Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Саъдуддин Тафтазонийнинг илмий мероси

Саъдуддин Тафтазонийнинг илмий мероси

XIV аср Шарқ, хусусан, Мовароуннаҳр ва Хуросон минтақалари учун ижтимоий-сиёсий воқеаларга бой бўлди. Бу ўлкаларда мўғуллар ҳукмронлиги барҳам топиб, соҳибқирон Амир Темур (1336–1405) бошчилигида салтанат мустаҳкамланиб, кучли марказлашган давлатга асос солинди. Амир Темур Марказий Осиё ва унга қўшни юртларни бирлаштириб, салтанат пойтахти – Самарқандга забт этилган барча ҳудудлардан машҳур олимлар ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига оид мутахассисларни жалб этган ва уларга фаолиятлари учун қулай шароитлар яратиб, алоҳида эътибор қаратган. Чунки у ўз замонасининг билимдон ҳукмдорларидан бўлиб, мамлакатни ривожлантиришда илм-фаннинг аҳамияти беқиёс эканлигини яхши тушунган ва олимларга эҳтиром билан қараган[1]. Жумладан, машҳур муаррих олимлардан бири Низомиддан Шомий “Зафарнома” асарида бу тўғрида қуйидагича баён қилган: “Юқори даражадаги фозиллар ва улардан қуйироқ кишиларни бир-биридан фарқ қилиб, ҳар бирини ўз мартабасига кўра барқарор тутади. Ҳар бир кишини фазли ва донишмандлиги даражасига лойиқ мақомга қўяди. Машойихлар ва солиҳ бандаларни улуғлайди, улар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммажлис бўлишга рағбат кўрсатади”[2]. Натижада, турли илм соҳалари бўйича дунёвий ҳамда диний илмларни пухта эгаллаган мутафаккирлар етишиб чиққан. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан эса, таълим ва илм-фан тараққий этиб, Шарқда “Иккинчи Ренессанс” юзага келган. Дарҳақиқат, бу жараёнларда қомусий олимлардан бири, фаолияти асосан Мовароуннаҳр шаҳарлари, хусусан, Самарқандда, соҳибқирон Амир Темур саройида ўтган аллома Саъдуддин Тафтазоний алоҳида мавқега эга.

Тафтазонийнинг илмий мероси Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари ижтимоий-сиёсий тафаккури тарихида муносиб ўрин тутган қадимги юнон файласуф ва мантиқшунослари мактабига мансубдир. Аммо эрамиздан оддинги илмий ютуқлар билан чегараланмасдан, шарқ Уйғониш даври юксакликларидан туриб уни ривожлантирилганлиги ва янги ғоялар билан бойитилганлиги диққатга сазовордир. Тафтазоний Темур давридаги Самарқанд илмий муҳитида ўша замон олимлари билан биргалиқда самарали ижод этиб, кейинчалик жаҳоншумул аҳамият касб этган Улуғбек мактабини вужудга келишига замин ҳозирлаган мутафаккирлардан бири бўлиб тарихда қолди. У ислом фалсафаси бўлган каломга мантиқий хулосаларни тадбиқ этиб, уни кучайтирди ва илоҳиётни ҳам жозибали фан сифатида ривожланишига катта ҳисса қўшди. Асарларининг илмий қиммати ҳозирда ҳам ўз кучини йўқотгани йўқ. Тафтазонийнинг илмий меросини ўрганиш тафаккуримиз тарихининг зарҳал саҳифаларини бойитиш имконини беради.

У наҳв, сарф, маоний, баён, усул ал-фиқҳ ҳамда фуруъ ал-фиқҳ (ҳанафий ва шофиий), мантиқ, ақида, тафсир, геометрия, астрономия ва бошқа шу каби илм соҳалари бўйича йирик олим бўлиб, бугунги кунгача элликдан ортиқ асарлари мавжудлиги аниқланган[3]. Бизгача уларнинг баъзилари ҳамда ўзидан олдин ўтган мутафаккирлар асарларига ёзган шарҳ ва ҳошиялари етиб келган.

Аллома Тафтазоний қаламига мансуб асарларни илм соҳаларига ва уларнинг ёзилган йилига кўра, қуйидагича таснифлаш мумкин:

Тафсир бўйича:

1. “Талхийсу Кашшоф”.

2. “Кашфул асрор ва уддатул аброр”.

Ҳадис илми бўйича:

1. “Арбаъийн фил ҳадис. Бу алломанинг мавзулаштирилган қирқ ҳадисга бағишланган асари бўлиб[1], у бугунги кунгача топилмаган. Асарнинг номидан кўриниб турибдики, Тафтазоний унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мавзудаги қирқта ҳадисларини жамлаган.

2. “Шарҳ ал-аҳодис ал-арбаин ан-нававий”. Ушбу асар бир неча бор нашр қилинган.

3. “Рисолатун фил икроҳ”. Аллома Тафтазонийнинг раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби бировни мажбурлашга оид ҳадислардан иборатдир.[2]

Ақоид илмига оид:

1. “Шарҳу Ақоиди Насафия”. Бу асар 768/1367 йили Хоразмда ёзиб тугатилган. “Шарҳу Ақоиди Насафия” (“Насафий ақидасига шарҳ”) асари Нажмуддин Абу Ҳафс ибн Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг (ваф. 537 ҳ) “Ал-ақоид” матнига ёзилган шарҳдир. “Ал-ақоид” китобига кўп уломолар томонидан шарҳлар ёзилган, лекин Тафтазонийнинг шарҳи улар ичидаги шуҳратлиси ва уломолар томонидан қабул қилиниш, муҳимлик, кераклиги жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Асар бир қанча шаръий илм даргоҳларида, қанча замонлар оша дарслик сифатида ўқитилган. Тафтазоний китобни 768/1367 йилнинг Шаъбон ойида Хоразмда ёзиб тугатган[3].

2. “Китоб ал-Мақосид”. Унинг тўлиқ номи “Мақосид ат-толибин фи илм усул ад-дин” бўлиб, 786/1384 йили Самарқандда ёзиб тугатилган.

3. “Шарҳ ал-Мақосид”. Бу асар 786/1384 йили Самарқандда ёзиб тугатилган бўлиб, у “Китоб ал-Мақосид” асарининг шарҳи ҳисобланади.

4. “Ғояту таҳзиби-л-калом фи таҳрири-л-мантиқ ва-л-калом” (“Мантиқ ва калом илмини таҳрир қилишдаги калом илмининг тарбиявий ғояси”) ёки “Таҳзибу-л-мантиқ ва-л-калом” (“Мантиқ ва калом илмидаги тарбия”) ёки “Шарҳу таҳзиб”. Асар икки қисмга ажралган: биринчиси мантиқ илми, иккинчиси калом илми тўғрисидадир. Китобни 789/1387 йил Ражаб ойида Самарқандда ёзишга киришган. Уламолар мантиқ илмига тегишли қисмига кўпроқ ёндошишган, натижада, у қисм оммага тарқалган, машҳур бўлган, узоқ вақт илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган ва унга саксонга яқин шарҳ, ҳошия ва таълиқлар битилган. Мазкур асарнинг калом қисмига эътибор камроқ қаратилгани боис, унчалик машҳур бўлмаган[4]. Лекин шундай бўлса-да, саксонга яқин шарҳ, ҳошия ва таълиқлар битилган.

Фиқҳ илмига оид:

1. “Ал-Фатово ал-ҳанафия”. Бу асарида аллома Саъдуддин Тафтазоний Ҳиротда қози бўлган пайтида ҳанафий мазҳаби бўйича чиқарган фатволарини жамлаган, асарни ўша ерда 759/1358 йили ёза бошлаган. Лекин бу асар бугунги кунгача етиб келмаган.

2. “Шарҳ Фароиз ас-сирожия”. Бу асар Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажозандийнинг (ваф. тах. 600/1204 й.) “Фароиз ас-сирожия” асарига ёзилган шарҳ. “Фароиз ас-сирожия” асари 2010 йилда ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди.

3. “Ал-Мифтоҳ фи фуруъ ал-фиқҳ”. Бу асар шофиий мазҳаби фуруъ ал-фиқҳига оид китоб бўлиб, у 782/1380 (ёки 791/1389 йили) йили Самарқандда ёзилган. Лекин, у бугунги кунгача топилмаган.

4. “Мухтасар шарҳ Талхис ал-жомеъ ал-кабир”. Ҳанафий мазҳаби мужтаҳид олимларидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Ҳанафий (ваф. 189/805 й)нинг “ал-Жомеъ ал-кабир” номли асарига Камолуддин Муҳаммад ибн Ибод ибн Малик Довуд Халотий Ҳанафий (ваф. 652/1254 й.) мухтасар ёзган. Бу мухтасарга Абу-л-Исома Масъуд ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғиждувоний (ваф. 772/1371 й.) шарҳ битган. Аллома Саъдуддин Тафтазоний эса, мазкур шарҳга 785/1383 йили Самарқандда мухтасар ёзган. Лекин, у бугунги кунгача топилмаган.

5. “Шарҳ фиқҳ ал-Кайдоний”. Мазкур асар Лутфуллоҳ Насафийнинг (ваф. 750/1349 й.) “Фиқҳ ал-Кайдоний” асарига ёзилган шарҳ. У нашр этилган.

6. “Китоб ал-Иҳзор”. Тафтазоний мазкур асарини Ғиждувонда 753/1352 йили ёзган. Аммо асар бугунги кунгача етиб келмаган.

Усул ал-фиқҳ илмига оид:

1. “Талвиҳ фи кашф ҳақоиқ ат-танқиҳ” (“ат-Танқиҳ” (қайта кўриб чиқиш)ҳақиқатларини кашф этиш (маъноларини очиб бериш) борасидаги асар). Ушбу асар Саъдуддин Тафтазоний томонидан Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тожуш-Шариъа (ваф. 747/1346)нинг “ат-Тавзиҳ фи ҳалл ғавомиз ат-танқиҳ” (ёки “Ат-тавзиҳ шарҳу матну-т-танқиҳ”) номли асарига ёзилган машҳур шарҳ бўлиб, у ҳанафий мазҳаби усул ал-фиқҳи бўйича муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Бу асарнинг аҳамияти ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Усул ал-фиқҳ илми билан шуғулланишни ирода этган ҳар бир шахс албатта мазкур асарга мурожаат қилади”, деб таъкидлаган. Аллома бу асарини Гулистон (ёки Гулшан)да 758/1357 йили Зулқаъда ойи, душанба куни 36 ёшида ёзиб тугатган. Асар Деҳли, Лакнав ва Байрут каби шаҳарларда 1267/1851, 1281/1864, 1419/1998 йилларда нашр қилинган. “Тавзиҳ маъа-т-талвиҳ” номи билан 1902, 1910, 1913 йилларда 2 жилдда Қозонда нашр қилинган.

2. “Ҳошия ало Шарҳ ал-Мухтасар ало китоб Мунтаҳо ас-савол вал-амал фи илмай ал-усул вал-жадал”. Ушбу асар олим Азудуддин Ийжий томонидан Жамолуддин Абу Амр Усмон ибн Умар ал-Моликий (ваф. 646/1248 й.)нинг “ал-Мухтасар ало китоб Мунтаҳо ас-савол вал-амал фи илмайал-усул вал-жадал” номли асарига ёзилган шарҳга шарҳ ҳисобланади. У 770/1368 йил Хоразмда ёзилган ва бир неча бор нашр этилган.

3. “Шарҳ ал-Вароқот фи улул ал-фиқҳ”. Ушбу асар “Имом ал-Ҳарамайн” номи билан танилган шофиий мазҳаби олими Зиёуддин Абулмаолий Аб-дулмалик ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Муҳаммад ал-Жувайний ан-Насобурий (419–478/1028–1078) нинг асарига ёзилган шарҳ бўлиб, унинг қўлёзма нусхаси сақланиб қолган бўлса-да, бугунги кунгача нашр этилмаган.

        Илми Калом бўйича:

1. “Ал-Мақосид фий илмил калом”. Бу китоб метафизика ва калом илми ҳақидаги мухтасар асар бўлиб, муаллиф уни Самарқандда ҳижрий 784 йилнинг Зулқаъда ойида тугатган.

2. “Шарҳул Мақосид”. Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг исломий асарлар кутубхонасининг фахрига айланган китоблардан бири бўлмиш бу асарни вафотидан бир оз олдин ёзиб тугатган. Ушбу китоб тавҳид илми бўйича ёзилган барча асарларнинг тўлиқ хулосасидир, десак хато бўлмайди. Аллома асарни Самарқандда ёзиб битирган. Китобдан “Ал-Азҳар” дорилфунунида узоқ йиллар давомида дарслик сифатида фойдаланилган.

3. “Ар-Радд ъала зандақати Ибн Арабий”. Тафтазонийнинг бу китоби Муҳиддин ибн Арабийнинг “Фусулул ҳикам” китобига ёзган раддиясидир.

Тажвид илмига оид:

1. “Рисолати тажвид”. Ушбу асар форс тилида бўлиб, унинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Манбалар хазинаси қўлёзмалар фондида №311 рақам остида сақланмоқда. Рисола ҳажми 4 варақ (5а8а) бўлиб, 1312/1894 йили настаълиқ хатида кўчирилган. Ал-Мадоиҳ ан-набавия илмига оид: Шарҳ ал-Кавакиб ад-дуррия фи мадҳ хойр ал-бариййа. Бу асар Имом Муҳаммад Саъид ал-Бусирий (ваф. 696/1297 й.)нинг “Қасидат ал-Бурда” номи билан машҳур асарига ёзилган шарҳ ҳисобланади. Алломанинг ушбу асари нашр этилмаган бўлсада, унинг бир неча қўлёзма нусхалари бугунги кунгача сақланиб қолган. Жумладан, Принстон университети кутубхонаси фондида № 67 билан асарнинг бир қўлёзма нусхаси сақланади.

        Араб тили грамматикасига оид:

1. “Шарҳ ат-Тасриф ал-Иззий”. Ушбу асар Аздуддин Абдулваҳҳоб Иброҳим Занжонийнинг “ат-Тасриф” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, аллома уни ўн олти ёшида 738 йил Шаъбон ойининг 15 куни тунда/1338 йили 8 мартда ёзиб тугатган[5]. Бу асар “ас-Саъдия” номи билан танилган бўлиб, унга Имом Жалолуддин Суютий (ваф. 911/1505 й.) “ат-Тасриф ало Шарҳ ат-Тасриф” номли, Шамсуддин Муҳаммад ибн Али Ҳалабий (ваф. 933/1527 й.) “ат-Татриф ало Шарҳ ат-Тасриф” номли ҳошиялар ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Тобловий (ваф. 1027/1618й.) “ат-Толиъй ас-саъдий” номли шарҳ ёзганлар.

  Асар Константинопол 1253/1837, Теҳрон 1280/1884 (мажмуа таркибида), Деҳли 1289/1872, 1295/1878, Қоҳира 1307/1889, 1997, Байрут шаҳарларида 2011 йилларда нашр қилинган.

2. “Иршод ал-Ҳодий”. Бу асар Хоразмда 778/1376–1377 йили ёзиб тугатилган бўлиб[6], у муқаддима ва уч қисмдан иборат (исм, феъл ва ҳарф). Унга алломанинг шогирди Фатҳуллоҳ Шарвоний Ҳанафий, Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бистомий (ваф. 775/1373й.) ва Муҳаммад ибн Али Журжоний (ваф. 838/1435й.) каби олимлар шарҳ ёзганлар[7]. У бир неча бор нашр этилган.

3. “Ат-Таркиб ал-жалил фи илм ан-наҳв”. Бу асар эъробнинг барча қоидаларини ўзида жамлаган[8]. Унинг бир тошбосма нусхаси Принстон университетида сақланади. Лекин, унинг қаерда ва қачон нашр этилгани кўрсатилмаган[9]. Олимнинг ушбу асарига Муҳаммад ибн Маҳмуд ар-Румий Даббоғзода (ваф.1114/1703 й.) томонидан “ат-Тартиб аж-жамил фи шарҳ Ат-Таркиб ал-жалил” номли шарҳ ёзилган.

4. “Ал-Исбаҳ”. Бу асар Носир ибн Абдуссаййид Мутарризий (ваф. 610/1213 й.)нинг “ал-Мисбаҳ” номли асари муқаддимасига ёзилган шарҳ[10]. Асарнинг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача етиб келган.

5. “Қованин ас-сарф”[11]. Лекин, у бугунги кунгача топилмаган.

6. “Ҳалл ал-мавоқид фи Шарҳ ал-қоваид ли Ибн Ҳишом ал-Ансорий”[12]. Лекин, у бугунги кунгача топилмаган.

7. “Шарҳ Ҳикмат ал-Ишроф”[13]. Аммо, асар бугунги кунгача топилмаган.

Луғатшуносликка оид:

1. “Ниам ас-савобиғ фи шарҳ ал-калим ан-навобиғ” (“Нозик иборалар шарҳи бўлган тўлиқ неъматлар”). Бу асар Абул-Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Хоразмий Замахшарий (467–538/1074–1143)нинг “Китаб ал-калим ан-навабиғ” асари шарҳи бўлиб[14], у 755/1354-йили ёзилган ва 1772 йили Лейдин ҳамда 1286/1869 йили Қоҳира шаҳарларида нашр этилган.

2. Муслиҳуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Мушрифуддин Саъдий Шерозий (ваф. 691/1292 й.)нинг “Бўстон” (“Саъдийнома”, 655/1257 йил Да-

машқ) номли зарбулмасал жанрида ёзилган машҳур девонининг туркий тилдаги насрий таржимаси бўлиб, у 755/1354 йили ёзилган[15]. Лекин, у бугунги кунгача топилмаган.

Балоғат илмига оид:

1. “Ал-Мутаввал”. Бу асар Шайх Жалолуддин ибн Абдурраҳмон Қазвиний Шофиийнинг (666-739/1268-1338) “Талхис ал-мифтоҳ фи ал-маоний ва ал-баён” асарининг шарҳи бўлиб, Саъдуддин Тафтазоний уни Журжония (Гурганч) шаҳрида 748/1347-йили ёзиб тугатган ва у “катта” шарҳдир. Шунингдек, ушбу китоб Константинополда Журжоний ҳошияси билан 1260/1844, 1265/1849 ва 1289/1872 йилларда ва Деҳли шаҳрида “ал-Муаввал” номли ҳошия билан бирга 1329/191 йили нашр қилинган. Шунингдек, у Байрутда 2013 йили учинчи марта нашр этилган. Бу асар Муҳаммад ибн Муҳаммад (ваф. 1033/1624 й.) томонидан турк тилига таржима қилинган.

2. “Мухтасар ал-маоний”. Бу шарҳ “Талхис ал-мифтоҳ” асарига битилган иккинчи машҳур шарҳ бўлиб, у яна “Мухтасар шарҳ Талхис ал-мифтоҳ” номи билан ҳам маълум ҳамда у “кичик” шарҳдир. Саъдуддин Тафтазоний ушбу асарини 755-756/1355-1356 йиллар орасида Ғиждувонда ёзиб тугатган. Аллома бу асарини Жонибекхонга совға қилган. Ушбу асар Калкутта шаҳрида 1228/1813 йили, Лакнав шаҳрида 1231–1312/1816– 1894, Булоқ (Миср) шаҳрида 1318/191 йили Хатиб Қазвинийнинг “Китоб ал-изоҳ фи улум ал-балоғат”, “Маваҳиб ал-мифтаҳ”, “Уърус ал-ифроҳ”, Дусуқийнинг ушбу асарга ёзган ҳошияси билан бирга[16]  ва Карачи шаҳрида 2010 йилларда нашр қилинган.

3. “Шарҳ мифтоҳ ал-улум”. Ушбу асар аллома Сирожуддин Абу Яъқуб Юсуф ибн Абу Бакр Саккокий (ваф. 626/1229 й.) қаламига мансуб “Мифтоҳ ал-улум” рисоласига ёзилган шарҳдир. Аллома Тафтазоний асарини 787/1385 йили Самарқандда ёзиб тугатган[17]. Асарнинг қўлёзма нусхаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Шарқшунослик қўлёзмалар марказида 9035 рақами остида сақланади.[18]

Бу асарга Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи (ваф.878/1474 й.) форс тилида “Шарҳ Мифтоҳ ал-улуми Тафтазоний” номли шарҳ ёзган.

4. “Шарҳ ал-қисм ас-солис мин ал-мифтоҳ”. Бу рисола 787/1385 йили Самарқандда ёзиб тугатилган[19].

Мантиқ илмига оид:

1. “Шарҳ ар-рисола аш-шамсия”. Бу асар Нажмуддин Али ибн Умар Қазвиний Котибий (ваф. 693/1294 й.)нинг мантиқ илмига оид рисоласига шарҳ бўлиб, Саъдуддин Тафтазоний уни Жом вилоятида 753/1352 йили ёзган[20]. У нашр этилган.

2. “Таҳзийбул мантиқ вал калом”. Аллома бу китобни 789 йил ёзган. Китоб жуда машҳур бўлиб, кўп маротаба чоп қилинган. Бу жуда ҳам пишиқ матн бўлиб, ўз соҳасида тенги йўқ китоб деб тан олинган.

Арифметика ва геометрияга оид:

1. “Шарҳ ар-рисола аш-шамсия фи ал-ҳисоб”. Бу асар Низомиддин Найсобурий (ваф. 710/1310 й.)нинг “ар-Рисола аш-шамсия фи ал-ҳисоб” рисоласига Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган шарҳ. Ушбу асарнинг қўлёзма нусхаслари Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазина-си фондида 179 инвентар рақами билан сақланади. Шунингдек, у Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 4697/30 ва 6425/VI инвентар рақамлари билан сақланмоқда. Асар нашр этилган.

2. “Рисола фи завоё ал-мусаллас”. Лекин у бугунги кунгача топилмаган. 3. “Тасовий аз-завоя”. Асарнинг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача етиб келган. Ушбу асарнинг 1196/1782 йили кўчирилган қўлёзма нусхаси Ўзбе-кистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси фондида 179/I инвентар рақами билан сақланади.

Тошкент ислом институти Модул таълим тизими талабаси Саиджаханов Абдулаҳад



[1] Исмоил Бошо Боғдодий. “Ҳадият ал-орифин”. 2-ж. Истанбул. Миллий эғитим басимеви, 1951. 430-б.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Самарқанднинг сара уламолари. Тошкент. “Ҳилол-нашр”. 26-б.

[3] Саъдуддин Тафтазоний. “Шарҳу Ақоиди Насафия. Лакнав 1322 (1904). 128-б. 

[4] www.ar.wikipedia.org.

[5]Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. “Мифтаҳус-Саода”. 1-ж. Байрут. Дорул кутуб ал-илмия, 1975. 191-б.

[6] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. “Мифтаҳус-Саода”. 1-ж. Байрут. Дорул кутуб ал-илмия, 1975. 192-б.

[7] Ҳожи Халифа. Кашфуз-зунун. 1-ж. Байрут. Дор Иҳя аттурос ал-арабий, 2001. 67-68-б.

[8] Исмоил Бошо Боғдодий. “Изоҳ ал-макнун”. 1-б. Байрут. Дор иҳё ат-турос ал-арабий, 1947. 283-б.

[9]Саъдуддин Тафтазоний. “Ат-Таркиб ал-жалил фи илм ан-наҳв”. Тошбосма. Принстон кутубхонаси фонди. Инв. №32101064066978. 67-б.

[10]Ҳожи Халифа. “Кашфуз-зунун”. 2-ж. Байрут. “Дор Иҳя аттурос ал-арабий”, 2001. 1709-б.

[11] Исмоил Бошо Боғдодий. “Ҳадият ал-орифин”. 2-ж. Истанбул. Миллий эғитим басимеви. 1951. 430-б.

[12] Умар Ризо Каҳҳола. Мўъжам ал-муаллифин. 3-ж. Байрут. Муассасат ал-рисола, 1993. 849-б.

[13] Умар Ризо Каҳҳола. “Мўъжам ал-муаллифин”. 3-ж. Байрут. Муассасат ал-рисола, 1993. 849-б.

[14] Ҳожи Халифа. “Кашфуз-зунун”. 2-ж. Байрут. Дор Иҳя аттурос ал-арабий, 2001. 1978-б.

[15]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Самарқанднинг сара уламолари”. Тошкент. “Ҳилол-нашр”. 26-б.

[16] Саъдуддин Тафтазоний. “Ал-Мухтасар”. 1-ж. Булоқ. Ал-Матбаа ал-кубро ал-амирия, 1318/1901. 446-б.

[17] Ҳожи Халифа. “Кашфуз-зунун”. 2-ж. Байрут. Дор Иҳя аттурос ал-арабий, 2001. 1763-б.

[18] Ўзбекистон Фанлар академиясининг шарқ қўлёзмалари тўплами. 8-ж. 119-б.

[19] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. “Мифтаҳус-Саода”. 1-ж. Байрут. Дорул кутуб ал-илмия. 1975. 191-б.

[20] Шарафуддин Роқимий (Муқимий). “Тарихи томм”. Тошкент. “Маънавият”. 1998. 22-б.



[1] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Ж. 1. 1975. – Б.190



[1] Файзиев Т., Темурийлар шажараси. – Т.: Ёзувчи, 1995.­­–Б.14

[2] Низомиддин Шоший. Зафарнома. –Т.: “Ўзбекистон” нашриёти, 1996. ­­– Б. 20

[carousel-horizontal-posts-content-slider]