Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / 2. КОРОНАВИРУС ТЕЗ КУНДА ДАФ БЎЛАДИ! (давоми)

2. КОРОНАВИРУС ТЕЗ КУНДА ДАФ БЎЛАДИ! (давоми)

Ҳозир бутун дунё танг аҳволда, ҳамманинг қалбида қўрқув, ҳар дам салбий хабарлар қулоққа чалиниб турибди. Айни шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга, ҳадисларига амал қилишга нақадар муҳтож эканлигимизни ҳис қиляпмиз.

Бундай ҳолатда биз ўзимизни қандай тутишимиз керак?

Барча жабҳада биз умматларига гўзал ўрнак бўлган Сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида танг аҳволга дуч келганларида, қийинчилик онларида, ҳатто ўта оғир дамларда, ҳамма саросима ва қўрқувга тушган пайтда қандай йўл тутган эканлар? Саҳобаларга қандай маслаҳатлар берганлар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўргансак, яхшилаб тадқиқ этсак, умматларига доимо хушхабар берганлари, ҳар қандай ёмон хабарларни яхшиликка йўйганлари, танг аҳволда ҳам қалбларга ором, тасалли берганлари, барчани хотиржамликка чақирганлари, ҳаммани ваҳимадан чиқаришга уринганлари, олдиларига маҳзун бўлиб келганларни юпатганларига гувоҳ бўламиз.

Сўзимизнинг исботи сифатида, ана шундай воқеалар билан танишиб чиқайлик!

Маккадан Мадинага ҳижрат… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк саҳобий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан йўлга отландилар. Ортларидан душманлар, изқуварлар тушганини билиб, кичик ғорга беркинишди. Таъқибчилар ғор оғзигача келишди. Бу ҳолатдан қўрқувга тушган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, агар шундоққина пастга қарашса, бизни кўришади”, деганларида Сарвари коинот: “Эй Абу Бакр, учинчиси Аллоҳ бўлган икки шерик ҳақида қандай гумондасиз”, деб, Аллоҳ таолонинг кўмаги муқаррарлигини билдириб, қалбларини хотиржам қилганлар.

Бир куни кечаси Мадина аҳолисининг тинчи қаттиқ бир товушдан бузилди. Саросимага тушган инсонлар товуш келган томон биргалашиб бораётган эди, бўйинларига қилич осиб олган ҳолда Абу Толҳанинг эгарланмаган отида ўша тарафдан келаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуч келишди. У зот уларга қарата: “Қўрқманглар, ҳаммаси яхши экан”, дедилар.

Мана шу ҳолатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасидаги саросиманинг олдини олдилар. Қалбларга инган қўрқувни кетказиш учун биринчи бўлиб ўзлари воқеани ўрганиб, инсонларга тасалли бердилар. Сарвари коинот мана шундай эдилар, одамларга хушхабар бериб, кўнгилларга шодлик улашардилар.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига: “Хушхабар беринглар, бездирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, деб олтин кўрсатмани берганлар ва Ўзлари ҳам доимо айтганларига амал қилганлар.

Азиз юртдошлар, кайфиятимизни кўтариб, бир-биримизга елкадош бўлайлик! Қўлимиздан келган барча эҳтиёт чораларини кўриб, қолганини Аллоҳ таолога таваккал қилайлик, ҳар хил васваса ёки ёмон гумонларнинг қурбонига айланмайлик! Бирлашайлик, ҳукумат томонидан қандай тавсиялар берилаётган бўлса, астойдил амал қилайлик. Шунда Аллоҳ таолонинг изни ила бу иллатнинг тарқалмаслигига ҳисса қўшган бўламиз ва унинг устидан ғолибликни қўлга киритамиз.

Барчага хушхабар! Коронавирус тез кунда даф бўлади!

Давоми бор…

Интернет манбалари асосида Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ тайёрлади

[carousel-horizontal-posts-content-slider]