Бутун дунё бўйлаб Аллоҳнинг раҳмати бўлган ой ҳукм сура бошлади. Бу ой сакинат ва омонлик ойидир. Бу ойнинг баъзи фазилатлари ҳақида эслатиш мўминга фойдадир.
«Рамазон» сўзи арабча бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у «қаттиқ иссиқ», «жазирама», «қизиб чўғ бўлиш», «куйдириш» маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида турлича фикрлар бор. Жумладан, Аллома Жавҳарий: «Араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан», дейди.
Иккинчи бир фикрга кўра, Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида «Нотиқ» деб аталар эди». Бошқалар айтишади, «Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган».
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара сураси, 185-оят).
«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят).
Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади, Рўза: “Эй Раббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади”, деганлар».
Муалло ибн Фазл айтади: «Салафлар олти ой Рамазонга етказишини сўраб Аллоҳга дуо қилишар, кейин олти ой бу ойдаги ибодатларининг қабул қилинишини сўраб илтижо этишар эди».
Яҳё ибн Касир: «Аллоҳим, мени Рамазонга саломат етказгин, Рамазонни мен учун омон қилгин. Уни мендан мақбул ҳолида қабул қилиб олгин», деб дуо қилар экан.
Бу тақсимланишда 3 даҳага бўлинади:
1. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади. Имом Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббонлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазоннинг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади, дўзах эшиклари беркитилади, улардан бирортаси ҳам очиқ қўйилмайди ва жаннат эшиклари очилади, улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Ҳар кеча бир жарчи: “Эй яхшилик талабгори, келгин! Эй ёмонлик талабгори, тўхтагин!” дейди», деганлар.
2. Унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади. Абу Фазл Рамазоннинг фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вас аллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар.
3. Бу ойининг охири дўзахдан озод бўлиш фурсатидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар.
Имом Аҳмад ривоят қилган. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўнлик кирган вақтда белни маҳкам боғлардилар ва унинг кечасини тирилтирар ва ўз аҳлларини ҳам уйғотар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамзонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.
Абу Фазл келтирган ҳадисда: «У (Рамазон) сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир», дейилган. Имом Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ифторлик вақтида Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.
Бу ойда Қадр кечаси бордир. Бутун инсониятнинг йиллик тақдири қайд қилинадиган, энг юксак қадрли кеча – Қадр кечаси ҳам айнан Рамазон ойига яширилган. Бу кечанинг қанчалар улуғлигини англашга қуйидаги оятларни тадаббур қилиш кифоя:
«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир» (Қадр сураси, 1–5-оятлар).
Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким Қадр кечасини ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.
Имом Бухорий ва бошқа буюк муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган қуйидаги ҳадис барчамизга ибрат ва дастур бўлиши муҳимдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Кейинг иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омин», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омин», дедилар. Шунда у зотнинг ашоблари: «Нимага «Омин» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейшди. У зот дедилар:
«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга соловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омин», – дедим».
«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.Рўзадорлар биринчи ўн кунликда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб, иккинчи ўн кунликда гуноҳлари мағфират қилиниб, учинчи ўн кунликда эса, дўзахдан озод қилинади. Шунинг учун, ҳар ким бу улуғ кунларни ғанимат билиб, фойдаланиб қолиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизга бу ойни муборак қилсин!
Зафар МАҲМУДОВ,
Зангиота тумани “Абдуллоҳ ибн Равоҳа”
жоме масжиди имом-хатиби
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги