Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ

БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ

Азизлар, ишончли манбаларда нақл этилишича, икки олам сарвари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо муборак жонларини Аллоҳга таслим қилганларида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ул зоти кариманинг жанозаларида имомлик қилганлар. Намоздан сўнг тобутнинг бир поясини у зот, иккинчи поясини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, учинчи поясини ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ва тўртинчисини Салмон Форсий розияллоҳу анҳумлар елкаларига олганлар. Дафн этилаётган пайтларида Салмон Форсий розияллоҳу анҳу нидо қилдилар:

– Эй лаҳад, Фотимаи Заҳро Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари, имом Ҳасан, имом Ҳусайннинг оналари, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг жуфти ҳалоли ва қиёмат куни барча аёлларнинг шафоат қилувчисидир. Шундай наслу насаб  соҳибасини сенга топширдик, унга яхши муомала қил! – деди.

Лаҳаддан садо келди:

– Бунда насл-насаб эмас, эзгу ишлар ҳисобга олинади!

Бир оқшом ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳони тушларида кўрдилар. Қарангки, дунё аёллари саййидаси куняси билан шарафланган зот – Фотима розияллоҳу анҳо – жаннатга киролмай, эшик остонасида турган эмишлар. Али карамаллоҳу важҳаҳу сўрадилар:

– Эй Фотима, нечун жаннатга кирмай турибсиз?

Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо жавоб қилдилар:

– Бўйнимда бир кишининг ҳаққи турибди, шунинг учун жаннатга киришимга фармон бўлмаяпти. Тириклигимда кўшни аёлнинг игнасини олиб ишлатиб, токчага қистириб қўйган жойимда қолибди, қайтариб беришни унутибман. Ё Али, сиз ўша игнани олиб кўшнимизга тез қайтаринг, омонат эгасини топсин! Шундагина жаннатга кирар эканман, – деди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уйғониб, игнани излаб топдилар ва қўшнига қайтариб, кўп узр сўрадилар. Кейин яна туш кўрсалар, Фотимаи Заҳро жаннатда таьрифу тавсифга сиғмас баланд ва зийнатли тахтда хурлар билан ўтирган экан.

Азизлар, икки оламнинг сарвари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, Қиёмат куни барча аёлларнинг шафоат қилувчиси бўлган, жаннатга кириши башорати берилган саҳобийлар жаноза ўқиб тобутини кўтариб бориб қабрга қўйган Фотима розияллоҳу анҳо онамиз Жаннатга киролмай турган бўлсая!

Эй сиз – жондан азиз биродарлар, сўраб олинган ва бехосдан ёддан кўтарилган арзимас игна туфайли жаннат эшиги очилмаганлигини қандай изоҳлайсиз?

Бу дунёда ҳаммамиз бир-биримизга омонатмиз ва олди-берди қилиб яшаймиз.

Аллоҳ таоло Одил сифати билан банданинг ҳаққини бандадан кечмас экан. Қиёмат куни бизни аҳволимиз қандай бўларкан?!

Бизлар бировдан сўраб олганларимизни эгасининг эсидан чиқса, сўрамасин деймиз. Эгаси ўз нарсасини сўраса, шу билан камбағал бўлиб қолармиди ёки бой бўлиб кетармикан деймиз.

Олганларини бермасдан, ўлганимда оласан деб юрганларнинг аҳволи нима бўларкан?!

Ўғирлаб еётганлар нима қиларкан, дунёнинг арзимас матоси деб икки дунёсини куйдирмаяптими?!

Насл-насаб авлодларига – ўзининг зурриётларига болта ураяптику, келажакда унинг касофатини кўради. 5-6 кунга ўзини алдаяпти холос.

Бировнинг хаққи ҳаром, ҳаромдан эҳтиёт бўлайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни ўз ҳидоятидан адаштирмасин.

Оҳангарон тумани “Чет–сув” жоме масжиди имом ноиби Б.Улугов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]