масалан, кийим ёки бирор нарсага нажосат теккан жойни кесиб ташлаш, масжиддан бошқа ерда намознинг қабул қилинмаслиги, таяммум билан покланиб бўлмаслиги, рўзадор ифтор қилмай ухлаб қоладиган бўлса, унинг учун кейинги ифторгача бирор ейиш ҳаром бўлиши, Рамазон кечаларида аёли билан яқинлик қилишга рухсат йўқлиги, гуноҳи сабабли пок нарсалардан маҳрум қилиниши, закот молнинг тўртдан биридан олиниши, бир яхшиликка фақат битта савоб берилиши, кишининг тунда қилган гуноҳи тонгда эшигига ёзилиб қолиши, қасосда афвга ўрин берилмагани ва ҳоказо…».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилгач, бундай оғир ва машаққатли шариат кўтарилди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек: “Биз сизни фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят) бутун оламларга раҳмат пайғамбари қилиб жўнатилдилар.
Табиий савол туғилади: олдинги қавмларга Аллоҳ таоло қилган гуноҳларига яраша дарҳол жазо берган экан, нега биз шунча гуноҳ қиламиз-у, лекин жазоланмаймиз?
Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 33-оятида бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас”.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларига 14 асрдан ошди. Лекин орамизда нуроний отахонлар, онахонлар Набий алайҳиссаломнинг суннатларига риоя қилиб, у зотнинг йўлларини тутар эканлар, яъни мудом тавба ва истиғфорда бўлар эканлар, Аллоҳ таоло шулранинг ҳурмати туфайли гуноҳкорларни дарҳол азобламайди. Балки тавба эшиклариин очиб, уларнинг инсофга келиши учун муҳлат беради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят).
Ушбу оятда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким аниқ билмайдиган бешта нарса санаб ўтилган. Асримизда фан тараққий этиши натижасида она қорнидаги ҳомиланинг ўғил ёки қиз эканини билиш имконияти туғилди. Лекин бу унинг ҳамма хусусиятларини билишга эришилди, дегани эмас. Ҳомиланинг кимга ўхшаши, хулқ-атвори, ақлзаковати, умри, ризқи, бахтли ёки бахтсизлиги каби дақиқ маълумотларни билишга, албатта, фан ожизлик қилади.
Шундай экан, “Ҳали улгураман”, “Вақт бемалол-ку!” деган тушунчани хаёлимиздан суғуриб ташлашимиз шарт. Тавба эшиклари очиқ, шошилайлик. Кўпроқ Ватанга, динга хизмат қилиб, охиратимиз учун захира йиғиб олайлик.
Нигора ИМОМОВА,
Тошкент вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги