Бу дунёда инсон яшар экан ўзининг барча ҳожатларини раво бўлишида яратган парвардигорнинг кўмагига муҳтож эканлигига ҳеч қандай шак шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло инсоннинг бирон-бир ҳожатини раво қилишида банда томонидан иккита иш амалга оширилиши лозим:
Биринчиси – парвардигорига ибодат қилиш. Бир инсондан “Нега намоз ўқияпсан?”, “Нега рўза тутяпсан?”, “Нега ҳаж қилдинг?” деб сўралса, “Буларни қилишдан ягона мақсадим – Роббимнинг розилигини топиш”, деб жавоб бериши муқаррар. Демак, Яратганнинг розилигини топиш инсоннинг бу дунёдаги ҳамда охиратдаги ҳожатидир. Ҳар бир мусулмон ҳожатининг раво бўлишини, яъни унга эришишни хоҳлайди ва шунга ҳаракат қилади.
Иккинчиси – парвардигоридан ҳожатларини сўрашдир. Инсоннинг Яратганга дуо қилиши ҳам ибодат. Баъзан атрофимиздаги кишилардан дуоси ижобат бўлмаётганидан норозиликларини эшитиб қоламиз. Бу, албатта, нотўғри. Банда Роббига дуоси қабул бўлмаганидан шикоят қилишга, эҳтироз билдиришга ҳақли эмас. Бутун оламларнинг Парвардигори банда учун нима, қачон, қаерда хайрли эканлигини ўта билгувчидир.
Дуо ижобат бўлиши учун инсондан тўртта шартга риоя қилиш лозим бўлади. Уларни бажармас экан қандоқ ҳам дуоси қабул бўлсин:
1. Ихлос билан дуо қилиш.
2. Дуода адолатсизликка йўл қўймаслик.
3. Ижобатига ишонган ҳолда дуо қилиш, синаш учун эмас.
4. Ҳаромдан сақланган бўлиши керак.
Ҳар бири устида қисқача мулоҳаза юритсак:
1. Ихлос – бу инсон қилган ёки қилаётган амалида Аллоҳдан бошқа гувоҳни талаб қилмаслиги. У инсон билан Аллоҳ ўртасидаги бир пардадирки, фаришта билиб қолса уни инсоннинг номасига ёзади, шайтон билиб қолса уни йўлдан оғдиришга уринади.
Инсон ибодат қилганда холис Аллоҳ учун қилмоғи, ибодатига риё ва сумаъни аралаштирмаслиги (одамлар кўрсин, эшитсин деб қилинган иш) лозим.
Аллоҳдан бирон нарсани дуо қилиб сўраганда ўзининг Аллоҳга муҳтож эканини, Аллоҳ ҳар бир насадан беҳожат эканини, Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини ҳис қилиб дуо қилиш керак.
2. Дуода адоват бўлмаслиги. Бир инсонга ёмонлик, ҳалокатга учрашини сўраб ёки шаръан мумкин бўлмаган нарсани истаб қилинган дуони Аллоҳ таоло қабул қилмайди. Масалан, Аллоҳ асрасин “Аллоҳ мени пайғамбар қил” деб дуо қилиш ҳаддан ошишдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни огоҳлантириб қўйган:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ (55الأعراف)
“Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф сураси 55-оят). Инсон қазои қадарга рози бўлиши даркор.
3. Синаш учун эмас, балки ижобатига ишонган ҳолда дуо қилиш. Инсон дуо қилар экан ижобат бўлишига ишониши, Аллоҳнинг фазлига умид қилиши лозим. “Аллоҳ дуоимни қабул қилармикан ёки қабул қилмасмикан”, деб шубҳа аралаш ибодат қилиш дуонинг қабул бўлмаслигига олиб келади. Ёки бирон бир маълумотларга асосланиб, “Қани шуни қилсам, Аллоҳ дуоимни ижобат қилармикан?” деган гумон билан синаш учун қилинган дуо ҳам мутлақо нотўғри. Инсон Аллоҳ таолони синамайди – бу ҳаддан ошишдир – балки унинг ўзи бу дунёга синалиш учун келганлигини англамоғи керак.
4. Ҳаромдан сақланган бўлиши. Дуо қиладиган инсон ҳаром луқма ейишдан сақланган бўлмоғи даркор. Ким рибодан ёки муттаҳамлик ё бўлмаса ёлғон ва шунга ўхшашлардан луқма еса, унинг дуоси ижобат бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло мўминларга росулларга буюрган нарсага буюрган:
يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ (51المؤمنون)
“(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) «Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” (Муъминун сураси 51-оят).
Ва яна Оллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ (172البقرة)
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси 172-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бизларга муборак ҳадисларида: “Аллоҳ таоло покдир. Фақат пок нарсани қабул қилади”, дея таълим берганлар.
Шундан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши ҳақида айтдилар: “У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, Раббим, эй, Раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти).
Моҳи Рамазон ойи дуолар ижобат бўлдиган ойдир. Барчамиз бу ойнинг барокатларидан дуолар билан баҳраманд бўлайлик.
Бекобод тумани “Дўстлик” жоме масжиди имом-хатиби Умар Фозилов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги