Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Деҳқончилик – юксак даражали касбдир

Деҳқончилик – юксак даражали касбдир

Юртимизда деҳқончилик азалий касб-кор ҳисобланади. Туманимиз эса, жаннатмонанд юртнинг бир бўлаги сифатида деҳқончилик ишларида кўплаб ютуқларга эришиб келяпти. Айни кунларда туманимизда деҳқончилик, боғдорчилик ишлари авжида. Ерга чигит уруғи қадалиб, кузда юқори ҳосил олиш илинжида бободеҳқонларимиз туну-кун тиним билмай, самарали меҳнат қилмоқдалар.

Бугун биз уларнинг олиб бораётган фидокорона меҳнатларига Аллоҳ таолодан қут-барака сўраб дуолар қиламиз. Зеро, бободеҳқоннинг меҳнатини Аллоҳ таоло ҳам улуғлайди.

Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда боғлар ва далаларнинг ҳосили Ўзининг изни ва иродаси билан етилишини баён этган.

Жумладан, «Ёсин» сурасининг33-35-оятларида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«У(халқларга) Аллоҳнинг бирлиги ва борлигига(ҳеч ўсимлик ўсмаган) ўлик ер далилдир. Биз уни (ёмғир билан) тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар», «Ва унда хурмо ва узум боғларини яратдик ҳамда ичидан булоқларни оқизиб қўйдик», «Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукур қилмайдиларми?!»

Аллоҳ таоло барча нарсаларни инсоннинг яхши яшаши учун яратиб қўйди. Жумладан, озиқ-овқатимизни, кийим-бошимизни ҳам. Бу яратишда инсонларнинг ўзларини ҳам ҳалол касб қилишга жалб этди. Ана шундай фазилатли касбнинг номи деҳқончиликдир. Бободеҳқон қишин-ёзин Аллоҳ яратиб қўйган ер, сув, ўсимликлар билан тиллашиб, юқори ҳосил олишга бор меҳрини беради. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади.

Деҳқон одам уруғ экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлади. Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан.

Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ерда экин-текин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз», деганлар. Саҳиҳайнда ривоят қилинган ҳадисда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан унга садақа қилганлик савоби бўлади», деганлар.

Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари – фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

«Албатта, фаришталар, экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади», деганлар.

Динимизда деҳқонни, кўчат экувчини даражаси юксакларга кўтарилган. Дунё ва охиратда улуғ даражалар ваъда қилинган.

Язид ибн Ҳорундан ривоят қилинади, у киши айтадилар: Абу Абдуллоҳ шундай деганларини эшитдим:

«Бундан кўра юксак даража бўлиши мумкинми? Деҳқонлар, кўчат, экин экувчилар барча халойиқнинг хазинаси бўлсалар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг яқин бандалар қаторида бўлсалар, уларни деҳқонлар деб эмас, эй баракали зотлар деб қиёмат куни чақирилсалар, бундан юксак даража бўлиши мумкинми?»

Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто, қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса кўчатни экиб қолишга буюрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол кўчат бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деганлар.

Юқоридаги оят ва ҳадислар Аллоҳ таоло наздида деҳқончилик касбининг нақадар улуғ ва юксак касб-кор эканлигига далолат қилади. Юртимиздаги ҳар бир хонадон, оила соҳиблари ўз томорқаларидаги ерлардан оқилона фойдаланиб, деҳқончилик экинлари ва боғдорчилик дарахтлари экиб, парвариш қилишлиги Яратган Зотга бўлган шукроналик белгисидир. Динимизда бўш ётган ерлардан унумли фойдаланмаган ер учун ҳам, фойдаланган ер ҳисобида ушур(солиқ) олиниши белгиланган. Аллоҳ таоло ер бериб қўйсаю, ундан фойдаланмаслик эса ерни исроф, увол қилишдек гуноҳ ишлардан саналишини унутмайлик. Бор имкониятлардан фойдаланиб, ерларни бўш қолдирмайлик ва экин ва дарахтлар экиб, самарали фойда-ланайлик.

Юртимиз, жумладан туманимиз деҳқонларининг хайрли ишларида қут-барака ато қилишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Манбалар Оққўрғон тумани бош имом хатиби

Одил Анваров тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]