Обод ва гўзал юртга кўркам иншоотлар, файзли масканлар ярашади. Миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг, динимиз кўрсатмаларига мос тарзда қурилган масжидлар ҳудудларимизни узукдаги марварид кўздек безаб турибди.
Бугун Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги “Хонобод” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нурддин домла Холиқназаров иштирок этиб, йиғилганларга масжид барпо этиш савоби улуғ иш экани ҳақида гўзал мавъиза қилиб бердилар.

– Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрини 2020 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида тузилган “Йўл харитаси”нинг 23-бандига биноан “Хонобод” жоме масжиди биносини қайта қуришга киришилган эди, – дейди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов. – Орадан икки йил ўтиб, мана шундай файзли маърифат маскани қад ростлади. Аллоҳ таоло ушбу уйини ибодатлар билан обод бўлишини насиб айласин.

Намозхонлар сони ошиши билан масжиднинг эски биноси ноқулайликлар туғдирар эди. Жоме қибласи 30 градусга фарқ қилиш, таҳоратхоналарда зарур шарт-шароит йўқлиги, йўловчи аёлларнинг намоз ўқиш имкони бўлмагани сабали мутасаддилар билан маслҳатлашилган ҳолда янги масжид қурилди.
“Хонобод”нинг янги биноси замон талабларига мос бўлиб, асосий хонақоҳ ва ертўладан иборат. Бир вақтнинг ўзида масжидда 4 минг киши бемалол ибодат қилиши мумкин.
Намозхонларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида иссиқ пол ҳамда совутиш тизимлари, шу билан бир қаторда замонавий овоз кучайтиргичлар ўрнатилди.
Жоменинг олди қисмида 2 та 67 метрли минора, чап томонида имом-хатиб хонаси ва бошқа хоналар, аёллар намозхона ва таҳоратхоналари, ўнг томонда замонавий таҳоратхона қурилди.
Бундан ташқари, сув таъминотида муаммо бўлмаслиги учун 55 метрдан тоза ичимлик суви чиқарилиб, 15 тонналик захира сув бочкаси ўрнатилди. Электр токи таъминотида ҳам муаммо бўлмаслиги учун 38 kW генератор ўрнатилди. Масжид атрофларини кўкаламзорлаштириш учун замонавий суғориш тизимлари ташкил этилиб, арчалар экилди.

Масжиднинг қурилишига ҳисса қўшган бара азизларимизни, хусусан, мутасаддиларимизни, ҳомийлар ва усталарни Аллоҳ таоло улуғ мукофотлар билан сийласин!

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги