Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / МЕДАЛЛАР МУБОРАК БЎЛСИН!

МЕДАЛЛАР МУБОРАК БЎЛСИН!

Қутлаймиз!

Муқаддас динимизнинг соф исломий таълимотини юртимиз мўмин-мусулмонлари билан бир қаторда чет элларда яшаб меҳнат қилаётган, таълим олаётган ватандошларимизга ҳам асл ҳолича етказиш, Ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо дурдоналарини ёшларимизнинг онгу шуурига сингдириш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб боряпти.

Чет давлатларга таълим олиш, саёҳат қилиш ва ишлаш учун бораётган ватандошларимизни огоҳликка чорлаш, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ўзларининг радикал чиқишлари билан кишини чалғитувчи ғаразли кимсалар даъватларидан эҳтиёт бўлишга ундашда имом домлаларнинг хизматлари таҳсинга сазовор.

Кўп йиллардан бери Россия Федерациясига ва бошқа чет давлатларга хизмат сафарларига бориб, у ердаги юртдошларимизнинг дарду ташвишларини тинглаб, улар билан чин дилдан суҳбатлашиб, саволларига жавоб бериб келаётган уламоларимиз орасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Рауповнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш зарур.

Хабарингиз бор, Бошқирдистон ва Татаристон Республикалари муфтиятлари таклифига биноан жорий йилнинг 26 май–2 июнь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги юртимиз делегацияси аъзолари мазкур давлатларда хизмат сафарида бўлишди.

Сафар давомида уламоларимизнинг кўп йиллик самарали хизматлари, қардош мамлакатлар мусулмонлари ўртасида ишонч ва ҳурматнинг қарор топишига қўшган юксак ҳиссалари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “АЛЬ-ИГТИСОМ” – “СПЛОЧЕННОСТЬ” (Бирдамлик), Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов “ВЕРА И ЧЕСТЬ” (Ишонч ва ҳурмат) медали билан тақдирланади.

Бу ҳақда Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний бошқармасининг алоҳида фармони чиқди. Фармонда бундай дейилади: «Жамиятнинг маънавий-ахлоқий тикланишидаги улкан хизматлари ҳамда бой маънавий меросни асраб-авайлашга, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси халқлари ва икки мамлакат конфессиялари вакиллари ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний идорасининг 2022 йил 27 майдаги №16-22 сонли Фармонига биноан ЎМИ раиси ўринбосари Иномов Иброҳим Рахматжонович “АЛЬ-ИГТИСОМ” – “СПЛОЧЕННОСТЬ” (Бирдамлик) медали билан; Россия Федерацияси мусулмонларининг марказий диний бошқармасининг 2022 йил 27 майдаги 2022 йил 27 майдаги №18-22 сонли Фармонига асосан ЎМИнинг Тошкент вилоятидаги вакили Раупов Жасурбек Тураевич “ВЕРА И ЧЕСТЬ” (Ишонч ва ҳурмат) медали билан тақдирланади».

Халқимизга муқаддас динимизнинг соф таълимотини етказаётган, таъсирчан маърузалари билан нафақат юртимиз мўмин-мусулмонлари, айни пайтда қўшни ва чет давлатлардаги ўзбек диоспораси вакилларининг ҳам кўнгилидан мустаҳкам жой олган уламоларимиз Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Жасурбек домла Рауповнинг барча эзгу ишларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Уламоларимизнинг бу ютуқлари нафақат диний соҳа ходимларига, айни пайтда бугун Ўзбекистон халқига билдирилган юксак эътироф ва эҳтиромдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси ҳамда вилоятдаги шаҳар ва туманлар бош имом-атиблари, масжидлар имомлари, отинойилар номидан Иброҳимжон домла Иномов ва Жасубек домла Рауповни қўшалоқ мукофот билан самимий муборакбод этамиз.
Мукофотлар муборак бўлсин!

Аллоҳ таоло Ўзининг дини йўлида хизмат қилаётган барча азизларимизнинг ажрларини кўпайтириб берсин!

[carousel-horizontal-posts-content-slider]