Бугун инсоният бошига яқин тарихда кузатилмаган катта бир синов келди. Бу ҳақда ҳаммамиз билиб, ҳатто, сўнгги ҳолатларни ҳам кузатиб боряпмиз. Кўпчилик, турли фикр мулоҳазаларини ҳам билдиряпти. Баъзилар бу балони келишига сабабларни, сабабчиларни ҳам кўрсатяпти. Ҳатто, баъзилар кимларнидир, нималарнидир айбдор санаб, ўзини халоскор қилиб кўрсатишга ҳам уриняпти. Ҳозир айбдорни қидирадиган пайт эмас, ҳамма ёлвориб-ёлвориб Парвардигори оламга йиғлайдиган пайт!
Аллоҳдан қўрқиб, гуноҳларимизга пушаймон бўлайлик!
Аллоҳдан бошқа, ҳатто, ўзларимиз ҳам билмайдиган гуноҳларимиз бор, шулар учун ҳам йиғлайлик! Аллоҳ ва ўзимиз биладиган, Роббимиз ўзгалардан яшириб қўйган гуноҳларимиз бор, шуларга пушаймон бўлиб йиғлайлик!
Аллоҳ — тавба қилишга, надомат, кўз ёш тўкишга, ўзимизни ўнглашга яна бир фурсат бергани учун ҳам йиғлайлик!
Йиғлай олаётган бўлсангиз ҳали қалбингиз тирик экан, Алҳамдулиллаҳ. Кўз ёшлар қалбдаги гуноҳ сабаб ҳосил бўлган ғуборларни ювади, иймонни сайқаллайди.
Йиғлай олмаётган бўлсак, минг афсус, қалбимиз мухрланиб тош қотибди. Яратгандан қалбимизни очишини, тош қотган қалбимизни илоҳий ҳикмати билан эритишини сўраб йиғлайлик! Аллоҳ жасадимизда ато этган, тана аъзоларини энг латифига, гуноҳлар сабаб қотириб, тош қалб билан Яратган ҳузурига боришдан кўра аянчли кун бўлмаса керак. Шу куйга тушиб қолмаслик учун ҳам йиғланг! Ҳикматлардан кўп кулиш қалбни ўлдиришини эшита туриб ҳам, ҳеч ўлмайдиган одамдек кулдик, ҳеч мусибат етмайдиган одамдек кулдик, жаннатилигига башорат берилган одамдек кулдик, бугун йиғлашни ёмонлик рамзи деб ўйлаган ҳомтама фикларимиз бизни алдаб қўяётганини тушунайлик, шунинг учун ҳам йиғланг!
Ҳаммамиз бир ҳаёт кемасида кетаётган йўловчилармиз шодлик ҳам, қайғу ҳам умумбашарий.
Биз ўзимизда айб йўқ деган фикрда бўлсакда, ақалли шу айбдорларга Аллоҳ ризоси учун нега ҳақни етказа олмадик деб йиғлайлик!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир яҳудий аёлнинг тобутини олиб ўтиб кетаётганда у киши шафқатлари ғолиб келиб йиғладиларку. Биз ҳам йиғлайлик!
Биз кўпчилигимиз фақат айби, гуноҳи бор одамгина йиғлайди деган нотўғри фикрдамиз. Ҳақиқатан шундай бўлганда инсонларнинг энг яхшиси бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлармидилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни тунда жойнамоз устида жуда кўп йиғладилар, кўз ёшидан, ҳатто, соқоллари жиққа ҳўл бўлди. Буни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо Онамиз: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло сизни жамики гуноҳларингизни кечирган бўлса, нега бунчалар кўп йиғлайсиз», – дедилар. Бунга жавобан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, Аллоҳга шунинг учун ҳам шукр қилувчи банда бўлмайинми», – деб йиғладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, биз киммизки, йиғламасликка баҳона қидирсак. Ундан кўра ҳаётимиздаги, дод солиб йиғлашликка арзигулик минглаб хато ишларни эслаб йиғлайлик!
Йиғи балони кетказиб, Аллоҳнинг раҳматига мушарраф қилади. Дўзахдан парда бўлади. Жаннатга кўприк бўлади. Ўзлигимизни англатиб, ризолигига мушарраф қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кўз ёш бир инсонда жам бўлмайди, ким бу дунёда Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, охиратда инсонлар жаҳаннам оташини кўриб йиғлаганда у йиғламайди», – дедилар. Охиратда йиғламаслик учун ҳам бугун йиғлайлик! Бизнинг сармоямиздаги энг кўп ва бугун бизга энг зарури нарса кўз ёши. Йиғлаб-йиғлаб Яратгандан Раҳматини сўрайлик!
Йиғлаб-йиғлаб балолардан Паноҳини тилайлик!
Дунё имтихонларидан, иймон саломатлигини сўрайлик!
Юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўрайлик!
Ўзимиз йиғлолмасак, ёки чин қалбдан сўролмасак, унда қанчадан-қанча турли машаққатлар ичида, танг ахволда қолиб, кеча-ю кундуз йиғлаётган, йиғи ичра юрт қатори, халқ қатори ўзларини ҳаққига дуолар қилаётган инсонлар бор. Ақалли қўлимиздан келган ёрдамни бериб шуларни дуоларини олайлик!
Дуоси ижобат бўладиган, тунлари ибодатда юзларини кўз ёшлари ювадиган қанча пок қалбли инсонлар, кекса ота-оналар бор, шуларни дуоларини олайлик!
Бирники минга деганларидек, яхши дуолар, надомат кўз ёшлар бўлар экан, Иншааллоҳ юрт, эл қатори бизлар ҳам, тез кунларда яхшиликларга мушарраф бўламиз!
Миршавкат Музаффар

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги