Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАҚВО – ЭНГ ЯХШИ ОЗИҚАДИР

ТАҚВО – ЭНГ ЯХШИ ОЗИҚАДИР

Тафсир
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ
وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ

«Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озиқа олиб чиқинг. Энг яхши озиқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят).

Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳажни адо этиш учун садоқат ва матонат керак. Биз намозни уйимизда ҳам, шаҳримизда ҳам, сафарга чиққанда йўл-йўлакай ҳам адо этишимиз мумкин. Аммо ҳаж ибодатини фақат махсус маконларда – Байтуллоҳ, Мино, Арафот, Муздалифада адо этиш зарур. Айрим ибодатлар, мисол учун, намоз ва рўза фақат бадан билан адо этилади. Ҳаж эса ҳам баданий, ҳам молиявий ибодатдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо оятдаги “Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган)…” сўзидан мурод Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжанинг дастлабки ўн кунлиги, деган. Шу сўзни Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Шаъбий, Мужоҳид, Ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий ва Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар ҳам айтишган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумонинг мазкур сўзидан келиб чиқиб, Мино кунларидан кейин ҳаж нусукларидан ҳеч бири қолмайди, деган хулоса чиқаришимиз мумкин.

“Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса)…” сўзи хусусида уламолар ихтилоф қилишди. Баъзилари: “Агар киши ҳажни ният қилса, талбия айтадими йўқми, у эҳром ўраган ҳукмидабўлади”, дейишган. Бошқа уламолар эса: “Агар ҳажга доир буюрилган барча амрларни қилишни, барча қайтариқлардан тийилишни ният қилса, шундагина эҳромдагидек ҳисобланади”, деганлар.

Биз эса Аллоҳ таолонинг: “Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса)…” ояти таъвили шуки, киши ҳаж мавсумида талбия айтиши билан у оятда таърифланган ҳолатда бўлади, деймиз. Бунга далил қилиб Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Ибн Умар розияллоҳу анҳумнинг: «“Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса)…” оятини шарҳлаб, талбия айтишдир. Чунки ёлғиз ниятнинг ўзи билан киши эҳромга кириб қолган ҳисобланмайди», деган сўзларини келтирамиз.

“…ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ”. Ҳақиқатан, ҳаж мабрур бўлиши учун ҳожи барча гуноҳлардан тийилиши шарт. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Оятдаги “рофас” сўзидан мурод эркакларнинг аёлларга тушадиган барча ҳирсий эҳтиёжларидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “рофас”ни жимо деган. Бу гапга Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳам қўшилган.

Уламолар эҳромдаги киши аёлини ўпиши, шаҳват билан ушлаши жоиз эмас, дейишган. Агар шундай қилса, қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Агар эҳромдаги киши аёли билан яқинлик қилиб қўйса, қон оқизиш вожиб бўлади”.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Агар эҳромдаги киши аёлини ўпса, унга ҳам қурбонлик вожиб бўлади”, деган.

Ойша розияллоҳу анҳога “Эҳромдаги киши учун аёли борасида нималар ҳалол бўлади?” деган савол берилди. Онамиз: “Гапиришдан бошқа ҳамма нарса ҳаромдир”, деб жавоб берди.

Оятдаги “фусуқ” сўзидан мурод “сўкиш”, “сўкиниш” ва фаҳш гаплар эканига уламолар иттифоқ қилишган.

“Жидал” эса талашиб-тортишиш, жанжал қилишдир.

Оятнинг таъвили шуки, Аллоҳ таоло ҳаж мавсумида ҳожини ҳар қандай жиноятдан қайтармоқда. Хусусан, тилни ва фаржни тийиш ҳамда ҳар қандай гуноҳ-маъсиятга асло яқинлашмасликка буюрмоқда. Шу билан бирга, одамлар билан тортишиш, хусуматлашиш, сўз ва амал билан бўладиган гуноҳлардан четланиш шарт.

Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Муздалифадан Миногача ҳамроҳлик қилди. Йигит аёлларни мулоҳаза қилар ва уларга қарар эди. Набий алайҳиссалом унинг юзини орқа томонга буриб қўйдилар ва: “Бу кунда ким қулоғига, кўзига, тилига эга бўлса (тийса), унинг гуноҳлари кечирилади”, дедилар.

Ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши онгу шуурига сингдириб олиши керак. Эҳромдаги киши каттаю кичик гуноҳлардан, ҳатто бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо тийилиши лозим. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартларидан ҳисобланади.

“Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур”. Ҳаж сафари давомида йўлдошларига хайр-эҳсон қилиш ажр савоб бўлиши билан бирга, инсонлар орасида ўзаро дўстлик ва меҳр-муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай одамнинг ҳажи ҳам мақбул бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Мақбул ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, – дедилар. “Унинг қабул бўлиши нимага боғлиқ?” – дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом бериш ва яхши гапириш”, – дедилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

“(Ҳаж сафарига) озиқа олиб чиқинг. Энг яхши озиқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй оқиллар!”

Ояти кариманинг шу қисми нозил бўлишигаЯман юртидан келадиган ҳожилар ўзлари билан бирга егулик-озиқа олмасдан, бошқалардан тамагирлик қилганлари сабаб бўлган. Зотан, энг яхши озиқа тақводир. Чунки дунё озиқаларидан кўра Аллоҳдан қўрқиш кишини ҳар жиҳатдан қаноатли қилади. Шу боис оқиллар доимо Аллоҳ таолодан тақво қиладилар.

“Таъвилоту аҳлис сунна” ва бошқа манбалар асосида
Т. НИЗОМ тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]